Дафндан кейинги ишлар (5)

0

186 – Қабрни лойсувоқ қилиш

Албоний айтади: «Бу борада уламолар икки хил фикр билдирганлар. Биринчи фикрга кўра қабрни лойсувоқ қилиш макруҳдир. Бу фикрни Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний айтган. У кишининг истилоҳида макруҳ мутлақ айтилса, макруҳи таҳримий (ҳаромга яқин макруҳ) тушунилади. Ҳанбалийлардан Абу Ҳафс ҳам макруҳ деган («Ал-инсоф», 2/549). Иккинчи фикрга кўра бундай қилишнинг зарари йўқдир. Бу фикрни Абу Довуд (158) Имом Аҳмаддан нақл қилган, «Ал-инсоф»да шу фикр қатъий ихтиёр этилган. Шунингдек, Термизий (2/155) бу фикрни Имом Шофеийдан нақл қилган.

Имом Нававий айтади: “Шофеий мазҳабининг аксар уламолари бу масала хусусида фикр билдиришмаган. Тўғрироқ фикрга кўра, мазҳабда айтилганидек, қабрни лойсувоқ қилиш макруҳ эмас. Зеро, бу ишдан қайтарадиган бирон далил келмаган”.

Ўйлашимча, масалага қуйидаги тафсилотга кўра ҳукм чиқариш тўғрироқ бўлади: агар қабрни лойсувоқ қилишдан қабрни муҳофаза этиш, уни шариат рухсат берган миқдорда кўтариш, қабр тупроғини шамол учириб  юборишидан ва ёмғир ювиб юборишидан асраш кўзда тутилса, бу иш жоиз эканида шубҳа йўқ. Чунки у шаръий мақсадни рўёбга чиқаради. Ҳанбалийлар шундан келиб чиқиб мустаҳаб деган бўлсалар ажаб эмас. Агар қабрни лойсувоқ қилишдан уни безаш ёки шунга ўхшаш бефойда ишлар мақсад қилинса, ундай қилиш жоиз бўлмайди, балки бидъат бўлади»[1].

187 – Қабрга белги қўйиш

Қабр зиёрат қилинганида бошқа қабрлардан ажралиб, билиниб туриши учун унга тош каби бирор белги қўйиш жоиздир. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон ибн Мазъун қабри бошига тош келтириб қўйганлар ва бундай деганлар: «Бу билан биродаримнинг қабрини таниб оламан ва аҳли-оиламдан вафот этганларни унинг ёнига дафн этаман»[2]. Бу шофеий мазҳабининг фикри, ҳанбалийларда ҳам шундай ривоят бор, моликийлардан Қарофий шу фикрда бўлган[3].

«Қабрга белги қўйишда ҳаддан ошиш, баланд тошлар ўрнатиш суннатдан эмас. Бундай қилишдан эҳтиёт бўлиш вожибдир»[4].

188 – Маййитнинг бош ва оёқ тарафларига тош қўйиш шариатданми?

Қабрга бирдан ортиқ тош қўйиш суннатда келмаган. Бу масалага тегишли асосий далил Усмон ибн Мазъун ҳақидаги ҳадисдир.

Нававий айтади: «Маййитнинг бош тарафига тош, ёғоч ёки шу каби бирор белги ўрнатиш суннатдир. Имом Шофеий, китоб муаллифи (Шерозий) ва мазҳабнинг бошқа уламолари шундай дейишган. Фақат «Ал-ҳовий» муаллифи бундай деган: “Иккита белги қўйиш мустаҳабдир. Бири бош тарафига, иккинчиси оёқ тарафига қўйилади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон ибн Мазъуннинг қабрига шундай кўринишда иккита тош қўйганлар”. Муаллиф шундай деган бўлса-да, аслида Усмон ибн Мазъун ҳақидаги ҳадис[5] ривоятларидан у кишининг қабрига битта тош қўйилгани маълум бўлади. Валлоҳу аълам»[6].

Ҳаттоб ал-Моликий айтади: «“Мухтасар ал-возиҳа”да айтилади: “Киши қариндошининг қабрини таниб олиши ҳамда шу ерда қабр борлиги билиниб туриши учун қабрнинг бош тарафига бир дона тош қўйишнинг зарари йўқ.

Бироқ айрим илмсиз кимсалар қилганидек, тошларни қалаштириб ташлаш, ёки улкан тош қўйиш каби ишларда яхшилик йўқдир”. Иқтибос тугади»[7].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Баъзи юртларда аёл қабрига битта, эркак қабрига иккита белги қадалади. Бу ишнинг асоси борми? Аёл қабри эркак қабридан ажралиб туриши учун шундай қилинса бўладими?

Жавоб: Бу ишнинг далили бор эканини билмайман. Аёл ва эркакнинг қабрини чуқурликда, дафнда ва қабрнинг ташқи кўринишида бир хил қилиш суннатдир»[8].

«Шунга кўра, иккита тош қўйиш шариатдан эмас. Балки Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, қабр бошига битта тош қўйиш етарли»[9]. «Айрим одамлар қилганидек, аёл қабрига битта, эркак қабрига иккита тош қўйиш, шу билан қабрларни фарқлаш асоссиз, далилсиз ишдир»[10].

[1] Шайх Албоний. «Аҳком ал-жаноиз ва бидауҳа», 262-бет, 125-рақам.

[2] Ҳадис тахрижи 17-масалада ўтди.

[3] Қаранг: Рофеий. «Аш-шарҳ ал-кабир», 2/452; Қарофий. «Аз-захира», 2/479; «Ал-инсоф фий маърифат ар-рожиҳ мин ал-хилоф», 6/226.

[4] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/330, 20844-фатво, иккинчи тўплам.

[5] Ҳадис тахрижи 17-масалада ўтди.

[6] «Ал-мажмуъ», 5/189.

Шунингдек, қаранг: Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳ булуғ ал-маром», 5/591.

[7] «Мавоҳиб ал-жалил», 3/66.

[8] «Мажмуъ ал-фатово», 13/199.

[9] Шайх Абдуллоҳ ибн Солиҳ ал-Фавзон. «Фиқҳ ад-далил», 2/334.

[10] Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Шарҳ булуғ ал-маром», 5/591.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг