Фарзанд тарбиясидаги хатолар (16): Болаларни очкўз, очофат ва баднафс қилиб етиштириш йўллари

0

Фарзандингизнинг ёнида еган тансиқ таомларингиздан, торт ва ширинликларингиздан гапиринг. Энг ширин ва хурсандчилик кунларингиз зиёфат дастурхонларида ўтганини, соғлом бўлиб яшаш учун яхши овқатланиш кераклигини айтинг. Болаларингизга қанча кўп есалар, шунча тез катта бўлишларини айтинг. Овқат масаласига ҳаддан ташқари кўп эътибор беринг. Болаларингизга кўп чой-чақа пули бериб дўконга жўнатинг ва бир нарсалар олиб ейишларини тавсия қилинг. Жони сиқилганда бир нарсалар ейишларини айтинг. Попкаларига ва чўнтакларига қуруқ мевалардан тўлдиринг. “Е ўғлим, е қизим! Жон томоқдан келади”, деб уларни кўп ейишга ўргатинг.

Кичик Баҳром қачон ичи сиқилса бир нарсалар егиси келарди. Онаси ҳам ҳар истагини бажо қилар, овқат масаласида сўзини икки қилмасди. Отаси бу ҳолатга жуда хафа бўлар ва хотинини огоҳлантирар эди: “Ундай қилма онаси, болани майда-чуйда нарсаларга, ширинликларга ўргатма, овқат ейишга иштаҳаси қолмайди”. Хотин дарҳол болани ҳимоя қилар ва эрини айбларди: “Сиз қандай қурумсоқ одамсиз?! Боланинг еганини кўролмайсиз. Ўғлимиз хоҳлаганини ея олмаса, биз нима учун елиб-югуриб ишлаб юрибмиз? Биз ёшилигимизда еёлмадик, ҳеч бўлмаса ўғлимиз маҳрум бўлмасин”.

Тарафи олинган Баҳром ҳали овқат маҳали бўлмасдан бурун ошхонага кирар ва кўнгли тусаган нарсалардан ер эди. Уйга меҳмон келадиган кун бола байрам қиларди. Пишириқлар, ширинликлар, бўғирсоғу пироглар меҳмоннинг олдига қўйилишидан олдин Баҳромнинг қорнига кирарди. Камига меҳмон болалар билан ҳам насибасини ерди.

Баҳромнинг вазни ортган сайин онаси хурсанд бўлар: “Дўмбоғим”, деб бошини силарди. Мактабга боришни бошлаган дамлар тенгдошларидан икки баробар вазни кўп эди. Онаси попкасини китоб-дафтардан кўпроқ печене ва бўғирсоқ билан тўлдирар: “Буларни очқаганингда ейсан”, дер ва орқасидан қўшимча қиларди: “Ҳеч кимга бермагин тағин, ҳаммасини ўзинг егин!”

Бир куни онаси меҳмонлар учун торт ва бўғирсоқлар пиширган, ҳар доимгидек биринчи Баҳром уларнинг таъмини тортганди. Кўп еб қўйган бўлиши керакки, қорни бураб оғрий бошлади. Кўп ўтмасдан ҳамма еганини қайт қилди. Бутун вужуди ҳароратдан титрарди. Онаси телефонга югуриб, докторни чақирди. “Тез келинг доктор, ўғлим заҳарланди!” деди ва йиғлай бошлади. Уйга келган доктор болани яхшилаб текшириб кўргач, “Қўрқиладиган жиддий ҳолат йўқ, болангизнинг ошқозони бузилибди, холос. Ёшига нисбатан вазни анча оғир. Бу кетишда соғлигига путур етиши мумкин. Сизга маслаҳатим, овқат маҳалларидан бошқа пайтлар бирон нарса едирманг. Сиз билан бирга дастурхонга ўтиришга ўргансин ва эҳтиёжидан ортиқча тановул қилмасин”.

Ўша кунгача боладаги ортиқча вазнни соғломлик аломати деб билган нодон она доктордан эшитганларига ҳайрон қолди. Агар бу гапларни доктордан бошқаси айтганда ишонмасди. Чунончи, бир пайтлар эрининг гапларига ишонмай, уни қурумсоқликда айблаган эди. Доктор боланинг соғлиги учун ортиқча вазндан қутулиши кераклигини айтиб, тўқ ҳис қилдирадиган дори ёзиб берди.

