Намоз: Бисмиллоҳни айтиш

0

Бисмиллоҳнинг ҳукми тўғрисидаги бўлим

Бисмиллоҳга тааллуқли бир қанча масалалар бор.

Биринчи масала: бисмиллоҳ Фотиҳа сурасининг бир оятими, йўқми?

Уламолар мазкур масала хусусида турлича фикр билдиришган.

Биринчи фикр: шофеийлар мазҳабига кўра, бисмиллоҳ Фотиҳа сурасининг бир оятидир. Чунки у мусҳафда Фотиҳа сурасидан бир оят сифатида ёзилган. Шунингдек, шофеий мазҳабидаги тўғрироқ фикрга кўра, бисмиллоҳ «Бароат» (Тавба) сурасидан ташқари барча сураларнинг бир ояти ҳисобланади.

Иккинчи фикр: сураларнинг бошидаги бисмиллоҳ Фотиҳа сурасидан ҳам, бошқа суралардан ҳам бир оят саналмайди. Бу фикр Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Довуд Зоҳирийларнинг фикридир.

Учинчи фикр: Имом Аҳмаднинг фикрича, бисмиллоҳ фақат Фотиҳа сурасининг бошидаги бир оят саналади. Бошқа суралар бошидаги бисмиллоҳ оят саналмайди. Шунингдек, Имом Аҳмаддан келган бошқа бир ривоятга кўра, бисмиллоҳ Фотиҳа сурасига кирмайди.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имом Аҳмаднинг шогирдлари ён босадиган фикр шудир. Шунингдек, бу фикр Имом Абу Ҳанифа, Молик ва Авзоийларнинг фикридир»[1].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ иккинчи фикрни тўғрироқ деб билган. Мазкур фикр тарафдорлари Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийни далил қилишган. Ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолодан нақл қилиб бундай дейдилар: «Намозни (яъни Фотиҳа сурасини) Ўзим билан бандам ўртасида тенг иккига бўлдим. Агар банда: «Ҳамд оламлар Рабби Аллоҳга хосдир», деса, Аллоҳ: «Бандам менга ҳамд айтди», дейди. Банда: «Раҳмли ва меҳрибон», деса, Аллоҳ: «Бандам менга сано айтди», дейди. Банда: «Ҳисоб-китоб кунининг подшоҳи», деса, Аллоҳ: «Бандам Мени улуғлади», дейди. Банда: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз», деса, Аллоҳ: «Бу Мен билан бандам ўртасидаги иш (яъни ярми бандамга, ярми эса Менга тегишлидир). Бандамга сўраганини бераман», дейди. Банда: «Бизларни ғазаб қилинганларнинг ҳам, адашганларнинг ҳам йўлига эмас, балки тўғри йўлга – уларга Ўзинг инъом этган бандаларинг йўлига ҳидоят қил», деса, Аллоҳ: «Бу бандамга хос, бандамга сўраганини бераман», дейди»[2]. Ҳадисда «бисмиллоҳ» айтилмади. «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» ояти тақсимотнинг ўртасида келди. Шунга кўра, сурадаги «уларга Ўзинг инъом этган бандаларинг йўлига» деган сўз олтинчи оят, «ғазаб қилинганларнинг ҳам, адашганларнинг ҳам йўлига эмас» деган сўз еттинчи оят ҳисобланади.

Энди Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм», деб қироат қилдилар ва бисмиллоҳни (Фотиҳа сурасидан) бир оят деб ҳисобладилар»[3], деган ҳадисга келсак, ушбу ҳадис саҳиҳ эмас. Чунки ровийларидан бири бўлмиш Ибн Журайж мудаллис (заиф) ровийдир.

Эслатма: Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уммат уламолари ижмо қилишларича, бисмиллоҳни Фотиҳа сурасидан деган ҳам, ундан эмас, деган ҳам кофир бўлмайди. Чунки бу масалада уламолар ихтилоф қилишган. Аммо Қуръондан эканига ижмо қилинган биргина ҳарфни инкор этган ёки бирон олим айтмаган нарсани Қуръондан деган кимса уламолар ижмоси ила кофир бўлади»[4].

Иккинчи масала: Фотиҳа сураси билан бирга бисмиллоҳ ҳам ўқиладими, йўқми?

Уламолар бу борада икки хил фикр билдиришган.

Биринчи фикр: бисмиллоҳ Фотиҳа сурасининг бир ояти, деган уламолар фикрига кўра, намозда бисмиллоҳни қироат қилиш вожибдир.

Иккинчи фикр: бисмиллоҳ Фотиҳа сурасининг бир ояти эмас, деган уламолар фикрига кўра, уни намозда қироат қилиш суннатдир, вожиб эмас. Улар жумладан, бу фикрларини қувватлаш учун Ойша разияллоҳу анҳонинг «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни такбири таҳрима билан, қироатни «Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн» билан бошлар эдилар»[5], деган ҳадисини далил қиладилар.

Учинчи масала: намозда бисмиллоҳ ошкора айтиладими ёки махфийми?

Бу хусусда ҳам уламоларнинг икки хил фикрлари мавжуд.

Биринчи фикр: Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, ошкора ўқиладиган қироатда бисмиллоҳ ҳам ошкора айтилади. Улар ўз фикрларини қувватлаш учун Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилишган. «Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шогирдларига имом бўлиб намоз ўқиди. Намозда у «бисмиллоҳ»ни, сўнг Фотиҳа сурасини қироат қилди. Абу Ҳурайра деди: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен ичингизда намози Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозига энг ўхшаш бўлганингизман»[6].

Иккинчи фикр: бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, намозда бисмиллоҳ махфий айтилади. Улар Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қиладилар. Анас разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг орқаларида намоз ўқидим. Барчалари «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм»ни ошкора айтмас эдилар»[7].

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гоҳида намозда «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм»ни ошкора айтар, лекин уни ошкора айтгандан кўра кўпроқ махфий айтар эдилар. Шубҳасиз, у зот бисмиллоҳни беш маҳал намозларда доимо – кечаю кундуз, сафарда ҳам, муқимликда ҳам ошкора айтмаганлар. (Агар уни овоз чиқариб айтганларида) бу хулафои рошидинлар, бошқа аксар саҳобалар ва фазилатли асрларда у зот билан бирга яшаган шаҳар аҳлига махфий бўлмас эди»[8].

[1] «Ал-муғний», 1/480.
[2] Муслим (395), Абу Довуд (821), Термизий (2953), Насоий (2/135) ривояти.
[3] Абу Довуд (4001), Термизий (2928) ривояти. Имом Аҳмад (6/288) юқоридаги ҳадис мазмунини қувватлайдиган ҳадисни ривоят қилган. Бироқ Имом Аҳмад ривоятида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «бисмиллоҳ»ни қироат қилганлари келмаган. Шунга кўра, Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадиснинг «бисмиллоҳ»га тегишли жойи заифлигича қолаверади.
[4] «Ал-мажмуъ», 3/334.
[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (783), Аҳмад (6/31, 194, 281) ривояти.
[6] Аҳмад (2/497), Насоий (2/135), Ибн Хузайма (499), Ибн Ҳиббон (1797) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Насоий (2/135), Ибн Ҳиббон, Таҳовий (1/202) ривояти. Ушбу ҳадисни Имом Муслим (399) ҳам ривоят қилган, фақат ундаги ривоятда «ошкора айтмас эдилар» деган сўз ўрнига «айтмас эдилар», дейилган.
[8] «Зод ал-маод», 1/206-207-бетлар.

Изоҳ қолдиринг