Биринчи қоида: (5) тарбия машаққатидаги тафовут

0

5-Одамларнинг болалар тарбияси соҳасида бошдан кечирган қийинчиликлари турличадир. Шундай фарзандлар борки, уларни кўрганингизда ўзидан кичик укаларини тарбиялаш борасида ота-онасига ёрдам бериш учун берилган илоҳий инъом эканини ҳис қиласиз. У одобли, доно, итоатгўй, олийжаноб, тиришқоқ…

Айни дамда шундай фарзандлар борки, улар ўн йил ёки йигирма йил давомида оила аъзоларига тинчлик бермайдилар. Шу боис, олдин ишора қилиб ўтганимдек, муттасил фарзандларимизга ҳидоят ва дину-диёнат сўраб Аллоҳга дуо қилишлигимиз ва бундан асло зерикмаслигимиз зарур. Бироқ шу ўринда шуни айтиш керакки, характери оғир ва шўх фарзандларимизни тарбиялаш бизнинг оила ва тарбия маданиятимиз учун “калит” вазифасини бажарсин. Мисол учун, болаларимиздан бирининг қайсарлиги, насиҳат ва йўл-йўриқларга осонликча қулоқ солавермаслигидан қийналадиган бўлсак, у ҳолда бу муаммонинг ечими боладан нолиш ва шикоят қилиш бўлмаслиги керак. Аксинча, агар фарзандлардан бири шизофрения касаллиги ёхуд алоҳида қаровга муҳтож бўладиган бошқа бирон ғаройиб касалга чалинганида бу касалликни даволаш учун ўқиб изланганимиздек, қайсар болалар билан қандай муомала қилиш ҳақида ҳам ўқиб-ўрганиш зарур.

Оғир характерли, ўзига хос фарзандлар билан муомала қилиш биз учун бир синов бўлиб, бу синовдан муваффақиятли ўтиш бизнинг вазифамиздир.

Бир оиланинг дангаса, ўқишни севмайдиган фарзанди бор. Хўш, бу оиланинг бундай фарзандга нисбатан бурчи нима?

Бу оила дангаса болалар билан қандай муомала қилиш тўғрисида мутолаа қилиши ва бу хусусдаги тарбия маданиятини бойитиши ҳамда оила аъзолари унинг мактабга бормасликка уринишига қарши қатъий ва ягона муносабат билдиришлари зарур. Қолаверса, бу борада мутахассислардан маслаҳат сўраш ва таълим олишга қизиқтирувчи барча воситаларни ишга солишлари керак. Шундай қилиб, тарбиявий қийинчилик ва муаммолар бизларни бепарво ва лоқайд ёки ожизлик ва таслим бўлиш позициясида туриш ўрнига, тарбия маданиятимизни бойитиш ва болаларни тарбиялаш, уларга бу борада лозим бўлган йўл-йўриқларни кўрсатиш соҳасида илдам қадам ташлашга бўлган қатъиятимизни янгилаш манбаига айлансин.

Изоҳ қолдиринг