Фарзанд тарбиясидаги хатолар (18): Болаларни қўрқоқ, ландовур, қўлидан бир иш келмайдиган қилиб етиштириш йўллари

0

Фарзандларингизга овқатини сиз едиринг, уст-бошларини ва оёқ кийимларини сиз кийдиринг, ҳожатхонага сиз олиб боринг ва ўзингиз тозаланг. Бу ишларни ўзлари қилишни истаган пайтлари ҳали кичик эканларини ва сизнинг ёрдамингизсиз қила олмасликларини айтинг. Уларга бирон кори ҳол юз бермаслиги учун уларни соядек таъқиб этинг.

Бир куни менга бошланғич мактабга борадиган ака-укани кўрсатдилар. Ҳамма нарсадан қўрқадиган, ҳуркак ҳолатда эдилар. Бир қарашда эси пастга ўхшашарди. Бирининг оти Азиз, иккинчисиники Лазиз эди. Ўртоқлари уларни оддий ҳазиллар билан қўрқитар, кейин олдиларига чиқиб калака қилишарди.

Оилани текшириб кўргандан кейин ҳамма нарса аён бўлди. Бу болаларнинг ўта золим отаси бор эди. Арзимаган хатога йўл қўйсалар, уларни калтакларди. Азиз бехосдан столга урилиб кетдими, ота дарҳол уни олдига чақирар ва “Аҳмоқ бола, катта столни кўрмаяпсанми? Ҳозир сенинг кўзингни очиб қўяман!” деб бақирар, сўнг беаёв урарди. Лазиз овқат еганда устига овқат томиздими, “Манави ландовурга қара, ҳали ҳам овқат ейишни ўргана олмади!” деб бақирар ва бир тарсаки туширарди.

Бу отанинг шапалоқлари кўпинча болаларнинг қулоғига тўғри келгани учун болалар яхши эшитмасдилар. Болаларга ачинмаслик иложсиз. Қалбида заррача ачиниш, шафқат туйғуси бўлмаган бу одамнинг қўлида энг ақлли болалар ҳам аҳмоқ бўлиши турган гап.

***

Норинисо деган болаларига ортиқча кўнгил боғлаган болажон онани кўргандим. Ота ҳам онадан қолишмасди. Болаларини кўз қорачиқларидай асрар, бирон кори ҳол бўлмасин деб уларнинг ортидан соядай юрардилар. “Югурма, терлайсан! Сакрама, йиқиласан! Кўчага чиқма, йўқолиб қоласан!” деган гаплар болаларнинг энг кўп эшитадиган гаплари эди. Айлангани чиқишса ёки оромгоҳга боришса, болаларнинг қўлларидан тутар, ўзларини қўйиб юбормасди.

Болаларнинг бир деганини икки қилмас, ҳар истакларини ўша заҳоти муҳайё қилишарди. Она тозалик масаласида ўта диққатли эди. Уст-бошларини кир қилмасин, дея болаларга ўзи овқат едирар, ҳожатхонага ўзи олиб борарди. Ҳамма эҳтиёжларини ота-оналари томонидан қилиниши болаларни дангаса ва қўлидан бирон иш келмайдиган қилиб қўйганди. Бошларига бирон кулфат келмасин, деб ортиқча муҳофаза қилганлари учун болалар қўрқоқ ва ҳуркак бўлиб қолишганди. Мустақил бирон иш қилолмас, кўчага ёлғиз чиқолмас, магазиндан нон ҳам олиб келолмас эдилар.

Эрталаб уйқудан турганларида ҳар биридан бир овоз келарди: “Ойи ётоқ кўйлагимни ечиб қўйинг! Дада шимимни кийдиринг! Ойи бетимни ювиб қўйинг! Дада пайпоғимни тополмаяпман! Ойи ҳожатга киргим келябди!” Болалар шу қадар дангаса ва шу қадар қўлидан иш келмайдиган бўлишгандики, ота-она қайси бирига югуришни билмай қолардилар. Ҳар бирига алоҳида хизматчи керак эди. Ваҳоланки, уйда иккита хизматчи бор эди, бироқ қаровга муҳтож олтита болага иккита хизматчи етмасди…

Изоҳ қолдиринг