Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Яман аҳлининг сафарбарликка чорланиши

0

Абу Бакр Сиддиқ Яман аҳлига мактуб йўллаб, уларни Аллоҳ йўлидаги жиҳодга чорлади. Мактубида бундай дейилган эди: «Расулуллоҳнинг халифасидан ушбу мактубимни эшитиб турган яманлик мўмин-мусулмонларга! Сизларга салом бўлсин. Шериксиз, ягона Аллоҳга ҳамду санолар айтаман. Аммо баъд. Аллоҳ таоло мўминларга жиҳодни фарз қилди, уларни ҳар қандай ҳолда ҳам жиҳодга буюрди, “Аллоҳ йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қилинг” (Тавба, 41), деди. Жиҳод қилиш фарздир, унинг Аллоҳ ҳузуридаги ажри ғоят улуғдир. Биз ўзимиз тарафдаги мусулмонларни Румга қарши жиҳодга сафарбар этдик. Улар яхшиликка шошилдилар, жиҳод учун йиғилиб келдилар, ниятларини тўғриладилар. Аллоҳнинг бандалари, сизлар ҳам улар шошилган ишга шошилинг, ниятларингизни чиройли қилинг. Сизлар икки яхшиликнинг бирига – ё шаҳидлик, ё эса фатҳ ва ғаниматларга эга бўласиз. Аллоҳ таборака ва таоло бандаларининг қуруқ тилда мусулмон бўлишига рози бўлмайди, уларни амалга буюради. Аллоҳнинг душманларига қарши жиҳод то улар ҳақ динга бўйсунмагунларича ва Қуръоннинг ҳукмига иқрор бўлмагунларича давом этади. Аллоҳ динингизни асрасин, қалбларингизни ҳидоят қилсин, амалларингизни покласин ва сизларга сабр-матонатли мужоҳидларнинг ажру савобини ато этсин”[1].

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу мактубни Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу билан юборди. Мазкур мактубда Абу Бакр Сиддиқнинг мусулмонларни Аллоҳ йўлидаги жиҳодга қандай чорлагани ва ташвиқ этгани кўринади. Уни оммавий сафарбарлик деб тўла айта оламиз.

Сиддиқнинг Яман аҳлига ёзган мактубидан англашиладики, жиҳод икки мақсадни амалга ошириш учун қилинади: бири мусулмонлар ўз мусулмонлигини амалда кўрсатишлари учун, чунки Аллоҳ бандаларининг амалсиз фақат тилда мусулмонмиз дейишларига рози бўлмайди; иккинчиси мусулмон бўлмаганларни ҳақ динга киритиш ва Аллоҳнинг китобига бўйин эгдириш учун. Шу нарса Яман аҳлини Яманнинг ҳар тарафидан жиҳод учун гуррос-гуррос йиғилиб келишларига сабаб бўлди. Тарихий маълумотларга қараганда, улардан бирон киши жиҳодга чиқишга мажбур қилинмаган, балки барча ихтиёрий равишда чиққан. Кўпчилиги хотинлари ва бола-чақаларини ҳам ўзлари билан бирга олган эди. Жиҳод чақириғига ҳеч иккиланмай, иштиёқ ва рағбат билан лаббай деб жавоб қилдилар. Сиддиқнинг мактубини Яман аҳлига етказган ва қабилама-қабила айланиб юриб, барчага ўқиб эшиттирган Анас ибн Молик уларнинг ҳолатларини шундай тасвирлайди: «Мен кимга мактубни ўқиб эшиттирган бўлсам, ҳамма уни чиройли қабул қилди ва ҳозироқ йўлга тушишга ҳозирмиз, дейишди. Ҳатто Ҳимяр ҳукмдори Зулкилоъга мактубни ўқиб эшиттирганимда у отини ва қурол-яроғини чорлатди ва ўша заҳоти қавмини жиҳодга ҳозирлик кўришга амр этди. Ҳеч қанча ўтмай унинг қавмидан ва яманлик бошқа қабилалардан йирик қўшин йиғилди. У уларга хитоб қилиб, бир қанча сўзларни гапирди. Жумладан, бундай деди: “Солиҳ биродарингиз сизларни мушрикларга қарши жиҳод қилишга ва улкан савобга эришишга чорламоқда. Жиҳодга чиқишни истаганлар ҳозироқ мен билан йўлга тушсин”»[2].

Анас ибн Молик ҳижрий 12 йил тахминан 11 ражабда Мадинага қайтиб келди ва Абу Бакрга яманликларнинг келаётгани ҳақида хушхабар етказди. У деди: “Ихтиёрингизга Яманнинг паҳлавонлари, қўрқмас ботирлари ва суворийлари келмоқда. Улар бола-чақа ва мол-мулкларини ҳам ўзлари билан олишган”. Зулкилоъ бошчилигидаги яманликлар тахминан 16 ражабда етиб келдилар. Нафақат Ҳимяр аҳли, балки Яманнинг бошқа жойларидан ҳам ана шундай тезлик билан қўшинлар келди. Масалан, Ҳамадондан Ҳамза ибн Молик бошчилигида икки минг кишилик қўшин етиб келди[3].

Яманликлар Мадинада масжидга, Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига келиб, Қуръонга қулоқ тутишгач, Аллоҳдан қўрқиш сабабли баданлари титради, қалблари эриб, йиғладилар. Уларни кўриб, Абу Бакр ҳам йиғлади ва: “Биз ҳам шундай эдик, кейин дилларимиз қотиб қолди”, деди[4].

Зулкилоъ Ҳимярий Абу Бакр Сиддиқни биринчи марта кўриб турар эди. Абу Бакр озғингина, юзлари ичига ботган мўйсафид эди. Эгнида дағал кийим бўлиб, кўрган одам уни амир ва бошлиқ деб ўйламас эди. Юзидан тақво ва парҳезкорлик нури балқиб турар эди. Зулкилоъ Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига мингта отлиқ аскари билан келган, унинг бошида қимматбаҳо гавҳарлар қадалган тож, эгнида тилла ип билан гавҳар, ёқут ва маржонлар қадалган либос бор эди. Зулкилоъ ва унинг аъёнлари Абу Бакрнинг кийимини, унинг зоҳидлиги, тавозеси ва дунёга меҳр қўймаганини кўриб, бундан қаттиқ таъсирландилар. Эгниларидаги қимматбаҳо либосларини ечиб, Абу Бакрга ўхшаб кийиндилар. Ҳа, Абу Бакр разияллоҳу анҳу ўта оддий кийинар эди. Ҳатто бир куни Мадина бозорида елкасига қўй терисини ёпиниб юрганида уруғдошлари хижолат бўлиб: “Сиз бизни муҳожир ва ансорлар ичида шарманда қиляпсиз”, дейишганида: “Сизлар мени жоҳилиятда ҳам, Исломда ҳам зўравон ва мутакаббир бўлишимни истайсизми?! Йўқ, Аллоҳга қасам, Парвардигорга тоат бу дунёда фақат тавозе ва зоҳидлик билан бўлади”, деган эди[5].

Яманнинг бошқа ҳукмдорлари ҳам Зулкилоъ Ҳимярийнинг йўлини тутиб, қимматбаҳо тошлар қадалган тож ва либосларидан воз кечдилар. Мадина бозоридан оддий ва дағал кийимлар сотиб олдилар. Қимматбаҳо либосларини Сиддиққа топширдилар. Абу Бакр уларни байтулмолга қўйдирди[6].

Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг ҳаётда Исломни энг гўзал суратда ўзида мужассам этган киши эди. Унинг ҳолати, юриш-туришининг ўзиёқ Аллоҳнинг динига даъватдан иборат эди. Зеро, одамларга энг кучли таъсир кўрсатадиган насиҳат қулоқ билан эшитилган эмас, кўз билан кўрилган насиҳат бўлади. Энг яхши насиҳатчи тили билан эмас, амали билан насиҳат қилган инсондир. Яман шоҳлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринбосари ва Арабистон яриморолининг мутлақ ҳукмдори бўлмиш Абу Бакр Сиддиқни бозорларда юришини, дағал ва одми кийимлар кийишини кўргач, билдиларки, дунёда олтин-кумуш, қимматбаҳо дуру ёқутлар ва шоҳона либослардан кўра олийроқ нарсалар бор экан. Улар Абу Бакрдаги бу улуғвор кўринишлардан таъсирландилар ва унга тақлид қилишга шошилдилар. Расулуллоҳнинг дағал кийимдаги халифасига тожлар ва дабдабали либослар билан кўринишга Аллоҳдан ва одамлардан ҳаё қилдилар. Ўзларини ўта ҳақир ва паст кўрдилар. Қуёш чиққанда ғойиб бўлган кичик юлдузлар сингари бир онда нафсларининг кибру ҳавоси сўнди. Аллоҳ Абу Бакрни раҳматига олсин, у тавозе ичра буюк ва буюклик ичра тавозели зот эди[7].

[1] «Таҳзиб тарихи Димашқ» (1/129).
[2] Ибн Асир. «Комил», 2/64.
[3] «Ал-яман фий содрил-Ислам», 302-бет.
[4] «Ас-сиддиқ аввал ал-хулафо», 114-бет; Тантовий. «Абу Бакр», 218-бет.
[5] Масъудий. «Муруж аз-заҳаб», 2/305.
[6] «Ас-сиддиқ аввал ал-хулафо, 137-бет.
[7] Тантовий. «Абу Бакр», 219-бет.

Изоҳ қолдиринг