Қуръони каримда жаннат васфи ва унинг саҳобаларга таъсири
Қуръони каримнинг Маккада нозил бўлган сураларида кўпроқ охират ҳаёти ва ундаги ҳолатлар ҳақида сўз юритувчи оятлар ўрин олган эди. Деярли ҳар бир сурада қиёмат кунининг даҳшатлари, жаннат ва дўзах аҳлининг аҳволи, одамларнинг қайта тирилиши ва ҳисоб-китоб қилиниши каби мавзуларда сўз борар, ҳатто инсон у воқеаларни гўё кўз ўнгида кўргандай бўлар эди.
Жаннат ўхшаши йўқ диёрдир
Қуръоннинг жуда кўп оятларида баён этилган жаннат васфларидан унинг бутун борлиқда ўхшаши йўқ бир диёр экани маълум бўлади. Бу оятлар табиийки, саҳобаларга жуда катта таъсир ўтказмай қўймади.
Жаннат ноз-неъматларини Аллоҳ таоло тақводор бандалари учун таёрлаб қўйгандир. Бу эса Унинг фазли ва карамидандир. Аллоҳ таоло бизга жаннат неъматларидан айримларинигина васф этган бўлиб, бизга хабар бермаган ва билдирмаган неъматлари ниҳоятда кўп ва уларни ақллар идрок эта олмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“Уларнинг ёнлари хобгоҳларидан (ётар жойларидан) узоқ бўлади. Улар кечалари Парвардигорларига Унинг азобидан қўрқиб, савобини умид қилиб, дуо-ибодат қиладилар. Биз ризқ қилиб берган мол-мулкларидан инфоқ қиладилар. Аллоҳ ўша мўминлар учун солиҳ амалларига мукофот ўлароқ ҳозирлаб қўйган, кўзларни қувнатадиган ноз-неъматларни ҳеч бир жон билмайди” (Сажда, 16-17).
Жаннат аҳлига бериладиган энг афзал неъмат
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннат аҳли жаннатга киргач, Аллоҳ таоло: “Яна бирон нарса беришимни хоҳлайсизларми?” дейди. Улар: “Юзларимизни ёруғ қилмадингми? Жаннатга киргизмадингми? Дўзахдан нажот бермадингми? (Бизга бундан ортиқ нима керак?)” дейдилар. Шундан сўнг парда кўтарилади ва Аллоҳнинг юзини кўрадилар. Улар учун Раббиларининг юзига қарашдан кўра улканроқ неъмат берилмагандир”. Бошқа ривоятда: “Сўнг ушбу оятни ўқидилар: “Чиройли амал қилган зотлар учун жаннат, яна зиёда неъмат (Аллоҳнинг юзига боқиш) бордир. Уларнинг юзларини дўзах аҳлига етадиган чанг-ғубор ва хорлик қоплаб олмайди. Ана ўшалар жаннат эгаларидир ва унда абадий қолувчилардир” (Юнус, 26).
Жаннатни кўз олдида тургандай тасаввур қилиш, унинг ҳақ эканига иймон келтириш умматнинг уйғониши учун муҳимдир. Уммат қалбида жаннат сурати гавдаланар экан, албатта унда Аллоҳнинг розилиги сари интилиш пайдо бўлади. Унинг йўлида барча қимматбаҳо ва қадрли нарсаларини фидо қилади, хорликдан ва ўлимни ёмон кўришдан қутулади. Нафсда катта куч пайдо бўлиб, иродани мустаҳкамлаб қўяди ва Аллоҳнинг динини олий қилиш учун сабр-тоқатли қилиб қўяди.
Қуръони каримда дўзах тасвири ва унинг саҳобаларга таъсири
Саҳобалар Аллоҳдан қўрқар, ҳам умид қилар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбиялари уларга жуда катта таъсир ўтказди. У зот тутган қуръоний манҳаж улар ҳаётида катта самаралар берди. Чунки Қуръони карим қиёматдаги даҳшатларни, қиёмат аломатларини, ер парча-парча қилиниши, осмонлар йиғиштирилиб, тоғлар титилган юнгларга ўхшаб қолишини, денгизлар портлаб ёнишини, осмонлар ёрилишини, қуёш ва ой сўнишини, юлдузлар тўкилишини васфлар эди. Кофирларнинг аҳволларини, уларнинг хору зорликда ҳасрат-надомат чекишларини, амаллари ҳабата бўлиб, ноумид ҳолга тушишларини тасвирлар эди. Уларнинг дўзахга улоқтирилишларини, мўминларнинг эса Сирот кўпригидан ўтиб кетишлари ва мунофиқлардан ажралишларини сўзлар эди[1]. Бу тасвирлар саҳобаларнинг нафсларида жуда катта ўзгариш юз беришига сабаб бўлди. Қуръони карим дўзахдаги турли хил азобларни сифатлар экан, саҳобалар у азобларни гўё кўз олдиларида кўрар эдилар.
Қазои қадар тушунчаси ва унинг саҳобалар тарбиясига таъсири
Қуръони карим Макка даврида қазои қадар тушунчасига эътибор қаратди. Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчовда яратдик” (Қамар, 49).
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар қалбига қазои қадар тушунчасини жойлаштирар эдилар.
Қазои қадар тўғрисидаги соғлом тушунча ва эътиқод уларга улкан самаралар берди. Дунё ва охиратнинг яхшиликларини келтирди. Ана шундай улкан самаралардан баъзилари қуйидагилардир:
Аллоҳ таолога ибодатни гўзал адо этишга одатланиш.
Қадарга иймон келтириш ширкдан қутулишнинг йўлидир. Чунки мўмин фойда ва зарар берувчи, хор ва азиз қилувчи, кўкларга кўтарувчи ва пастга урувчи ёлғиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир, деб иймон келтиради.
Шижоат ва довюраклик. Чунки саҳобаларнинг қазои қадарга бўлган иймонлари уларда ажал Аллоҳнинг қўлида эканига ва албатта ҳар бир жон учун тақдир этилган муддат бор эканига чинакам ишонч ҳосил қилдириб қўйди.
Сабр ва ажр-савобларни умид қилиш ва машаққатларга юзланиш.
Нафс азизлиги, қаноат, бандаларга қуллик қилишдан озод бўлиш.
Қазои қадарга иймон келтиришнинг самаралари жуда ҳам кўпдир. Мазкур маънолар улардан бир шингилдир.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни тарбия қилар эканлар, уларга иймоннинг олти рукнини таълим беришга чекланмадилар. Балки улардаги кўпдан-кўп нотўғри тушунчаларни, тасаввурларни, инсон, ҳаёт ва коинот тўғрисидаги эътиқодларни, улар ўртасидаги алоқаларни тузатдилар. Токи мусулмон киши Аллоҳдан бўлган нур ва ҳидоятда бўлсин, дунёга келишидан бўлган улкан ғоя ва мақсадни тўғри англаб етсин ва уни рўёбга чиқариб, барча хурофотлардан озод бўлсин[2].
[1] “Ал-Васатия фил-Қуръан ал-Карим, 402-бет.
[2] “Аҳамият ал-жиҳад фи нашри ад-даъват ал-исламия”, 59-бет.