Қабрни гипслаш

0

185 – Қабрни гипслаш

Мардовий айтади: «Қабрни гипслаш, устига бино қуриш ҳамда ёзиш жоиз эмас. Қабрни гипслашга келсак, унинг макруҳ эканида ихтилоф борлигини билмаймиз. Шунингдек, қабрга ёзиш, безаш, хушбўйлаш каби ишлар ҳам бидъатдир»[1]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай қилишдан қайтарганлар[2].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрни гипслашдан қайтардилар»[3].

Қабр «ички тарафидан гипс қилинадими ёки ташқи тарафиданми»[4], фарқи йўқ.

Бир ривоятда: «Қабрларни гипслашдан қайтарилди», дейилган[5].

Шофеий айтади: «Ансор ва муҳожирларнинг қабрларини гипсланган ҳолатда кўрмадим»[6].

Тақиқ боиси шуки, «бу иш ўзаро фахрланиш, дунё безагини охиратнинг илк манзили бўлмиш қабр учун ишлатиш ҳамда қабрга сиғинадиган ва уни улуғлайдиган қабрпарастларга ўзни ўхшатишдир»[7].

«Шунингдек, қабрни гипслаш қабрда ётган маййит тўғрисида ножўя эътиқодга сабаб бўладиган, натижада унга сиғинишга олиб борадиган восита бўлиши хавфи бор. Ҳаромга олиб борган ёки ҳаром ишга йўл очиб берган ҳар қандай иш ҳаромдир»[8].

Қабрларни гипслаш «янги пайдо бўлган бидъатлардан, ширкка олиб борадиган воситалардандир»[9].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабрни гипслаш, бўёқлар билан бўяш, устига бино қуриш каби бидъатларни тақиқлаш лозим. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни гипслашдан қайтарганлари ҳақида саҳиҳ ҳадислар келган»[10].

Қабрларни безаш ҳам уларни гипслаш жумласига киради. Шавконий айтади: «Қабрни безаш ҳаромдир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрни гипслашдан қайтарганлар[11]»[12]. «Шубҳасиз, қабрларни масжид қилиб олиш, гипслаш, кўтариш, безаш ва унда чироқ ёқиш мазкур ишлар ортидан келиб чиқадиган бузуқ эътиқодлар олдини олиш учун ман этилган. Ҳеч бир оқил кимсага сир эмаски, қабрларни керагидан ортиқ безаш, устига чиройли пардалар илиш, қабрларга чироқ ёқиш ва юксак дид билан ишлов бериш авом кишиларнинг тушунчаларига таъсирини ўтказмай қолмайди. Сўнг ушбу таъсир ортидан қабрни улуғлаш ва бошқа бузуқ эътиқодлар келиб чиқади. Авомлар тирикларга тааллуқли бирор нарсадан қаттиқ ҳайратланса ҳам шундай ножўя ишлар содир бўлади. Шунинг учун «тавоифлар» (Андалусда пайдо бўлган кичик давлатлар фуқаролари)дан кўплари талай одамларни худо деб эътиқод  қилишган. Тарих китобларининг бирида қуйидаги хабарга кўзим тушди: аббосий халифалардан бирининг ҳузурига бошқа мамлакат подшоҳларидан бирининг элчиси келади. Халифа элчига ғоят муболағали суратда кўринишни хоҳлайди. Аъёнлар элчини ҳашамат ва дабдабада босқичма босқич юқорилаб борадиган хоналардан ўтказишади. Энг охирида уни халифанинг қасрларидан бирида жойлашган, шахсан халифанинг ўзи ўтирадиган мажлисга келтиришади. Хонага мислсиз даражада зеб берилган, унда халифаларнинг ўғиллари ва энг катта аъёнлар савлат тўкиб ўтирар эди. Тўрдаги баланд сўрида халифа мажлисдагиларга юзланиб турар эди. Бундай ҳашаматни кўрган элчининг қалби қинидан чиқаёзди. Халифага кўзи тушган элчи ёнида қўлидан тутиб турган амирларнинг биридан: “Аллоҳ шуми?!” деб сўрайди. Амир унга: “Йўқ, бу Аллоҳнинг халифаси”, деб жавоб беради.

Ҳаддан ортиқ безаклар бу бечора элчини не кўйга солганини кўринг!

Яна ривоят қилинишича, қибла тарафларда яшайдиган кишилардан бири Имом Аҳмад ибн Ҳусайн раҳимаҳуллоҳнинг мақбараси устида қад кўтарган гумбазга келади. Мақбара чироқлар билан ёритилган, атрофидан хушбўй тутатқилар ифори уфуриб турар, гумбаз тепасидан улкан пардалар тушиб турар эди. Киши мақбара эшигига етиб келгач: “Тунингиз хайрли бўлсин, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси”, деб юборади!»[13].

[1] «Ал-инсоф», 6/232; «Мажмуъ муаллафот Шайх Саъдий», 10/497.

[2] Қаранг: «Ал-муҳаззаб», 1/451; «Уюн ал-мажолис», 1/452. Муаллиф: Қози Абдулваҳҳоб ал-Бағдодий (вафоти: 422 ҳ.). Муҳаққиқ: Мбай Каҳ. «Мактабат ар-рушд» нашри, биринчи нашр, 1424 ҳ.й.; Ибн Қудома. «Ал-кофий», 2/68; «Ал-баҳр ар-роиқ», 2/340.

[3] Ҳадис тахрижи 33-масалада ўтди.

[4] Умар ибн Баракот ал-Бақоий аш-Шофеий (вафоти: 1295 ҳ.). «Файз ал-Илоҳ ал-Молик фий ҳалли алфоз умдат ас-солик ва уддат ан-носик», 1/401. Муҳаққиқ: Муҳаммад Ато. «Ал-кутуб ал-илмийя» нашриёти, биринчи нашр, 1420 ҳ.й.

Шунингдек, қаранг: Шайх Ибн Усаймин. «Шарҳ булуғ ал-маром», 5/587.

[5] Муслим ривояти, 970-ҳадис.

[6] «Маърифат ас-сунан вал-осор», 5/332, 7742-рақам.

[7] Шайх Сулаймон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1233 ҳ.). «Тайсир ал-Азиз ал-Ҳамид», 1/591. Муҳаққиқ: Усома ал-Утайбий. «Дор ас-Сумайъий» нашриёти, биринчи нашр, 1428 ҳ.й.

[8] «Ал-иҳком шарҳ усул ал-аҳком», 2/88.

[9] Шайх Ибн Усаймин. «Шарҳ булуғ ал-маром», 5/587.

[10] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/364, 18587-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[11] Ҳадис тахрижи 33-масалада ўтди.

[12] «Ас-сайл ал-жаррор», 1/727.

[13] Шавконий. «Ад-дур ан-назид фий ихлос калимат ат-тавҳид», 46-48-бетлар. Шарҳловчи: Абу Абдуллоҳ ал-Ҳалабий. «Дор Ибн Хузайма» нашриёти, биринчи нашр, 1414 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг