Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Шомга қўшинлар юборилиши

0

 

Қўмондонларга байроқлар берилиши ва қўшинлар йўлга отланиши

Абу Бакр Сиддиқ Шом диёрига қўшинлар юборишга қарор қилди, одамларни жиҳодга сафарбар этди ва тўртта қўшинга байроқлар тикиб, уларни Шом фатҳига йўллади.

  • Язид ибн Абу Суфён бошчилигидаги қўшин

Бу Шом диёрига йўл олган биринчи қўшин бўлди. Унинг вазифаси Дамашққа кириб бориш, уни фатҳ этиш ва зарур бўлганда бошқа қўшинларга мадад кўрсатишдан иборат эди. Бошида Язид ибн Абу Суфённинг қўшини уч минг кишидан ташкил топганди. Кейинроқ халифа уни янги мадад кучлари билан таъминлади ва қўшин сони етти минг кишига етди. Қўшинни йўлга кузатар экан, Абу Бакр Сиддиқ Язидга уруш ва тинчликка оид бир қанча ҳукмларни ўз ичига олган ғоят лўнда ва ўта балоғатли сўзлар билан насиҳат қилди. Унинг ёнида пиёда юриб бораркан, бундай деди: «Мен сени синовдан ўтказиш ва яширин қобилиятларингни юзага чиқариш учун учун волий қилдим. Агар синовдан яхши ўтсанг, бундан ҳам юқорироқ мансабларга тайинлайман. Акс ҳолда, вазифангдан бўшатаман. Доим Аллоҳдан тақво қил. Зеро, Аллоҳ ичингни ҳам, сиртингни ҳам бирдек кўриб туради. Одамларнинг Аллоҳга энг суюмлиси Унинг розилигига энг ошиқувчироғидир. Одамларнинг Аллоҳга энг яқини ўз амали билан Унга яқинлашишга интилувчироғидир. Мен сени Холид ибн Саиднинг ўрнига тайин этдим[1]. Бас, жоҳилият таассубидан ўзингни узоқ тут. Аллоҳ таассубни ва таассуб аҳлини ёмон кўради. Қўшинга бош бўлгач, уларга яхши муомалада бўл, аскарларга қўлингдан келганича яхшилик қил ва яхши ваъдалар бер. Уларга ваъз қилсанг, гапни қисқа қил. Чунки кўп гап тез эсдан чиқади. Сен яхши бўлсанг, одамларинг ҳам яхши бўлади. Намозларни ўз вақтида, хушу билан ўқиб бер, руку ва сужудларини мукаммал қил. Душман томондан элчилар келса, уларнинг ҳурматини жойига қўй. Уларни имкони борича тезроқ қайтариб юбор, токи улар қўшин ичида кўп туриб қолмасин, қўшиннинг заиф нуқталаридан воқиф бўлмасин ва сенинг камчиликларинг ҳақида маълумотга эга бўлмасин. Уларга қўшиннинг куч-қудрати ва салоҳиятини намойиш эт. Элчилар билан шахсан ўзинг сўзлаш, ўрнингга бошқаларни сўзлашувга чиқарма. Сир-асрорларни ташқарига чиқарма. Акс ҳолда, ишларинг чалкашиб, тартиб-интизом издан чиқади. Машварат ўтказсанг ҳолатни рўйирост баён қил, шунда тўғри маслаҳат оласан. Бор гапни маслаҳатчидан яширма. Акс ҳолда, ўзинг зиён кўрасан. Тунлари аскарларни оралаб, суҳбатларида иштирок эт. Шунда кўп маълумотга эга бўласан ва одамлар ҳолидан тўла хабардор бўласан. Қўриқчиларни кўпайтир, уларни қўшиннинг ҳар тарафига жойлаштир. Доим ҳушёр туришлари учун улар устидан назоратни кучайтир ва кутилмаганда устларига бориб, вазифаларини қандай адо этаётганларини текшириб тур. Қай бири вазифасига совуққонлик билан қараса адабини бер, аммо ўта қаттиққўллик қилма. Тунги навбатчиликни йўлга қўй, навбатчиликнинг аввалини узунроқ, кейинини қисқароқ қил. Чунки кечанинг бошида навбатчилик қилиш нисбатан енгил бўлиб, туннинг охирига бориб одамни уйқу босади. Жазога лойиқ одамга иккиланмай жазо бер, лекин ҳаддан ошма ва шошқалоқлик қилма. Аскарлар ҳолидан ғофил бўлмаки, интизом издан чиқмасин. Ичларига жосуслар қўйма. Акс ҳолда, уларни шарманда қиласан. Одамларнинг сирларини очма, сиртлари билан кифоялан. Беҳуда гаплар билан умрини ўтказадиган кишилар суҳбатидан қоч. Ростгўй, вафодор кишилар ила ҳамсуҳбат бўл. Жангда мард бўл, қўрқоқлик қилма. Акс ҳолда, одамларингга ҳам қўрқув юқади. Ўлжаларга хиёнат қилма. Зеро, бу иш фақирлик келтиради ва ғалабани узоқлаштиради. Ибодатхоналарни маскан тутиб, ўзларини ибодатга бағишлаган кишиларни кўрасизлар, уларни ўз ҳолига қўйинглар».

Ибн Асир айтади: «Бу гаплар волийларга қилинган энг гўзал ва энг фойдали насиҳатлардандир»[2].

 

[1] Холид ибн Саид ибн Ос Абу Бакрдан истеъфо сўраган ва халифа унинг истеъфосини қабул этган эди.
[2] Ибн Асир. «Комил», 2/64-65.

Изоҳ қолдиринг