Намоз: Зам сура қилиш

0
  1. Сўнг зам сура қилади

Фотиҳа сурасидан сўнг зам сура қилиш суннатдир.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳар қандай намознинг биринчи икки ракаатида Фотиҳа сурасидан кейин бошқа бирон сура қироат қилиш ва бу сурани Фотиҳа сураси жаҳрий қироат қилинадиган намозларда жаҳрий, махфий қироат қилинадиган намозларда эса махфий ўқиш суннат экани хусусида аҳли илм ўртасида хилоф борлигини билмаймиз»[1].

Зам сура қилиш суннат эканига далил Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ушбу сўзидир: «Ҳар бир намозда қироат қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (намозда) бизларга эшиттирган қироатни биз ҳам сизларга эшиттирамиз. У зот бизларга (эшиттирмай) махфий қилган қироатни биз ҳам махфий қиламиз. «Уммул Қуръон» (Фотиҳа)дан бошқасини ўқимасанг ҳам намоз етарли даражада адо этилган бўлади. Аммо Фотиҳага қўшиб яна бирон сура қироат қилсанг, ўзинг учун яхшироқдир»[2].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Агар унутиб зам сурани Фотиҳадан олдин ўқиб қўйса, Фотиҳадан кейин қайтадан ўқийди. Чунки ўз ўрнида ўқилмаган зикр ҳисобга ўтмайди.

  2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари – ­­фарз намозларда тўлиқ бир сурани зам сура қилар эдилар. Шунинг учун тўлиқ бир сурани зам сура қилиш афзалдир.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сураларнинг ўрталаридан бир неча оятларни ўқиб зам сура қилиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бўлмаган»[3].

Бироқ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг суннатида суралар ўртасидан бир неча оятларни ўқиганлари собит бўлган. Бинобарин, нафлга қиёсан фарзда ҳам шундай қилиш жоиз бўладими, йўқми?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Асл қоидага кўра, нафлга тегишли бўлган нарса фарзга ҳам тегишли бўлиши керак. Бу қоидадан истисно қилиш учун албатта бирон далил бўлиши керак. Мазкур қоидани қўллаб-қувватлайдиган омиллардан бири шуки, саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улов устида кетаётиб витр ўқиганларини нақл қилишганида «Бироқ у зот фарзни улов устида ўқимас эдилар», дейишган. Саҳобаларнинг бу сўзи нафлга тегишли бўлган нарса фарзга ҳам тегишли бўлиши улар учун маълум қоида бўлганини кўрсатади»[4].

Яна Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Лекин суннатга кўра, ҳар бир ракаатда тўлиқ бир сурани зам сура қилиш афзалдир. Агар бундай қилиш оғир келадиган бўлса, бир сурани икки ракаатда бўлиб ўқишнинг зарари йўқ. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кунлардан бирида намозда «Мўъминун» сурасини зам сура қилдилар. Мусо ва Ҳорун қиссасига етганларида у зотни йўтал тутиб қолиб, рукуга кетдилар»[5].

Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шом намозида Аъроф сурасини икки ракаатда бўлиб қироат қилганлари ҳам бу ишнинг жоиз эканини кўрсатади.

Ундан ташқари, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозида олтмиш оятдан юз оятгача қироат қилар эдилар»[6] деган ҳадис ҳам бирон суранинг айрим оятларини зам сура қилиш жоиз эканига далилдир.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни изоҳлаб бундай дейди: «Ушбу ҳадис кўрсатадики, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда фақат тўлиқ сура ўқишга чекланмаганлар».

Умар разияллоҳу анҳу биринчи ракаатда Бақара сурасидан бир юз йигирма оят, иккинчи ракаатда эса Моида сурасини қироат қилган. Шунингдек, Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу биринчи ракаатда Анфол сурасидан қирқ оят, иккинчи ракаатда эса муфассал[7] суралардан бирини қироат қилган.

