Эй иймон келтирганлар (67): Аллоҳ динга ёрдам берган кишиларга нусрат бериши ва кофирларнинг амаллари зое бўлиши

0

Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг динига ёрдам берсангиз, Аллоҳ сизларга ёрдам беради ва қадамларингизни собит қилади. Кофирларга эса ҳалокат бўлгай. Аллоҳ уларнинг барча амаллари савобини кетказди. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ туширган китобни ёмон кўришганидир. Аллоҳ уларнинг амалларини бекор қилди” (Муҳаммад, 7-9).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо мўминларга қаратилган бўлиб, улар Аллоҳни шериксиз ёлғиз ҳақ илоҳ, Исломни Аллоҳ ҳузурида ягона мақбул дин, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламни у зотдан кейин пайғамбар келмайдиган охирги пайғамбар ва то қиёматга қадар бутун инсониятга юборилган элчи деб иймон келтирганлари учун шундай буюк илтифотга лойиқ бўлдилар. Мўминларга нидо қилишининг сабаби, Аллоҳ таоло уларни иймон, Ислом, эҳсон, одоб-ахлоқ, илм-маърифатда юқори даражага эришиб, жисмоний ва руҳий бахт-саодат топишлари учун яхшиликларга буюради, ёмонликлардан қайтаради. Итоат этсалар жаннат хушхабарини беради, осийлик қилсалар дўзах билан қўрқитади. Аллоҳ Ўзига иймон келтирган мўминларни асло уларни бахтсиз қиладиган ишларга буюрмайди. Аллоҳ бундан пок, чунки У мўминларнинг Рабби ва дўстидир. Уларга меҳрибон ва раҳимлидир.

Аллоҳ таоло бу нидода ҳам мўмиларга хабар бермоқдаки, улар Аллоҳнинг динига, Расулига ва тақводор мўмин бандаларига ёрдам берсалар, Аллоҳ уларга ёрдам беради. Аллоҳнинг ва мўминларнинг душмани бўлган кофирларга ҳамда Аллоҳнинг бирлиги, Пайғамбари, Китоби, шариати, қиёмат куни, жаннат ва дўзахни инкор қилувчи кимсаларга қарши  мўминларга нусрат ато этади. Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳнинг динига ёрдам берсангиз, Аллоҳ сизларга ёрдам беради ва қадамларингизни собит қилади”, яъни кофир ва мушрик кимсаларга қарши ҳар бир жангда сизга ёрдам бериб, сизни собитқадам қилиб қўяди. Кофиру мушриклар тили ва дили билан Исломни қабул қилмагунича уларга қарши жанг қилиш мўминлар устидаги фарздир. Аллоҳ таоло деди: “Эй мўминлар, то мусулмонларни динларидан фитналаш тугаб битмагунича тажовузкор мушриклар билан урушишда давом этинг” (Бақара, 193). Фитна – ширкдир, яъни ширк йўқолмагунича ёки ширкка чақирувчи кимсалар битиб, дин ёлғиз Аллоҳ учун холис бўлгунича урушинг.

Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида ҳам хабар берган. Аллоҳга, Унинг Пайғамбари ва китоби Қуръонга, қиёмат кунига, ваъда ва таҳдидларига, ибодатни ёлғиз Аллоҳга қилиш кераклигига иймон келтирмаган кофир ва мушрикларга ҳалокат бўлишини, улар ҳайвонлардан баттар тубан ҳаётга тушиб кетишини, икки дунёда ҳам зиёнда қолишини хабар берган.

Дунёдаги зиёнлари руҳий комилликдан маҳрум бўлишларидир. Бу маҳрумлик уларнинг одоб-ахлоқсизлиги, нопоклиги ва бехаловатлигида намоён бўлади. Чунки улар куфр зулматига ботиб кетгандирлар. Жисмоний саодатдан маҳрумликлари ҳам дунёдаги зиёнларидандир. Кофирликлари сабаб Аллоҳнинг дўстлигидан мосуво бўлганлари учун уларга доимий хавф-хатар, бахтсизлик ва ҳалокат бўлгай.

Охиратдаги зиёнлари – улар жонлари чиққандан бошлаб, ҳеч тугамайдиган руҳий азобда қоладилар. Қиёмат қоим бўлгач жаҳаннамга тўп-тўп қилиб хайдаладилар ва устларига маломат, койишлар билан шундай азоб қуйиладики, бу билан ҳаёт таъмини билмай қоладилар. Кофирлар дўзахда абадий қоладилар, ўлиб ўлолмайдилар, яшаб роҳат топмайдилар. Устига устак руҳий азобга жисмоний, баданга бўладиган азоб қўшилади. Кофирлар бошларидан ўта қайноқ сув қуйилади, бу сув уларнинг бошларини тешиб кириб, ички аъзоларини эритиб, парчалаб ташлайди, териларини ҳам куйдиради. Уларни темир гурзилар билан урилади. Очлик ичак-човоқларини титиб, тилка-пора қилиб ташлайди. Шунда уларга таом ўрнида заққум ва тикан берилади. Ташналикдан силлалари қуриса, қайноқ сув берилади. Қайноқ сув уларнинг ичак-чавоқларини титиб ташлайди. Ёлғизлик ваҳшатида қоладилар, чунки жаҳаннамда ота-она, хотин, бола-чақа ва дўст-ёр деган гап йўқ. Ёлғизлик, ғурбат, қаттиқ азоб бор. Аллоҳ таоло деди: “Ҳақиқий зиён кўрувчилар қиёмат куни ўзларига ва аҳли оилаларига  зиён келтирганлардир. Бу эса дунёда уларни йўлдан оздиришлари ва иймондан адаштиришлари туфайли бўлган. Билингларки, ўша мушриклар қиёмат куни ўзларини ва аҳли оилаларини бой беришлари очиқ-ойдин зиёндир” (Зумар, 15). Булар Аллоҳ таолонинг: “Кофирларга эса ҳалокат бўлсин” деган сўзларига далолат қилувчи айрим сўзлар эди.

Аллоҳ уларнинг барча амаллари савобини кетказди”. Бу сўзлар хабар маъносидадир. Яна бунда уларнинг ҳаққига дуоибад маъноси ҳам бор бўлиб, амаллари зое бўлганидан, барча қилган амалларидан бирон фойда ололмайдилар. Чунки айрим кофирларни очни тўйдириш, ташнага сув бериш, яланғочни кийинтириш каби эзгу ишлари ҳам бор эди. “Кофирларга ҳалокат бўлсин” деган сўзларда ҳам хабар, ҳам дуоибад маъноси бор.

Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ туширган китобни ёмон кўришганидир. Аллоҳ уларнинг амалларини бекор қилди”. Бу сўзлар уларнинг ҳалокатга юз тутиб, амаллари беҳуда кетганига ишорадир. Уларга етган бу бадбахтлик ҳамда руҳий ва жисмоний зиён Аллоҳ нозил қилган Қуръонни ёмон кўрганлари сабаблидир. Қуръонни улар тавҳидга буюриб, ширкдан қайтаргани, кофирларни дўзахда абадий қолиш билан огоҳлантириб, мўминларга жаннат билан хушхабар бергани учун ёмон кўрдилар. Аллоҳ Қуръонда нозил қилган ҳукмларни ёмон кўришлари сабабли Аллоҳ уларнинг амалларини бекор қилди, энди ҳеч бир амалларидан фойдалана олмайдилар.  Иззатли, осуда ва бахтли давлат қура олмайдилар, ҳаётда абадий қола олмайдилар. Мана энди охиратда фойдаланиб, саодат топадиган мукофотлари ҳам йўқ. Зиён устига зиён, бахтсизлик устига бахтсизлик. Кофирларнинг жазоси шудир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг