Фарзанд тарбиясидаги хатолар (17): Болаларни бемеҳр ва ўзига ишонмайдиган қилиб етиштириш йўллари

0

Фарзандларингиздан ҳамма нарсани мукаммал тарзда қилишларини талаб қилинг. Хатога йўл қўйганларида ҳар сафар уларни огоҳлантиринг, қайтиб ўша хатони қилмасликларини, йўқса жазоланишларини айтинг. Ҳамманинг ёнида хатоларини юзлари солиб уялтиринг. Уларни қўшниларнинг ёки қариндошларнинг ақлли, уддабурон болаларига қиёсланг, улардек бўлишларини талаб қилинг.

Кичик Марҳаматга отаси бозордан пластмасса қўғирчоқ олганди. Марҳамат умрида биринчи марта қўғирчоқли бўлиш севинчи билан отасини қучоқлаб,  раҳмат айтди. Қўғирчоғига кўйлак тикишга қарор қилди. Онасидан ортиқча мато парчалари, қайчи, игна ва ип сўради. Онаси уларни нима қилишини сўради. Кичкина Марҳамат: “Қўғирчоғимга кўйлак тикаман”, деди. Онаси масхараомуз бир овозда: “Бор жўна, митти қиз, деди. Бир қарич бўйинг билан кўйлак тикишни сенга ким қўйибди!”

Марҳамат онасининг шаштни пасайтирадиган сўзларидан қаттиқ хафа бўлди. Хонасига кириб, дардини қўғирчоғига айтди: “Жуда хафаман қизалоғим. Онам сенга кўйлак тикишимга рухсат бермади”. Кейин қўғирчоғи билан бир муддат ўйнагандан сўнг ичи сиқилди ва отасининг хонасига борди. Отаси ўша куни шошилиб уйдан чиққани учун хонасини тартибга солишга улгурмаган эди. Марҳамат отасидан битта “баракалла” олиш учун дарҳол ишга тушди. Столнинг устидаги нарсаларни йиғиштириб, тортма ва токчаларга жойлаштирди. Бўйи етмаганда стулнинг устига чиқиш билан қанчалик уддабурон эканини исботлади. Сўнгра ўтириб отасига қуйидаги дастхатни ёзди: “Дадажоним, бугун тўзиган ҳолда қолдирган хонангизни йиғиштирдим. Ҳамма нарсани жой-жойига қўйдим. Бундан буён хонангизни йиғиштиришингизга ҳожат йўқ, котибангиз сифатида бу вазифани мен қиламан. Сизни яхши кўрувчи қизингиз ва кичик котибангиз Марҳамат”.

Марҳамат хатини бир конвертга солиб, отасининг столига қўйди. Оқшом отаси ишдан қайтганда Марҳаматнинг юраги ҳаяжон билан ура бошлади. “Ва ниҳоят хонасига киряпти”, деди ич-ичидан севиниб. Отаси хонасига кирди, столининг устидаги ён дафтарчасини тополмагач, жаҳл билан бақирди: “Ён дафтаримни ким олди?!” Кичик Марҳамат отасининг овозини эшитиб шу қадар қўрқиб кетдики, ён дафтарни қаерга олиб қўйганини унутди. Отасининг хонасига кирди. “Ҳалиги, ҳалиги… дадажон”, деганича ҳаяжонланганидан бошқа нарса деёлмади.

Бола дудуқлангани учун отасининг баттар жаҳли чиқди: “Дарҳол гапир, ён дафтаримни нима қилдинг?” дея бақирди. Марҳаматга қараб юрди ва қулоғидан ушлаб тортди. Жони оғриган Марҳамат йиғлашни бошлади. Ота баланд овозда бақиришда давом этарди: “Сен қайси ҳаддинг билан хонамга кириб, нарсаларимни титкиладинг!”

Ота хонасига қайтганида жаҳли ҳали ҳам босилмаган эди. У ёқ бу ёқни қидириб, ён дафтарини бир папканинг тагидан топди. Қўлида ён дафтари билан хонасидан чиқаркан қўрқувдан бир бурчакда ғужанак бўлиб ўтирган Марҳаматни кўрди. Келиб, тепасида унга тикилиб турди. “Яна бир бор хонамга рухсатсиз кирганингни ва нарсаларимга тегинганингни кўрсам, кечирмайман, аччиғим тушгунича калтаклайман. Мени тушундингми, аҳмоқ қиз?!”

Марҳамат умуман жавоб бермади. Отасига бўлган севги қалбидан учиб кетганди. Отаси ёнидан кетиши билан унинг хонасига кирди. Столни устидаги мактубини конверти билан йиртиб, ахлат қутисига ташлади. Ўша кундан бошлаб отасига севги назари билан қараганини кўрган бўлмади. Ота-онасининг севгисига эришиш учун бирон марта ҳаракат қилмади. Мактаб ўзлаштириши ҳам тобора пасайиб кетди. Ўртоқларининг унга “ялқов қиз” дейишларига хафа бўлмасди. Чунки ялқов қизлари борлиги учун ота-онасининг хафа бўлишлари унга етарли эди…

Изоҳ қолдиринг