  1. Агар суранинг ўртасидан қироат қилинса, бисмиллоҳ айтилмайди. Аммо суранинг бошидан қироат қилинса, бисмиллоҳ тўғрисидаги юқорида келтирилган хилофдан келиб чиқиб бу борада ҳам ихтилоф бор. Олдин айтиб ўтганимиздек, тўғрироқ фикрга кўра, бисмиллоҳ суралар бошидаги оят саналмайди ва шунга кўра суранинг бошида ҳам бисмиллоҳни айтиш мустаҳаб бўлмайди.

  2. Суннатда Фотиҳа сураси билан зам сура ўртасида сукут қилиб туриш келмаган. Балки суннатда истифтоҳ дуосини ўқиш учун такбири таҳрима билан Фотиҳа сураси ўртасида, шунингдек, зам сурани ўқиб бўлгач рукудан олдин сукут қилиш собит бўлган[8].

  3. Бир ракаатда бир неча сурани ўқиш жоизми?

Нафл намозларга келсак, бир ракаатда бир неча сурани қироат қилиш жоиздир. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намознинг бир ракаатида Бақара, Нисо, Оли Имрон сураларини ўқиганлар. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшиб ўқийдиган (оятлар сони ёхуд маъноси жиҳатидан) бир бирига ўхшаш сураларни биламан, улардан ҳар иккитасини бир ракаатда ўқир эдилар». Шундан сўнг Ибн Масъуд «муфассал» суралардан йигирматасини зикр қилади[9].

Фарз намозларга келсак, бу борада уламолар ихтилоф қилишган. Баъзи уламоларнинг фикрича, фарз намозларда ҳар бир ракаат учун алоҳида сура ўқиш лозим. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари шундай қилганлар ва Муозга ҳам намозда шундай қилишни буюрганлар. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқоридаги ҳадиснинг умумий далолатидан келиб чиқиб, бир ракаатда бир неча сурани ўқиш жоиздир. Зеро, нафл намозларда жоиз бўлган иш фарз намозларда ҳам жоиз бўлади (Шайх Ибн Усайминнинг юқорида келтирилган сўзига қаралсин).

  1. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан собит бўлганки, у зот биринчи ракаатни иккинчи ракаатдан узунроқ ўқир эдилар. Ҳатто баъзи намозларда иккинчи ракаат биринчи ракаатнинг ярмига тенг келар эди. Шунингдек, аввалги икки ракаатнинг кейинги ракаатлардан узунроқ бўлиши ва бу икки ракаатнинг қироатда тенг бўлиши, кейинги икки ракаат аввалги икки ракаатнинг ярмига тенг келиши ҳақида ҳам ривоятлар собит бўлган.

Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозининг аввалги икки ракаатининг ҳар бирида Фотиҳа сурасини ва яна бирон сурани қироат қилар, гоҳида айрим оятларни бизларга эшиттириб ўқир эдилар. У зот биринчи ракаатни иккинчи ракаатдан кўра узунроқ қилар, охирги икки ракаатда (фақат) Фотиҳа сурасини қироат қилар эдилар»[10].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешин ва аср намозларида қиёмда туришларини ўлчадик. У зот пешин намозининг олдинги икки ракаати(нинг ҳар бири)да ўттиз оят тиловат қилиш миқдорича – Сажда (Алиф, лом, мим, танзил) сурасини ўқиш миқдорича қиёмда турар эдилар. Охирги икки ракаатда қиёмда туришларининг миқдорини бунинг ярмига тенг деб ўлчадик. Шунингдек, у зот аср намозининг олдинги икки ракаати(нинг ҳар бири)да пешин намозининг охирги икки ракаати(нинг ҳар бири)да турганчалик қиёмда турар эдилар. Аср намозининг охирги икки ракаатида қиёмда туришларининг миқдорини бунинг ярмига тенг деб ўлчадик»[11].

  1. Муқтадий жаҳрий намозларда имомнинг орқасида Фотиҳа сурасидан бошқа қироат қилмайди. Бунинг далилини олдин айтиб ўтган эдик. Аммо махфий намозларда ёки жаҳрий намоз бўлса-да, муқтадий имомнинг қироатини эшитмаса, Фотиҳадан кейин зам сурани ҳам ўқийди.

  2. Тўғрироқ фикрга кўра, охирги икки ракаатда ҳам зам сура қилиш жоиздир. Бунга Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган юқорида келтирилган ҳадис далил бўлади.

  3. Масбуқ (намознинг бир ёки ундан кўпроқ ракаати ўқиб бўлингач намозга кирган киши) кечиккан намозларини ўқир экан, Фотиҳага зам сура ҳам қўшадими, йўқми? Шунингдек, жаҳрий қироат қилинадиган ракаатларни ўтказиб юборган бўлса, ўзи қироат қилганда жаҳрий қироат қиладими?

Ҳар икки масалада уламолар ихтилоф қилишган. Булар (кескин далили бўлмаган, балки уламолар ўз изланишларидан келиб чиқиб фикр билдирган) ижтиҳодий масалалардир. Бинобарин, икки хил фикрдан қай бирини бўлса ҳам олишнинг зарари йўқ. Валлоҳу аълам.

Мен тўғрироқ деб билган фикрга кўра, муқтадий имом билан бирга ўқиган ракаатлар унинг учун илк ракаатлар ҳисобланади. Бинобарин, имом салом бергач, туриб намозини «тўлдириб қўяди». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Жамоат намозига) етишганингиз миқдорни (имом билан бирга) ўқингиз, ўтказиб юборганингиз намозни тўлдириб қўйинг»[12].

  1. Намознинг қазоси махфий ўқиладими ёки жаҳрийми?

Бу масала қазо қилинган намозга боғлиқ, намознинг қазоси ўқиладиган вақтга эмас. Шунга кўра, жаҳрий намознинг қазоси гарчи кундузи бўлса ҳам жаҳрий ўқилса, махфий намознинг қазоси гарчи кечаси бўлса ҳам махфий ўқилади. Ушбу масалага тегишли далиллар «Намоз вақтлари» мавзусида айтиб ўтилган эди.

  1. Аслида нафл намозлар махфий ўқилиши керак. Жаҳрий ўқилиши тўғрисида далил келган нафл намозлар бундан мустаснодир. Бунга истисқо, таровиҳ, хусуф (қуёш тутилиши), шунингдек, ҳайит намози ва шу каби нафл намозларни  мисол қилиш мумкин.

  2. Шуни билингки, махфий тарзда қироат рўёбга чиқиши учун ҳарфлар талаффуз қилинар экан, тил ва лаблар қимирлаши лозим. Баъзи уламоларнинг фикрича, бунинг учун энг камида инсон ўзига эшиттирадиган даражада овоз чиқариши шарт. Хаббоб ибн Арат разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ундан сўралди: «Махфий намозларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироат қилганларини қандай билар эдингизлар?» Хаббоб деди: «Соқолларининг қимирлашидан»[13].

Шунга кўра, айрим намозхонларнинг намозда қироат қилар экан, лабларини қимирлатмасдан жим туришлари дуруст эмас, дилларида қилган қироатлари ҳисобга ўтмайди.

  1. Намозда Қуръонни тафаккур ва мушоҳада ила оҳиста қироат қилиш мустаҳабдир. Аллоҳ таоло айтади: «Қуръонни (ҳарфларини жойидан чиқариб) оҳиста тиловат қилинг» (Муззаммил, 4). Яна айтади: «Қуръонни тафаккур қилсалар бўлмайдими ёки қалбларга қулфлар урилганми?!» (Муҳаммад, 24). Шунингдек, Қуръонни чиройли оҳанг билан ўқиш ҳам мустаҳабдир.

  2. Бир сурани ҳар икки ракаатда зам сура қилиш жоиз. Жуҳайна қабиласидан бир кишидан ривоят қилинади: «Мен Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг ҳар икки ракаатида «Иза зулзилатил арзу» (Залзала, 1) сурасини қироат қилганларини эшитдим. Билмай қолдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унутиб қолдиларми ёки атайлаб шундай ўқидиларми?»[14]

  3. Ҳар бир оятдан кейин тўхтаб ва оятларни чўзиб ўқиш суннатдир[15]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлишича, у зот «У ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?!» (Қиёмат, 40) оятини қироат қилсалар, «Субҳаанака, фа бала»[16] (яъни: Сени барча айб-нуқсондан поклайман, Раббим! Сен бунга албатта қодирсан!) дер эдилар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Энг олий бўлган Раббингнинг исмини покла» (Аъло, 1) оятини ўқисалар, «Субҳаана Роббиял аълаа» (яъни: энг олий Раббимни барча айб-нуқсондан поклайман), дер эдилар»[17]. Бу хусусда фарз ва нафл намозлар ўртасида фарқ йўқ. Ибн Абу Шайба ривоят қилишича, Абу Мусо Ашъарий ва Муғира разияллоҳу анҳумо шу сўзларни фарз намозларда айтишар эди.

[1] «Ал-муғний», 1/491.
[2] Бухорий (772), Муслим (396), Насоий (2/163) ривояти.
[3] «Зод ал-маод», 1/215.
[4] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 3/103. Ҳадисни Муслим (455), Абу Довуд (649), Ибн Можа (820), Насоий (2/176) ривоят қилишган. Шунингдек, ҳадисни Бухорий «Саҳиҳи»да муаллақ тарзда ривоят қилган.
[5] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 3/104.
[6] Бухорий (541), Муслим (461), Абу Довуд (398), Насоий (2/157) ривояти.
[7] «Муфассал» сураларнинг бошланишида уламолар ихтилоф қилишган. Имом Нававийнинг айтишича, бу суралар Ҳужурот сурасидан бошланади. Бу суралар Нос сураси билан тугашида эса ҳеч қандай хилоф йўқ (Тарж.).
[8] Абу Довуд (780), Термизий (251), Ибн Можа (844) ривояти.
[9] Бухорий (775), Муслим (822), Термизий (602), Насоий (2/174) ривояти.
[10] Бухорий (776), Муслим (451), Абу Довуд (798), Насоий (2/166) ривояти.
[11] Муслим (452), Абу Довуд (804), Насоий (1/237) ривояти.
[12] Бухорий (635, 636), Муслим (602, 603) ривояти.
[13] Бухорий (746), Абу Довуд (801), Ибн Можа (826) ривояти.
[14] Ҳасан. Абу Довуд ривояти, 816. Ҳадисни Шайх Албоний «Мишкот ал-масобийҳ»да (862) саҳиҳ деган.
[15] Имом Бухорий «Саҳиҳи»да, «Қуръон фазилатлари боби»да (5046-ҳадис) бундай дейди: «Анасдан (разияллоҳу анҳу) сўралди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатлари қандай бўлган эди?» Анас деди: «Чўзиб ўқир эдилар». Шундан сўнг Анас разияллоҳу анҳу «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни ўқиди. «Бисмиллаҳ»ни чўзиб ўқиди, «ар-Роҳман»ни чўзиб ўқиди, «ар-Роҳим»ни чўзиб ўқиди».
Имом Аҳмад (6/302), Абу Довуд (4001) ва Термизий (2927) Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилишади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», «Ал-ҳамду лиллаҳи Роббил оламийн», «Ар-роҳманир роҳийм», «Маалики явмид-дийн», дея оятларни дона-дона қилиб қироат қилар эдилар». Ушбу ҳадисни Дорақутний ва Ҳоким (1/232) саҳиҳ деган, Заҳабий Ҳокимнинг фикрини маъқуллаган.
Ҳадис ровийлари ичида «мудаллис» (заиф ровий саналмиш) Ибн Журайж ҳам бор. Бироқ Имом Аҳмадга (6/288) оид бир ривоят санади Ибн Журайж ривоятини қувватлаб келган. Фақат у ривоятда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» зикр қилинмаган.
[16] Саҳиҳ. Абу Довуд (884), Байҳақий (2/310) ривояти. Ҳадисни Албоний «Тамом ал-минна фит-таълиқи ала фиқҳ ас-сунна»да (186) саҳиҳ деган.
[17] Саҳиҳ. Абу Довуд (883), Ҳоким (1/395), Табароний («Ал-кабир», 12/16), Байҳақий (2/310) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг