Сийрат: ваҳий келишидан олдин ҳукмрон бўлган дин ва маданиятлар

0

Рим Империяси

Византия империяси номи билан машҳур бўлган Шарқий Рим империяси Юнон, Болқон, Осиё, Сурия, Фаластин, Ўрта Ер денгизи атрофидаги барча давлатлар, Миср ва шимолий Африканинг барча қисмига ҳокимлик қилар эди. Унинг пойтахти Константенопол бўлиб, золим бир империя эди. Қўл остидаги барча мамлакатларга қаттиқ зулм қилган, уларга кўп солиқлар солган эди. Шу боис, бу мамлакатларда кўп нотинчликлар ва қўзғолонлар бўлиб турар эди. Римликларнинг ҳаёти эса ўйин-кулги ва дабдабадан иборат эди.

Империяга тобе бўлган Миср диёри, ҳам диний, ҳам сиёсий тарафдан зулм остида бўлиб, Византияликлар уларни ҳеч ҳам манфаатдор этмай, фақат бу юрт бойликларини марказга ташиш билан овора эдилар.

Сурияда ҳам зулм ва қулчилик авжига чиққан, Византияликлар уларни зўравонлик билан бошқарар эдилар. Сурияликлар гоҳида қарзларини узиш учун ўз фарзандларини қул қилиб сотишга мажбур бўлишарди.

Рим жамиятида ўзаро келишмовчилик бениҳоят кучли эди. Бу келишмовчиликлар “Қадимги ва ҳозирги маданият” китобида қуйидагича тасвирланади:

“Византияликларнинг ижтимоий ҳаётида жуда катта зиддият бор эди. Уларда динпарастлик тушунчаси жуда ҳам кучли бўлиб, роҳиблик бутун империя бўйлаб кенг тарқалган эди. Ҳатто оддий одамлар ҳам диний чуқур баҳсларга аралашиб, Византия тақдирини ҳал қиладиган тортишувлар билан шуғулланар эди. Оммавий ҳаётда фалсафий оқим кенг тарқалган эди. Бироқ бу жамият (бошқа тарафдан қараганимизда) ўйин-кулги ва маишатпарастликка муккасидан кетган эди. Унда саксон минг кишилик катта-катта спорт майдонлари бор бўлиб, у ерда гоҳида одамлар бир-бири билан жанг қилиши томоша қилинса, гоҳида одамлар билан йиртқич ҳайвонларни уриштириб, томоша қилардилар. Улар қаттиққўллик ва ваҳшийликни севишар, аксар ўйинлари қонхўрлик ва шафқатсизликдан иборат эди. Айбдорларни жазолашда қўлланиладиган услублар ҳам инсон танасини ларзага соладиган даражада даҳшатли эди. Бу жамиятдаги бой табақа ва аъёнларнинг ҳаёти дабдаба, беҳаёлик, фисқу-фасод, ҳаддан ташқари хушомад, қабиҳ ва ёмон одатлар билан тўлиб тошган эди”.

Форс империяси

Форс империяси Форс давлати ҳамда Кисролар давлати деб танилган ва Шарқий Рим империясидан ҳам катта, ҳам кучли эди. Форс империясида бузуқ динлар кўп эди. Жумладан, зардуштийлик ва моний дини (милодий учинчи асрнинг бошларида Моний исмли бир шахс тузган дин) авж олган эди. Кейинроқ, милодий бешинчи асрнинг бошларида маздакийлик дини пайдо бўлди. Бу дин ҳамма соҳада мутлақ эркинликка чақирар эди. Бу дин деҳқонларнинг бойиши, омма халқ ичида босқинчиларнинг кўпайишига олиб келди. Натижада улар аёлларни асир олиб, кўчмас мулкларга эгалик қилдилар. Ер, полизлар ва ҳовлилар ҳудди у ерда олдин одам яшамагандек бўлиб қолди.

Форс империясида подшоҳлик меросдан меросга қолар эди. Улар ўзларини худолар наслидан деб ҳисоблагани учун ўзларини ҳаммадан устун кўришар эди. У ердаги барча даромад манбалари уларнинг мулкига айланган бўлиб, улар бу манбалардан келадиган бойликларни тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада исроф қилар, худди ҳайвонлардек яшардилар. Шунинг учун ҳам аксар деҳқонлар ўз ишларини ташлаб, солиқ ва ҳарбий хизматдан қочиб, ибодатхоналарга кириб олган эдилар. Оддий халқ эса қадр-қимматсиз, тарихда бир неча бор такрорланган ва ҳар гал узоқ йиллар давом этган Форс ва Рим империялари ўртасидаги аёвсиз ва қақшатгич жангларнинг қурбонига айланган эдилар. Бу урушлардан халқнинг ягона манфаати подшоҳларнинг истагини бажариш эди, холос.

Ҳиндистон

Тарихчиларнинг таъкидлашича, Ҳинд империясининг диний-ахлоқий, ижтимоий ва сиёсий тарафдан энг таназзулга юз тутган даври милодий олтинчи асрнинг бошлари ҳисобланади. Бу даврда ҳатто ибодатхоналарда ҳам ахлоқсизлик авж олган эди. Зеро, ибодатхоналарни одамлар назарида муқаддас қилган нарса ҳам дин эди. Бу жамиятда аёл кишининг умуман қадр-қиймати йўқ, ҳатто эри ўлган аёлни эрига қўшиб, тириклайин ёқиб юбориш одати кенг тус олган эди. Ҳиндистон аҳоли ўртасида табақалашиш даражаси юқорилиги билан бошқа жойлардан ажралиб турар эди. Бундай табақалашиш диний салоҳиятга эга бўлган қонунчи ҳинд руҳонийлари тарафидан тузилган диний, сиёсий ва маданий қонунларга мувофиқ жорий қилинган эди. Шунингдек, бу қонунлар жамиятдаги асосий қонун-қоидалар ва аҳоли ҳаётининг дастурига айланган. Ҳиндистон жуда ҳам тарқоқ ҳолатда эди. У ерда бир қанча давлатлар бор бўлиб, улар орасида аёвсиз жанглар бўлиб турар эди. Ҳиндистонда урф-одатларга қаттиқ риоя қилиш, табақалар орасидаги кескин фарқ, насл-насабга қаттиқ мутаассиблик қилиш қаттиқ авж олган эди. Ҳиндистон университетларининг бирида тарих фани ўқитувчиси вазифасида ишлаётган тарихчи Ҳиндукий Ҳиндистоннинг ислом киришидан олдинги ҳолати ҳақида сўз юритиб шундай дейди:

“Ҳиндлар дунёдан узлатда, ўзлари билан ўзлари овора эдилар. Уларнинг оламдан бехабар экани уларнинг энг заиф нуқталаридан бири эди. Шу боис, уларда мутаассиблик пайдо бўлди ва кескин таназзулга юз тутдилар. Ижтимоий тубан муҳит адабиётга ҳам салбий таъсир қилди Шунингдек, бу даврда меъморчилик, тасвирий санъат ва бошқа санъатларда ҳам ижодкорлик руҳи йўқолди.

Ҳинд жамияти жуда ҳам қувватсиз эди. Аҳоли табақалари ва оилалар орасида жуда ҳам катта фарқ бор эди. Улар тул аёлларга уйланишга рухсат бермас, ейиш-ичиш масалаларида ҳам жуда қаттиқ турардилар. Қувғин қилинганлар эса мажбур бўлганлари учун ўз юртлари, шаҳарларидан ташқарида яшар эдилар”.

Ҳиндистон аҳолиси тўрт табақага бўлинган эди:

1) диндор ва сеҳргарлар, бу табақа брахманлар дейилади;

2) жангчи ва аскарлар, улар чатрий деб номланишади;

3) деҳқон ва тижоратчилар, улар виш деб аталади;

4) хизматчилар, бу табақа чодар дейилади ва у энг паст табақа ҳисобланади. Бу табақа, даъво қилишларича, худонинг оёғидан яратилган ва юқоридаги уч табақага хизмат қилишлари лозим.

Жорий қонунлар брахманларга мисли йўқ обрў келтирган ва имтиёзлар яратиб берган эди. Унга кўра, брахман ҳар қандай гуноҳ иш қилмасин, гуноҳлари кечирилган ҳисобланар эди. Брахманга солиқ солинмас, ҳар қандай ҳолатда ҳам қатл қилиниши мумкин эмас эди. Чодар эса пул жамғариши, брахманлар билан бирга ўтириши, ҳатто брахманларни қўли билан ушлаши ёки муқаддас китобларни ўқиб-ўрганиши ҳам мумкин эмас эди.

(давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг