Дафндан кейинги ишлар (6)

0

189 – Қабр ёки қабристонга маййит исмини ёзиш

«Шайх, олим, аллома Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Або Батин раҳимаҳуллоҳдан маййит исмини қабртошга ёзиш ҳақида сўралди. У киши: “Бу ҳам қабрга ёзишдан қайтариб келган умумий тақиқ остига киради”, деб жавоб берди»[1].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабртошга ёзиш жоиз эмас. Ушбу ёзув хоҳ исм бўлсин, хоҳ рақам бўлсин, хоҳ қабила белгиси бўлсин, хоҳ булардан бошқа ёзув бўлсин, фарқсиздир. Бунга Жобир разияллоҳу анҳунинг ҳадисида келган қуйидаги умумий қайтариқ далил бўлади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрни суваш, унинг устида ўтириш, устига бино қуриш ва унга ёзишдан қайтардилар”. Ҳадисни Абу Довуд[2], Насоий[3], Ибн Можа[4] ва Ҳоким[5] ривоят қилган. Ҳадиснинг асли «Саҳиҳи Муслим»да[6] келган»[7].

Шайх Али Маҳфуз ал-Ҳанафий айтади: «Одамлар орасида кенг тарқалган бидъатлардан яна бири қабрларга ёзишдир. Бунда маййитнинг исм-шарифи ёзиладими ёки бошқа нарсами, фарқи йўқ. Қабрга қўйиладиган қабртошга ёзиладими ёки тахтачагами, ё бошқа жойгами, бари бидъатдир»[8].

Бадр қабристони рўпарасига ўрнатилган, Бадр жангида шаҳид бўлган саҳобаларнинг исмлари ёзилган мармар ёдгорлик ҳақида «Доимий фатво қўмитаси»дан сўралганида қуйидагича жавоб берди: «Ақида ҳимояси ҳамда ширк ва бидъат йўлини тўсиш бобидан келиб чиқиб, мазкур ёдгорлик олиб ташланиши керак. Шаҳид бўлган саҳобаларга нисбатан қилишимиз керак бўлган шариатга мувофиқ иш уларнинг ҳақларига дуо қилиш, уларга Аллоҳдан розилик сўраш, уларнинг ибратомуз сийратлари ва тарихларини одамлар орасида ёйишдир, токи одамлар уларга эргашсин. Уларнинг исмларини улар ётган қабристон атрофидаги девор ёки устунларга шунчаки илиб қўйишга келсак, бу иш на Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам, на саҳобалар ва на яхшиликда уларга эргашган тобеинлар қилган ишдир. Агар бундай қилиш яхши иш бўлганида бизлардан аввал улар бу ишни қилган бўлар эдилар»[9].

190 – Қабрларни рақамлар билан ажратиш

«Маййит аҳли ўзларига тегишли бўлган маййит қабрини тош каби бирор белги билан ажратишлари жоиз эканига суннат далил бўлди. Абу Довуд «Сунан»да келтирган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон ибн Мазъуннинг қабрини тош билан ажратдилар ва: “Бу билан (эмикдош) акамнинг қабрини таниб оламан”, дедилар[10].

Қабрларни рақамлашга келсак, бу иш жоиз эмас. Чунки қабрга рақам ёзиш ҳам Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган қабрга ёзиш жумласига киради»[11].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабр ажралиб туриши учун уни тош ёки суяк каби бирор нарса билан белгилаб қўйилса бўлади. Ёзиш ва рақам қўйиш жоиз эмас, чунки рақам қўйиш ҳам ёзиш ҳисобланади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай қилишдан қайтарганлари тўғрисида саҳиҳ ҳадис келган»[12].

191 – Қабристон деворларига рақам билан белги қўйиш

«Қабрларга ёки қабристон деворларига рақам ёзиш жоиз эмас. Чунки бу иш қабрларга ёзишдан қайтарилган умумий тақиқ жумласига киради ёки шу каби ножоиз ишга олиб борувчи восита ҳисобланади»[13].

[1] «Мажмуат ар-расоил вал-масоил ан-наждийя», 2/180. «Ал-манор» босмахонаси, Миср, биринчи нашр, 1349 ҳ.й.

[2] «Сунани Абу Довуд», 3225-ҳадис.

[3] «Сунани Насоий», 2027-ҳадис.

[4] «Сунани Ибн Можа», 1562-ҳадис.

[5] «Мустадрак», 1369-ҳадис.

[6] 970-ҳадис.

[7] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/362, 16297-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[8] «Ал-ибдоъ», 180-бет. Шунингдек, қаранг: «Мажмуъ фатово Шайх Ибн Боз», 1/398.

[9] «Ар-расоил ал-ҳисон фий навозил ҳаза аз-замон» (Айрим ножўя ишлар тўғрисида муаллиф қаламига мансуб рисолалар тўплами, тугалланмаган).

[10] Ҳадис тахрижи 17-масалада ўтди.

[11] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/373, 20844-фатво, иккинчи тўплам. Шунингдек, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг фатволар тўпламига («Мажмуъ ал-фатово», 13/200) қаранг.

[12] «Мажмуъ ал-фатово», 13/200.

[13] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/373, 20844-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг