Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 228-230 оятлар

0

وَالْمُطَلَّقَاتُ يَتَرَبَّصْنَ بِأَنفُسِهِنَّ ثَلاثَةَ قُرُوءٍ وَلا يَحِلُّ لَهُنَّ أَنْ يَكْتُمْنَ مَا خَلَقَ اللَّهُ فِي أَرْحَامِهِنَّ إِنْ كُنَّ يُؤْمِنَّ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَبُعُولَتُهُنَّ أَحَقُّ بِرَدِّهِنَّ فِي ذَلِكَ إِنْ أَرَادُوا إِصْلاحاً وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ (228)

  1. Талоқ қилинган ҳайз кўрувчи аёллар бачадонлари ҳомиладан бўш эканига ишонч ҳосил қилишлари учун талоқдан сўнг уч поклик ёки уч ҳайз муддатида идда сақлашлари вожиб бўлади. Идда муддати ниҳоясига етмагунича бошқа эрга тегишлари жоиз бўлмайди. Агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсалар, Аллоҳ бачадонларида яратган ҳомила ёки ҳайзни яширишлари ҳалол бўлмайди. Талоқ қилинган аёлларнинг эрлари идда асносида уларни қайтариб олишга ҳақлидирлар. Бу эса ислоҳ ва яхшилик мақсадида бўлмоғи зарур, уларни қийнаш ва идда муддатини чўзиб жазолаш мақсадида бўлмаслиги керак. Аёллар зиммасида мажбуриятлар бўлгани каби уларнинг эрлари устида шариат ва урф доирасида ҳақ-ҳуқуқлари ҳам бор. Эркаклар учун аёлларига чиройли муомала қилиш, оилани гўзал суратда бошқариш ва талоқ ҳаққига эгалик билан хотинлар устида бир даража ортиқлик бордир. Аллоҳ Азиз ­– мутлақ қудрат соҳиби ва Ҳаким – ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўювчи зотдир.

الطَّلاقُ مَرَّتَانِ فَإمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ وَلا يَحِلُّ لَكُمْ أَنْ تَأْخُذُوا مِمَّا آتَيْتُمُوهُنَّ شَيْئاً إِلاَّ أَنْ يَخَافَا أَلاَّ يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلاَّ يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِمَا فِيمَا افْتَدَتْ بِهِ تِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ فَلا تَعْتَدُوهَا وَمَنْ يَتَعَدَّ حُدُودَ اللَّهِ فَأُوْلَئِكَ هُمْ الظَّالِمُونَ (229)

  1. Эр хотинини қайта никоҳ ўқитмай қайтариб олиши мумкин бўлган талоқ бўлиб-бўлиб икки марта берилган талоқдир. Аллоҳнинг бу борадаги ҳукми ҳар бир талоқдан сўнг аёлни ё яхшилик билан қайтариб олиш ё чиройли суратда жавобини беришдир. Қайтариб олганда у билан ҳаётни чиройли давом эттирсин. Жавобини берса, ҳақ-ҳуқуқларини адо этган ҳолда йўлини очиб қўйсин ва уни ёмонлик билан тилга олмасин. Ҳой эрлар, уларга берган маҳр ва бошқа нарсалардан бирортасини ҳам қайтариб олишингиз сизларга ҳалол эмас. Фақат эр-хотин бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқларини адо эта олмасликдан қўрқсалар, у ҳолда ишларини валийларга арз қиладилар. Валийлар (оила бошлиқлари) эр-хотин Аллоҳ буюрган қонун-қоидаларга риоя этолмаслигидан қўрқсалар, аёл эрга уни талоқ қилиши эвазига бирон нарса беришида ҳар иккиси учун гуноҳ йўқдир. Бу ҳукмлар Аллоҳнинг ҳалол ва ҳаром ўртасини ажратиб берувчи чегараларидир, улардан чиқманглар! Ким Аллоҳнинг чегараларидан чиқса, Аллоҳнинг азобига дучор бўлиб, ўзига зулм қилган бўлади.

فَإِنْ طَلَّقَهَا فَلا تَحِلُّ لَهُ مِنْ بَعْدُ حَتَّى تَنكِحَ زَوْجاً غَيْرَهُ فَإِنْ طَلَّقَهَا فَلا جُنَاحَ عَلَيْهِمَا أَنْ يَتَرَاجَعَا إِنْ ظَنَّا أَنْ يُقِيمَا حُدُودَ اللَّهِ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ يُبَيِّنُهَا لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ (230)

  1. Эр аёлини учинчи марта талоқ қилса, энди бу аёл бошқа эрга тегиб чиқмагунича унга ҳалол бўлмайди. Шунда ҳам, талоқ қилинган аёл бошқа эрга шаръий никоҳ билан ростмана тегиши ва ўрталарида жинсий яқинлик бўлиши, бу никоҳ уни аввалги эрига ҳалол қилиб бериш мақсадида эмас, аксинча, давомли турмуш қуриш рағбати билан бўлиши керак. Шундан сўнг кейинги эр вафот этиши ёки талоқ қилиши билан никоҳ бекор бўлса, аёл иддасини ўтаганидан сўнг аввалги эри билан Аллоҳнинг эр-хотинлар учун жорий қилган ҳукмларини адо этишга кўзлари етса, янги никоҳ ва янги маҳр билан қайта турмуш қуришлари мумкин бўлади. Булар Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳукмлари бўлиб, Аллоҳ уларни Ўз ҳукмлари ва чегараларини биладиган кишилар учун баён қилади. Чунки ўшаларгина булардан фойда оладилар.

Изоҳ қолдиринг