Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Шомга қўшинлар юборилиши (3)

0

 Шураҳбил ибн Ҳасана бошчилигидаги қўшин

Абу Бакр Сиддиқ Шураҳбил қўшинини Язиднинг қўшини жўнаб кетганидан уч кун ўтгач йўлга чиқарди. Сиддиқ Шураҳбилни кузатиб қўяр экан, унга: «Шураҳбил, Язид ибн Абу Суфёнга қилган насиҳатимни эшитдингми?» деди. Ундан: «Ҳа», жавобини олгач: «Сенга ҳам айни насиҳатларни қиламан ва унга айтишни унутган яна баъзи нарсаларни айтаман. Сенга намозни вақтида ўқишни, жангда то ғалаба ё шаҳидликка эришмагунча сабр-матонатли бўлишни, беморлар ҳолидан хабар олишни, жанозаларда иштирок этишни, ҳар бир ҳолатда Аллоҳни зикр этишни тайинлайман», деди. Шураҳбил деди: «Аллоҳдан мадад сўраб, албатта айтганларингизга амал қиламан. Аллоҳ истагани бўлади».

Шураҳбил қўшини уч минг билан тўрт минг киши орасида эди. Сиддиқ унга Табукка йўл олишни, ундан Балқога, сўнг Бусрога ўтишни ва ўша ерда туришни буюрди. Шураҳбил Балқога деярли қаршиликсиз кириб борди. Унинг қўшини жойлашув жиҳатидан Фаластиндаги Абу Убайда қўшинининг чап қанотида, Амр ибн Ос қўшинининг ўнг қанотида юриб борар эди. У Балқони тўла қўлга киритгач, Бусро шаҳрини қамалга олди, лекин уни фатҳ этишга муваффақ бўлмади. Шаҳар ўта кучли мудофаа ҳолатида эди[1].

 Абу Убайда ибн Жарроҳ бошчилигидаги қўшин

Сиддиқ қўшинни йўлга кузатаркан, Абу Убайда ибн Жарроҳ билан хайрлашди, унинг ҳаққига дуо қилди. Унга деди: «Сўзларимга диққат билан қулоқ сол ва уларга изчил амал қил. Сен шарафли инсонлардан, арабларнинг эътиборли хонадонларидан, солиҳ мусулмонлардан ва жоҳилият даври баҳодирларидан ташкил топган қўшинга бош бўлиб чиқмоқдасан. Улар жоҳилиятда ҳамият учун урушга чиқишарди, бугун эса ажру савоб умидида жангга кетишмоқда. Одамларга яхши муомалада бўл, ҳақ-ҳуқуқ борасида сенинг наздингда барча баробар бўлсин. Аллоҳдан мадад сўра, Аллоҳ етарли ёрдамчидир. Аллоҳга таваккал қил, Аллоҳ етарли вакилдир. Аллоҳнинг изни билан эртага йўлга чиқ»[2].

Унинг қўшини уч минг билан тўрт минг киши орасида эди. Бу қўшин учун кўзланган манзил Ҳумус бўлди. Абу Убайда Мадинадан йўлга чиқиб, Водил Қуродан, сўнг Солиҳ пайғамбар диёри Ҳижрдан ўтиб, Зоти Манорга, ундан Зизога, ундан Муобга кириб борди. Ўша ерда душман кучлари билан тўқнашди. Сўнг улар билан сулҳ тузди. Бу Шом диёрида тузилган биринчи сулҳ бўлди. Сўнгра юришни давом эттириб, Жобияга йўл олди.

 Абу Убайда қўшини жойлашув жиҳатидан биринчи қўшиннинг чап қанотида, иккинчи қўшиннинг ўнг қанотида бўлди.

Абу Убайда қўшинида машҳур араб баҳодири Қайс ибн Ҳубайра ибн Масъуд Муродий ҳам бўлиб, Абу Бакр Сиддиқ Абу Убайдани сафарга кузатиш олдидан: “Одамларинг ичида ҳурмат-эътиборга лойиқ араб баҳодирларидан бири бор. Унинг фикрлари, маслаҳатлари ва жанговар маҳорати мусулмонларнинг корига ярайди. Уни ўзингга яқин ол, ҳурматини жойига қўй, унга маслаҳатларидан ва ёрдамидан беҳожат эмаслигингни билдир. Шу билан унинг садоқатини қозонасан, жанговар тажрибаларидан фойдаланасан”, деб насиҳат қилди.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу Қайс ибн Ҳубайрани ҳузурига чорлаб, унга деди: «Мен сени Абу Убайда қўшинига киритдим. Абу Убайда омонатли инсон, зулмга зулм билан жавоб бермайди, ёмонлик қилинса кечириб юборади, узилган алоқаларни боғлайди, мўминларга раҳмли, кофирларга шиддатли. Асло унга итоатсизлик қилма, фикрига қарши чиқма, чунки у сени фақат яхшиликка буюради. Мен унга сенинг маслаҳатларингга қулоқ тутишни тавсия қилдим, сен уни фақат Аллоҳдан тақво қилишга буюргин. Биз биламизки, сен гуноҳлар билан лиқ тўла жоҳилият замонида ҳам қўрқмас баҳодир, шарафли саййид инсонлардан бўлгансан. Энди сен ўз куч-қудратинг, баҳодирлигинг ва ақл-заковатингни мушрик ва кофирларга қарши Ислом фойдасига ишлатгин. Бу билан Аллоҳ таоло сенга буюк ажру савоблар ва мусулмонларга иззат ва шараф ато этади».

Қайс ибн Ҳубайра деди: «Агар тирик турсам, Аллоҳ сизга ҳам умр берса, тез орада менинг мусулмонларга нақадар меҳр-шафқатли ва кофирларга нақадар шиддатли эканим ҳақида сизни хурсанд қиладиган хабарларни эшитасиз».

Абу Бакр: «Шундай қил, Аллоҳ сендан рози бўлсин», деди.

Абу Бакрга Қайснинг Жобияда икки насроний патриархи билан жанг қилиб, ҳар иккисини ўлдиргани хабари етиб келганида: «Қайс рост сўзлади ва сўзлари устидан чиқди», деди[3].

Шу ерда ҳам Абу Бакр Сиддиқнинг тенгсиз раҳбар ва беназир йўлбошчи экани намоён бўлди. У таъсирли сўзлари билан Қайс ибн Ҳубайранинг ҳимматини чархлади, унинг ички руҳий-маънавий кучларини жўш урдирди, имкон қадар кўпроқ куч-тоқатини ташқарига чиқарди, уларни Исломнинг ҳимояси ва Ислом йўлидаги жиҳод фойдасига ишлатди. Шубҳасиз, аслзода ва шарафли инсонларни мақташ, фазилатларини зикр қилиш уларнинг маънавиятларини юксалтиради ва уларга фидокорликка ундайдиган кўтаринки куч-ғайратни бағишлайди.

 Амр ибн Ос бошчилигидаги қўшин

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу Амр ибн Осни қўшин билан Фаластинга юборди. Аввал унга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тайин этган мансабида қолиш билан дунё ва охиратда ўзи учун яхши бўлган бошқа амални қабул қилиш ўртасини танлаш ихтиёрини берди. Амр ибн Ос унга шундай деб ёзиб юборди: «Мен Ислом ўқларидан бир ўқман, аввал Аллоҳ, кейин сиз уни отувчисиз. Мен учун нимани яхшироқ ва афзалроқ деб кўрсангиз шуни қилинг ва мени ўша ерга отинг». Амр ибн Ос Мадинага келгач, Сиддиқ разияллоҳу анҳу унга Мадина ташқарисида лашкаргоҳ қуришни амр этди ва одамларни унинг қўшинига сафарбар этди. Амрнинг қўшинига Ҳорис ибн Ҳишом, Суҳайл ибн Амр, Икрима ибн Абу Жаҳл ва бошқа жуда кўп Қурайш улуғлари қўшилдилар.

Қўшин йўлга чиқиши пайтида Абу Бакр Сиддиқ уни кузатиб чиқди ва Амрга деди: «Эй Амр, сен фикри ўткир, тажрибали инсонсан, жанг сир-асрорларини яхши биласан. Қавмингнинг шарафли инсонларига ва солиҳ мусулмонларга бош бўлиб чиқмоқдасан. Биродарларинг ёнига кетяпсан. Уларга холис насиҳатларингни асло аяма. Тўғри маслаҳатларингни улардан дариғ тутма. Сенинг кўп фикрларинг урушда мақтовга сазовор, оқибати хайрли бўлиб чиқади».

Амр ибн Ос деди: «Сизнинг гумонингизни ростга чиқарсам ва менга бўлган бу ишончингизни оқласам, нақадар бахтли бўлардим!»

 Сўнг Амр қўшинга бош бўлиб йўлга чиқди, қўшин сони олти-етти минг киши атрофида эди. Кўзланган манзил Фаластин эди. У Қизил денгиз ёқалаб юриб, Ўлик денгиз яқинидаги Араба водийсига етиб борди. Сўнг қўшин ичидан мингта мужоҳидни ажратиб олди. Уларга Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобни бош қилиб, румликлар (византияликлар) томон йўллади. Улар румликлар билан тўқнашиб, ғалабага эришдилар ва душман кучларини тирқиратиб ташладилар. Сўнг бир қанча асирлар билан қайтдилар. Амр ибн Ос асирларни сўроқ қилиб, улардан душманнинг Ройс исмли қўмондон бошчилигидаги қўшини мусулмонларга кутилмаганда ҳужум уюштиришга ҳозирланиб турганини ўрганди. Қўлга киритган маълумотлари асосида кучларни тартиблади. Румликлар ҳужум уюштиришди, мусулмонлар бу ҳужумни бартараф қилиш уддасидан чиқдилар. Сўнг улар қарши ҳужумга ўтдилар ва душман кучларини ер билан яксон этдилар. Уларни қочишга ва жанг майдонини ташлаб кетишга мажбур қилдилар. Отлиқ аскарлар душманни таъқиб қилдилар. Жанг минглаб румликларнинг ер тишлаши билан якунланди.

Сиддиқ разияллоҳу анҳу ҳар бир амирни алоҳида йўлдан юришга ва бошқаси юрган йўлдан юрмасликка амр этди ва шундай йўл тутишни фойдали деб кўрди. У бу ишида Аллоҳнинг пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломнинг тутган йўлига эргашди. Яъқуб алайҳиссалом фарзандларига насиҳат қилиб, шундай деган эди: “Болаларим, Мисрга кириб боришда ҳаммангиз бир дарвозадан кирманг, бошқа-бошқа дарвозалардан киринг, токи сизларга кўз тегмасин. Мен Аллоҳнинг қазосидан бирор нарсани сизлардан даф қила олмайман. Ҳукм ягона Аллоҳникидир. Мен фақат Унга суяндим. Мўминлар фақат Унга суянсинлар” (Юсуф, 67).

[1] Низор Ҳадисий. «Абу Бакр Сиддиқ», 62-бет.
[2] Аздий. «Футуҳ аш-Шом», 15-бет.
[3] Аздий. «Футуҳ аш-Шом», 26-бет.

Изоҳ қолдиринг