Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Шомга қўшинлар юборилиши (2)

0

Сиддиқнинг Язид ибн Абу Суфёнга қилган насиҳатидан олинадиган фойдалар ва ибратлар:

  • Амал ва мансаб кишига бир умрга боғлаб берилмаган, балки унинг боқийлиги мансаб эгасининг ишдаги муваффақиятига боғлиқдир. Мансабдор вазифасини уддалай олмаса, олий раҳбар уни мансабдан бўшатиши лозим. Бу эса мансабдорда ўз вазифасига масъулият билан ёндошиш ҳиссини уйғотади ва уни ишда муваффақиятга эришиш учун жон-жаҳди билан интилишга ундайди. Аммо агар мансабда қолиш кафолатланган бўлса, бу ҳол мансабдорни ялқовликка, дунё матоси билан машғул бўлиб қолишга ва ўз вазифасига совуққонлик билан қарашга, масъулиятини ҳис қилмасликка олиб боради. Натижада унинг қўли остидаги раият ичида фасод, тартибсизлик, низо ва бошбошдоқлик урчийди.

  • Аллоҳ таолодан тақво қилиш ишдаги муваффақиятнинг энг муҳим омилидир. Зеро, Аллоҳ таоло одамларнинг ичларини ҳам, сиртларини ҳам бирдек кўриб туради. Ботинларида Аллоҳдан тақво қилсалар, зоҳирларида ҳам албатта тақво қиладилар. Шу билан волий фасод ва бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишидан омонда бўлади. Одатда фасод Аллоҳдан қўрқмайдиган кимсалар нафс чақириқларига ижобат қилишидан келиб чиқади.

  • Ота-боболарга ва қавм-қабилачиликка таассуб қилишдан сақланиш лозим. Чунки ота-боболар тўғри йўлда ўтмаган бўлсалар, уларга таассуб қилиш инсонни тўғри йўлдан оғиб кетишига сабаб бўлади. Қолаверса, бу Аллоҳ йўлида ака-ука бўлишдек исломий биродарлик ҳиссини заифлаштиради.

  • Ваъз-насиҳатни имкон қадар қисқа қилиш лозим. Чунки кўп гап тез эсдан чиқади ва кўзланган мақсадга етказмайди. Нотиқ балоғатли ва чиройли гаплар билан ваъз қилганда тингловчи гапнинг балоғатига андармон бўлиб, мазмун-моҳиятини тўла илғаб ололмай қолади. Борди-ю нотиқ балоғатли бўлмаса, тингловчи унинг узундан-узоқ гапларидан зерикади ва ваъздан бўлган мақсад амалга ошмайди. Масъул мансабдор ўзини ислоҳ қилса ва ўз айбларидан бохабар бўлса, етакчиликда чиройли намуна бўлса, бу қўл остидагиларининг ҳам тузалишларига сабаб бўлади.

  • Намозни хушу ва хузу билан мукаммал ўқишга аҳамият қаратиш лозим. Намозда қалб Аллоҳ билан боғланган бўлиши керак. Зеро, комил намоз билан ерда Аллоҳнинг зикри қойим бўлади, қалбларга тақво ўрнайди, кўнгиллар ором олади, мусулмон киши машаққатлар қаршисида мустаҳкам қўрғон билан паноҳланади.

  • Душман элчиларининг ҳурматини ўрнига қўйиш ва шу билан бирга, уларга ҳушёр бўлиш, уларни исломий қўшиннинг ҳақиқий воқелигидан хабардор бўлишга йўл қўймаслик керак бўлади. Уларга иззат-икром кўрсатиш Исломга даъват қилишнинг ва оламни мусулмонларнинг гўзал ахлоқидан бохабар этишнинг бир кўринишидир. Лекин бу иззат-икром уларни мусулмонларнинг ички сир-асрорларидан хабардор қилиш даражасига етиб бормаслиги лозим. Уларга қўшиннинг куч-қудрати ва шон-шавкатини кўрсатувчи жиҳатларни намойиш қилиш лозим, токи қалбларига ҳайиқиш ва қўрқув ҳисси кирсин.

  • Машварат ва маслаҳатлашувларда ҳолатни рўйирост очиқлаш ва ҳеч нарсани яширмаслик керак бўлади. Чунки маслаҳатчи ҳар қанча фикри ўткир ва донишманд шахс бўлмасин, агар воқеликдан тўла хабардор этилмаса, тўғри маслаҳат бера олмаслиги мумкин.

  • Қўмондон ёки мансабдор шахс қўли остидаги ҳар хил табақадаги кишилар билан аралашиб юриши лозим. Шу тариқа уларнинг аҳволлари ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлади. Бу эса унга уларнинг ишларини бошқаришида жуда катта ёрдам беради. Мансабдор шахс халқдан бутунлай узилиб қолса, фақат хос кишилар билангина алоқада бўлса, унга фақат ўшалар истаган маълумотлар етиб келади. Ҳолбуки, улар баъзан халқнинг ҳақиқий аҳволини бошлиққа тўғри етказмасликлари мумкин.

  • Уруш жабҳаларида, айниқса хавф-хатар кучли жойларда қўриқчилик ишларига қаттиқ аҳамият берилиши лозим. Қўриқчиликка ишончли кишиларни танлаш, шунда ҳам уларни ўз ҳолига ташлаб қўймасдан, вақти-вақти билан текшириб, назорат қилиб туриш лозим. Токи ғафлатда қолиб, душманга йўл очиб бермасинлар.

  • Раҳбар ва мансабдор шахс жазога лойиқ кишини жазосиз қолдирмасин. Акс ҳолда, жазосиз қолишга бўлган ишонч кишиларни қонунбузарлик ва жиноятчиликка чорлайди, халқ ичида бошбошдоқлик авжига чиқади. Жазо беришда ўта қаттиққўллик ҳам қилмаслик керак. Акс ҳолда, халқда раҳбарга нисбатан нафрат пайдо бўлади, мухолиф ҳаракатлар вужудга келади.

  • Раҳбар шахс доим ҳушёр бўлиши, ўз масъулияти остидаги ҳудудларда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан мудом огоҳ бўлиши лозим. Токи раият уларнинг аҳволидан бохабар ва ишларига аҳамият берадиган виждонли раҳбарлари борлигини ҳис қилсин. Шунда халқ яхши ишларга виждонан ғайрат кўрсатади, ёмонликлардан тийилади.

  • Масъул шахс ростгўй, холис гапирадиган, ақлли кишилар суҳбатига ҳарис бўлмоғи, гарчи аччиқ танқид ва насиҳатлар эшитса ҳам уларни ўзидан узоқлаштирмаслиги керак. Чунки бу пировардида ўзига ҳам, халқига ҳам фойдали бўлади. Ўйин-кулги ва беҳуда ишларга берилган кимсалар билан улфат бўлмасинки, улар гарчи гаплари ширин ва хушомадлари ёқимли бўлса-да, уни жиддий ишлар ҳақида фикр юритишдан тўсадилар, халқнинг муаммоларидан чалғитадилар.

  • Қўмондон ва етакчи шахс душман билан тўқнашганда мард бўлиши, асло қўрқоқлик қилмаслиги керак. Чунки унинг қўрқоқлиги қўшинга ҳам таъсир кўрсатади ва қўшиннинг руҳий-маънавий мағлубиятига йўл очади. Тинчлик пайтида ҳам раҳбар шахс муаммо ва қийинчиликларни мардонавор қаршилаши ва асло қатъиятсизликка берилмаслиги зарур. Акс ҳолда, унинг заифлиги қўл остидагиларга ҳам таъсир кўрсатади, ишдан унум ва барака кетади.

  • Раҳбар шахс уруш ҳолатида ўлжаларга хиёнат қилишдан, тинчлик ҳолатида эса ўзи эгаллаб турган мансабни суиистеъмол қилишдан, порахўрлик, уруғ-аймоқчилик каби иллатлар билан мансабидан ўз шахсий манфаатлари йўлида ношаръий фойдаланишдан сақланиши лозим.

Халифа Абу Бакр Сиддиқнинг урушга кузатаётган қўмондонига қилган мазкур насиҳатидан унинг мусулмонларнинг муаммолари билан нақадар ҳамнафас яшагани кўринади. У қўмондонлари юзланажак муаммоларни олдиндан кўра билган ва уларга ҳикмат ва донолик билан ечимлар тақдим қилган эди. Бу ва бошқа насиҳатлари унинг серқирра йўлбошчи, узоқни кўра билган моҳир раҳбар бўлганини кўрсатади. Унинг давлат ишларини бошқариши ҳақида фикр юритсангиз тенгсиз сиёсатчи эканини, ҳарбий қўмондонларга берган тавсиялари билан танишсангиз гўё бир умр уруш майдонларида жавлон урган маҳоратли қўмондон ва ўткир стратег эканини, раҳмдиллигини ва яхши гап билан одамларни ўзига жалб қилишини кўрсангиз туғма даъватчи эканини кўрасиз. У мўминларга раҳмли, сидқ ва вафо аҳлининг шаънини юксалтирувчи, қобилият эгаларини яхши таниб, уларни масъулиятли вазифаларга қўядиган, кофир ва мунофиқларга аёвсиз қаттиққўл шахсият соҳиби эди[1].

[1] «Ат-тарих ал-исломий», 9/192-197.

Изоҳ қолдиринг