Сийрат: Макка давридаги ибодат ва ахлоқ тизими

0

Саҳобаларни ҳар турли ибодатлар орқали тарбия қилишлари:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни руҳий поклаш билан тарбия қилар ва бу борада уларга Қуръони каримдан йўл-йўриқлар кўрсатар эдилар. Ана шундай кўрсатмалар ичида энг муҳимлари қуйидагилардир:

  • Аллоҳ яратган мавжудотлар ва У нозил қилган Қуръон ҳақида тафаккур қилиш.

  • Аллоҳ таолонинг шомил ва комил илми бутун борлиқни, ҳатто ғайб оламини ҳам қамраб олганлиги ҳақида фикр юритиш.

  • Аллоҳга ибодат қилиш руҳий тарбиянинг энг катта ва энг улуғ воситасидир. Чунки ибодат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ғоят даражада хокисорлик кўрсатиш, демакдир. Бундай хокисорлик фақат Аллоҳ таолога бўлмоғи керак.

Инсонга кўтаринки руҳ бағишлайдиган ва нафсини поклайдиган ибодатлар икки турлидир:

Биринчи тури фарз қилинган ибодатлардир: таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳаж каби.

Иккинчи тури кенг маънодаги ибодатлардир. Улар Аллоҳга яқин қиладиган ҳар қандай амални ўз ичига олади. Бундай амал ибодат ҳисобланиб, уни қилувчига савоб берилади. Ва унда инсон учун гўзал руҳий тарбия бордир[1].

Инсон руҳиятини намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, Аллоҳни зикр этиш, Унга тасбеҳлар айтиш билан поклаши Исломда муҳим амалдир. Чунки инсон нафси кирлардан покланиб, яратувчисига боғланиб турмаса, зиммасига юкланган шаръий мажбуриятларни адо эта олмайди. Ибодатни давомий бажариш руҳга куч ато этади ва уни ўз вазифасини бажаришга ундайди.

 Намоз ибодатларнинг сардоридир. Руҳни поклашда намознинг жуда катта таъсири бор. Илк авлод вакиллари – саҳобалар намоз сабабли эришган улкан фойдалар қаторида қуйидагиларни санаш мумкин:

1) Аллоҳнинг амрига бўйсуниш ва Унга қулчилик изҳор этиш. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг амрига бўйсунган мўминларни мақтаган:

Улар Рабларининг амрига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган ва ишлари ўзаро маслаҳат билан бўладиган, Биз уларга ато этган мол-давлатлардан инфоқ қиладиган зотлардир” (Шўро, 38).

Саҳобалар намоздаги ҳар бир ҳаракат ўзига хос алоҳида ибодатдир, у нафсга катта таъсир ўтказиб, руҳни поклайди, деб билар эдилар.

2) Банданинг Раббига муножоти. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу муножотнинг суратларидан бир кўринишни баён этиб бундай деганлар:

“Аллоҳ таоло айтади: “Мен намозни Ўзим билан бандам ўртасида икки қисмга бўлдим. Бандам учун сўраган нарсасини бераман.

Агар банда: “الحمد لله” (алҳамду лиллаҳ) деса, Аллоҳ таоло: “Бандам менга ҳамд айтди”, дейди.

Агар у: “الرحمن الرحيم” (ар-Роҳман ар-Роҳим) деса, Аллоҳ таоло: “Бандам менга сано айтди”, дейди.

Агар у: “مالك يوم الدين” (малики явмид-дийн) деса, Аллоҳ: “Бандам мени улуғлади”, дейди.

Агар у: “اياك نعبد و اياك نستعين” (ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн) деса, Аллоҳ: “Бу мен билан бандам ўртасидаги нарсадир. Бандам учун сўраган нарсасини бераман”, дейди.

Агар у:  اهدنا الصراط المستقيم صراط الذين انعمت عليهم غير المغضوب عليهم ولا الضالين  (иҳдинас-сиротол-мустақийма сиротоллазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби алайҳим валаз-зооллийн) деса, Аллоҳ: “Бу бандам учундир. Бандамга сўраган нарсасини бераман”, дейди[2].

3) Қалб таскин топиши ва ором олиши. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон иш мушкул бўлса, дарҳол намоз ўқир эдилар[3]. Кўзлари намозда қувонар эди[4]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга намоз барча ғам-андуҳ ва муаммоларни ҳал этувчи қурол эканини таълим берган эдилар.

4)   Намоз гуноҳ ишлардан ман этувчидир. Аллоҳ таоло айтади:

Ўзингизга нозил қилинган бу Қуръонни ўқинг. Намозни тўла-тўкис адо этинг. Зеро, намоз гуноҳлар ва ёмон ишларга қўл уришдан қайтаради. Ва у Аллоҳнинг энг улуғ зикридир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билади” (Анкабут, 45).

Саҳобалар разияллоҳу анҳум намозни адо этар эканлар, кўнгиллари у билан шодланар эди. Намоз уларни яхшиликлар қилишга чорлар, ёмонликлардан узоқлаштирар эди. Намоз улар учун маъсиятлардан асрайдиган қўрғон эди[5].

[1] Доктор Абдулҳалим Маҳмуд, “Фиқҳ ад-даъва”, 1/471, 472-бетлар.
[2] Муслим, “Саҳиҳ тўплами”, китаб ас-солат, боб вужуби қироат ал-фатиҳа фи кулли ракъа, 395-бет.
[3] Абу Довуд, “Сунан”, 1319-бет.
[4] Ҳоким (2/160) ривоят қилиб: “Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган. Унга Заҳабий мувофиқ бўлган.
[5] “Манҳаж ал-ислам фи тазкият ан-нафс” китобига қаранг.

Изоҳ қолдиринг