Баҳром қорин оғриғи тарқагач, кўзларини очар-очмас оч қолганини айтиб, ейишга бир нарсалар беринглар, деди. Онаси овқат маҳали келгунича сабр қилишини айтганда қулоқларига ишонмади. Чунки биринчи марта онасидан бундай гапни эшитаётган эди. “Сизга очқадим, деяпман, зудлик билан менга ейишга бир нарсалар олиб келинг!” деб бақирди.

Ортиқ бўлари бўлган, кичик Баҳром аллақачон очофат, еб-тўймас бўлганди. Уни овқат маҳалларига ўргатиш имконсиз эди. Онаси меҳмонлар учун олинган конфет ва шоколадларни ундан яширар, ошхонада нондан бошқа нарса қолдирмасликка ҳаракат қиларди. Баҳром бир нарсалар егиси келиб тополмаган вақтда ўзини тутолмас, ерга ётиб думалар, хоҳлаганини қўлга киритгунига қадар ер тепиб, овози борича бақирар эди. Онаси унинг бу қилиғига жаҳли чиқар, “Сенга ўхшаган ёмон бола кўрмадим. Қўшни болаларнинг бирор марта оналарини хафа қилганини кўрганмисан?” дерди.

Айбнинг болада эмас, ўзида эканини, нотўғри тарбия бериб уни шу ҳолатга келтирганини умуман ўйламасди…

***

Тўлқин деган болалиги фақирлик билан ўтган бир қўшнимиз бор эди. Отаси уни ўқита олмагани учун маҳалладаги новвойга шогирдликка берганди. Тўлқин маҳалладаги уйларга нон ташиш билан ишни бошлаганди. Йиллар ўтиб, уста новвой даражасигача кўтарилди. Уста новвой бу меҳнаткаш йигитга қизини бериб, ўзига куёв қилди. Тўлқин уйланар экан фарзандларига ҳеч қачон йўқсиллик нималигини кўрсатмайман, деб ўзига ўзи ваъда берди.

У ваъдасини унутмади. Ҳар оқшом ишдан уйга қайтаркан дўконга кирар, сумкасини турли хил печенелар, шоколадлар ва конфетларга тўлдириб келарди. Бу ҳам етмагандек болаларининг чўнтакларига мўмайгина чой-чақа пули солиб, мактабда кўнгиллари тусаган нарсаларни олиб ейишларини айтарди. Улар ҳам пулларини кўнгиллари тусагандек ишлатар эдилар, етмай қолса, ўртоқларидан қарз олардилар.

Шундай замон келдики, оталари берган харажат пуллари қарзларини тўлашга етмай қолди. Шунда оталарининг ҳамёнидан пул ўғирлай бошладилар. Тўлқин новвой ҳамёнидаги пулларнинг камаётганини билиб қолди. Буни ҳеч тушунолмаган яхши ниятли ота қайнотасига ҳолатни айтиб, маслаҳат сўради. “Ҳамма нарсаларини беками-кўст қилиб қўйишимга қарамай чўнтагимдан пул ўғирлашганларини умуман тушунолмаяпман”, деди. Новвойхона соҳиби бўлган қайнота кўпни кўрган, тажрибали киши эди. “Фарзанд тарбияси осон ишмас куёв”, деди. “Фақат едириб-ичиришнинг ўзи етмайди, тартиб-интизом ҳам лозим. Ҳамма истакларини бажо келтириб, харажатларига кўп пул бериб, уларни эркалатиб юборгансан. Ҳамма истаклари бажо келтирилган болалар бевафо, очкўз ва тўймайдиган бўлади. Эга бўлган имкониятларининг қадр-қийматини билмайдилар. Уларни янгидан тартиб-интизомга ўргатишинг осон бўлмайди. Бунинг учун болалар руҳшуносидан ёрдам олишинг керак”, деди. Тўлқин новвой ақлли киши эди. Қайнотасининг маслаҳатини олиб, болалар руҳшуноси билан кўришди. Унинг тавсияларини сабр билан амалга оширди. Қатъиятли меҳнати ўз мевасини бера бошлади. Болалар овқатланиш соатларига риоя қилар, овқатланиш маҳаллари орасида майда-чуйдалар ва ширинликлар билан қорниларини тўйдирмайдиган бўлишди…

Изоҳ қолдиринг