Дафндан кейинги ишлар (3)

0

182 – Қабрдан чиққан тупроққа яна тупроқ қўшиш

Қабрдан ковлаб олинган тупроққа яна қўшимча тупроқ қўшиш мустаҳаб эмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар[1]. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтарганлар. Қолаверса, «қабр ердан ортиқча кўтарилиб, дўппайиб кетмаслиги керак»[2]. Шунингдек, «қабрга қўшимча тупроқ тўкиш қабр устига бино қуриш бўлиб қолади»[3]. «Бундай қилишдан қайтарилган»[4].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга ўтиришдан, уларни сувашдан ёки устига бино қуришдан қайтарганларини эшитдим»[5].

Бир ривоятда: «Қабр устига тупроқ қўшишдан», ҳам дейилган[6].

Аввалроқ баён этилганидек, қабр бир қарич миқдордан баланд кўтарилмайди[7].

Абу Довуд айтади: «Имом Аҳмаддан эшитдим: “Қабрга яна қўшимча тупроқ ташланмайди. Қабр ер билан баробар бўлиб, қабр экани билинмай қолиши бундан мустасно”. Гўё у киши бу гапи билан мазкур ҳолатда қабрга ортиқча тупроқ ташлашга рухсат берди»[8].

Косоний деди: «Қабрдан чиққан тупроққа яна тупроқ қўшиш макруҳдир. Чунки қабрга тупроқ қўшиш қабр устига бино қуриш бўлиб қолади»[9].

Ибн Қосим айтади: «Абу Ҳанифа ва Шофеийнинг фикрига кўра, қабрга эҳтиёждан ташқари қўшимча тупроқ ташлаш макруҳ саналади. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр устига бино қуриш ёки унга қўшимча қилишдан қайтардилар”. Насоий ва Абу Довуд ривояти[10].

Чунки одатга кўра, қабрни бир қарич миқдорда кўтаришга етадиган тупроққа кифояланиш афзал саналади, ундан ортиқчаси кераксиз ҳисобланади»[11].

Муаллимий айтади: «Агар чуқурдан ковлаб олинган тупроқ қабрни ер билан баробар қилишга етмаса ва қабр сатҳи чуқур бўлиб қолса, уни ер билан баробар қилишга етадиган даражада қўшимча тупроқ ташлаш вожиб бўлади. Зеро, қабрни тупроқ билан тўлмаган ҳолатда қолдириш дафн қоидасига хилофдир. Ундай қилиш жоиз эмас»[12].

183 – Қабрни узайтириш

Қабрни ташқаридан узайтириш суннатга ва саҳобаларнинг амалига тескаридир. Гоҳида қабрнинг узун бўлиши маййитнинг кароматидан деб ўйлаб қолиниши, натижада қабрда ётган маййит ҳақида ножўя эътиқодга бориш учун эшик очиши мумкин.

Қолаверса, қабрни узайтириш ён-атрофдаги қабрларга торлик келтириб чиқаради. Амр ибн Шураҳбил раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабримни узун қилманглар. Чунки уни муҳожирлар ёқтирмас эдилар»[13].

Маҳмуд Хаттоб деди: «Қабр маййитнинг жасади ўлчамидан ортиқча узун ҳам, кенг ҳам қилинмайди»[14].

184 – Қабрга шағал ташлаш ва сув сепиш

Ковлаб олинган тупроқ ўрага қайтарилиб, қабр усти ёпилганидан кейин «тупроқни ушлаб туриши учун»[15] қабр устига шағал (майда тошлар) ташлаш мустаҳабдир. Фақат қабр баландлиги шариат рухсат берган миқдордан ошиб кетмаслиги шарт қилинади[16].

Бу шофеийларнинг сўзидир[17]. Ҳанбалийлардан ҳам шундай ривоят келган[18].

Жумҳур уламолар маййит кўмилиб, устига тупроқ тортилганидан сўнг қабр юзасига сув сепиш мустаҳаб деб фикр билдирганлар[19]. Чунки саҳобалар разияллоҳу анҳум Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларига шундай қилганлар.

Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари устига сув сепилди, устига сойнинг қизил тошчаларидан қўйилди ва қабрлари ердан бир қарич миқдорида кўтарилди»[20].

Бир ривоятда: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида қабр устига сув сепиш бор эди», дейилган[21].

Маййитнинг қабрини совутади деган эътиқодда қабр устига муздек сув сепиш бидъат ҳамда асоссиз эътиқоддир. «Бу иш маййитга ҳеч бир фойда бермайди»[22].

Яна бидъатлардан: «Қабрда ётган маййитнинг ўзига ёки қабрига атиргул суви сепиш. Бу иш макруҳ бидъатлардандир»[23].

Ибн ал-Ҳож айтади: «Ажабо, атиргул сувини олиб келадиларда, сўнг уни қабрда ётган маййит устидан қуядилар. Бу ҳам бир бидъатдир. Шариат маййит ювилганидан сўнг унга хушбўйлик ишлатишга буюрди, қабрда ётганида эмас»[24].

Яна бидъатлардан: «Қабрга бош тарафидан сув қуйишни бошлаб, шу зайлда қабрни айланиб чиқиш, ортиб қолганини қабр ўртасига қуйиш»[25]. Лаънати рофизий-шиалар шундай қилишади.

Яна бидъатлардан: Ён-атрофдаги қабрларга ҳам сув сепиш ва қабрни ҳар зиёрат қилганда сув сепиш. Қабрга дафндан сўнг тўғридан-тўғри сув сепишгина суннатдир.

[1] Қаранг: «Ал-муғний», 3/435; «Аз-захира», 2/479; «Муғний ал-муҳтож», 2/39.

[2] Рофеий. «Аш-шарҳ ал-кабир», 2/451.

[3] «Бадоиъ ас-саноиъ», 2/363.

[4] Миср диёри собиқ муфтийси Шайх Абдулмажид Салим фатвоси, 604-рақам, 82-жилд, 17-бет, 14.1.1347 ҳ.й. «Ал-фатово ал-исломийя мин дор ал-ифто ал-мисрийя»дан (4/1250) кўчирилди.

[5] Имом Аҳмад (14147) ва Абу Довуд (3225) ривояти.

[6] Абу Довуд (3226) ва Насоий (2029) ривояти. Нававий «Ал-хулоса»да (3669-ҳадис) саҳиҳ деган.

[7] Қаранг: 181 – масала: Қабрни ердан бир қарич миқдорда кўтариш.

[8] «Масоил ал-Имом Аҳмад» (Абу Довуд ривояти), 224-бет, 1060-масала.

[9] «Бадоиъ ас-саноиъ», 1/320.

[10] Ҳадис тахрижи масала бошида ўтди.

[11] «Ҳошият ар-равз ал-мурбиъ», 3/126.

[12] «Иморат ал-қубур», 194-бет.

[13] Абдураззоқ «Мусаннаф»да (3/503, 6486) ва Ибн Саъд «Табақот»да (8/228) ривоят қилган. Ҳадис матни Ибн Саъдга оид.

Шайх Албоний «Таҳзир ас-сожид мин иттихоз ал-қубур масожид» китобида (131-бет) ҳадисни саҳиҳ деган. «Мактабат ал-маориф» нашри, биринчи нашр, 1422 ҳ.й.

[14] «Ад-дин ал-холис», 8/8.

[15] «Найл ал-маориб», 1/231.

[16] Қаранг: «Иморат ал-қубур», 139-бет.

[17] Қаранг: «Мухтасар ал-Музаний», 56-бет; Рофеий. «Аш-шарҳ ал-кабир», 2/452.

[18] Қаранг: «Ал-фуруъ», 3/379-380; «Шарҳ мунтаҳо ал-иродот», 2/141.

[19] Қаранг: «Ал-ҳовий ал-кабир», 3/25; «Далил ат-толиб ли-найл ал-матолиб», 82-бет. Муаллиф: Маръий ибн Юсуф ал-Кармий (вафоти: 1033 ҳ.). «Ал-мактаба ал-файсалийя» нашри, биринчи нашр, 1410 ҳ.й; «Ҳошият Ибн Обидин», 3/169.

[20] Ҳадис тахрижи 181-масалада берилди.

[21] Байҳақий «Ас-сунан ал-кубро»да (3/576, 6739-ҳадис) ривоят қилган. Нававий «Ал-хулоса»да (2/1024, 3660-рақам): «Ҳадис саҳиҳ санад билан мурсал кўринишда ривоят қилинган», деган.

[22] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳу Саҳиҳи Бухорий», 4/583.

[23] Ибн Наҳҳос (ҳижрий 814 йил насронийлар тарафидан ўлдирилган). «Танбеҳ ал-ғофилин ан аъмол ал-жоҳилин», 326-бет. Муҳаққиқ: Ҳайсам Туаймий. «Муассасат Сулаймон ар-Рожиҳий» нашри, 1424 ҳ.й.

Шунингдек, қаранг: «Ал-мажмуъ», 5/189; «Аҳком ал-жаноиз», 317-бет, 88-рақам.

[24] «Ал-мадхал», 2/222.

[25] Қаранг: «Аҳком ал-жаноиз ва бидауҳа», 319-бет, 103-рақам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг