Сийрат: Қуръони карим оятларининг саҳобаларга таъсири (2)

0

Саҳобаларнинг инсон моҳиятини англашлари

Қуръони карим инсонга Раббини ва охират кунини танитгандан сўнг унга унинг ўзини танитди. Унинг фитратидаги саволларга жавоб берди. Эсли-ҳушли ҳар бир инсонда “Қаердан келдим ва қаерга кетаман?” деган саволлар пайдо бўлиши ва саволларига аниқ жавоб топишга қизиқиши табиий ҳолдир[1].

Қуръони карим саҳобаларга инсон зоти нимадан яралганини, инсонларнинг яна қайтиб борадиган асл моддалари нима эканини, ҳаётда улардан нималар талаб этилганини, ўлимдан кейин қисматлари қандай бўлишини баён қилди.

Саҳобаларнинг шайтон билан Одам алайҳиссалом ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳақидаги қарашлари

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон манҳажи ила саҳобаларни тарбиялар эканлар, уларга шайтон билан Одам алайҳиссалом ўртасида бўлиб ўтган қиссани сўзлаб берар, инсон билан унинг ашаддий душмани ўртасидаги курашнинг моҳиятини англатар эдилар. Дарҳақиқат, шайтон одамзотнинг отаси Одам алайҳиссаломни алдашга уринган эди. Аллоҳ таоло айтади:

Эй Одам болалари, шайтон ота-онангиз (Одам ва Ҳавво) авратларини ўзларига кўрсатиш учун либосларини ечиб олиб, шу билан уларни жаннатдан чиқарганидек, сизларни ҳам фитнага солиб қўймасин! Шайтон ва унинг зурриёти сизларни кўриб туришади, сизлар эса уларни кўрмайсиз. Биз шайтонларни иймон келтирмайдиган кимсаларга дўст қилиб қўйдик” (Аъроф-27).

Одам алайҳиссалом билан шайтон ўртасида бўлиб ўтган кураш ҳақида сўз юритувчи оятлар саҳобаларга дунёқараш, эътиқод ва ахлоқ соҳаларида кўпдан-кўп муҳим маълумотлар берди. Жумладан:

  • Одам бутун башариятнинг отасидир.

  • Исломнинг асл-негизи Аллоҳ таолога мутлақо итоат қилишдан иборат.

  • Инсон хато қилиб қўйиши мумкин.

  • Одам алайҳиссаломнинг хатосидан Аллоҳга суяниш зарур экани сабоқ олинади.

  • Тавба ва истиғфор айтиш зарур.

  • Ҳасад ва такаббурликдан сақланиш лозим.

  • Иблис Одамга ва унинг зурриётига душмандир.

  • Саҳобалар ўзаро чиройли муомалада бўлган эдилар.

Шайтон ва унинг малайларига қарши курашда саҳобалар қўллаган воситалардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир:

“(Мўмин) бандаларимга айтинг, чиройли сўзларни сўзласинлар. Акс ҳолда шайтон улар ўртасига адоват солади. Шубҳасиз, шайтон инсонга очиқ душмандир” (Исро, 53).

Мазкур маънолар Иблиснинг асл ҳақиқатидан қисқагина кўриниш ва саҳобаларнинг бу лаънати душман ҳақидаги тушунчаларидир.

Саҳобаларнинг коинот, ҳаёт ва айрим махлуқотлар ҳақидаги қарашлари

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Қуръонни таълим берар эканлар, уларни Қуръон оятлари воситасида ақида масалаларида тўғри тасаввур ҳосил қилишга, коинот ва ҳаётга соғлом қарашга ўргатдилар. Уларга коинотнинг бошланишини ва охир-оқибатини баён этдилар.

Қуръони карим ҳаёт ва жонзотлар ҳақида баён этган ҳақиқатларнинг аҳамияти борлиқдаги бошқа мавжудотлар ҳақида баён этган ҳақиқатлардан кам эмас.

Қуръони карим коинот ҳақида ва ундаги махлуқотлар, ажойиботлар ва фоний дунёнинг моҳияти ҳақида саҳобаларнинг тасаввурларини ва фикрларини тўғрилади.  Пайғамбар алайҳиссалом қисматнинг моҳиятини, нажот топиш йўлини саҳобаларнинг қалбларига жойладилар. Кимда-ким нажот ва зафар йўлини билса, албатта у бор имкониятини қўллаб ва барча воситаларни ишга солиб, нажотга эришиш учун ҳаракат қилади. Бу ўринда Пайғамбар алайҳиссалом бир муҳим нуқтага аҳамият қаратдилар:

Бу фоний дунё ҳар қанча узоқ давом этувчи бўлмасин, албатта заволга маҳкумдир. Унинг матолари қанчалик кўп бўлмасин, эътиборга арзимасдир.

Кейинги даврларда даъват майдонида иш олиб борувчи кўпчилик инсонлар қалбида дунё ўткинчи ўйин-кулги ва ғурурланишдан иборат, деган ҳақиқат унутилди. Шунинг учун улар бу дунёнинг матоларига чулғаниб яшайдилар. Унга қаттиқ ҳирс қўядилар. Дунё ортидан чопадилар. Бир матога эришсалар, иккинчисига интиладилар. Нафс тўймайди, қаноат ҳосил қилмайди. Чунки дунёга қаттиқ ёпишиб олган. Бу эса даъватга ҳам, умматнинг уйғонишига ҳам тўсқинлик қилади. Аслида, дунёдан Аллоҳ рухсат берган чегарада фойдаланиш ва дунёни охират учун сабаб қилиб олиш мақтовга сазовор ишдир.

[1] Муҳаммад Қутб, “Манҳаж ат-тарбия ал-исламия”, 2/54-бет.

Изоҳ қолдиринг