Намоз: Қўлни кўтариб такбир айтиш

0
  1. Сўнг қўлини кўтариб такбир айтади

а) Рукнлар ўртасидаги такбирлар

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда ҳар эгилиш ёки бош кўтаришда такбир айтар эдилар. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни намозда ҳар бош кўтариш ёки эгиш, туриш ёки ўтириш пайтида такбир айтганларини кўрдим»[1].

Бунга уламолар ижмо қилишган. Фақат рукудан бош кўтариш бундан мустасно бўлиб, унда «Самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дейилади.

Жумҳур уламолар фикрича, бу такбирларни айтиш мустаҳабдир. Имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга ва айрим зоҳирийлар фикрига кўра, мазкур такбирларни айтиш вожибдир[2]. Шу фикр тўғрироқ[3]. Чунки «намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис»нинг баъзи ривоятларида бундай дейилади: «Сўнг «Аллоҳу акбар» дейди ва руку қилади. Рукуда бўғинларини бўшаштириб хотиржам туради. Сўнг «Самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дейди ва қаддини ростлаб тик туради. Сўнг «Аллоҳу акбар» дея сажда қилади. Саждада бўғинларини бўшаштириб хотиржам туради. Сўнг «Аллоҳу акбар» дея бошини саждадан кўтаради ва хотиржам ўтиради. Сўнг «Аллоҳу акбар» дея сажда қилади. Саждада бўғинларини бўшаштириб хотиржам туради. Сўнг бошини саждадан кўтариб, «Аллоҳу акбар» дейди (ва иккинчи ракаатга туради). Агар (ҳар бир ракаатда) шуларни қилса, намози тўлиқ бўлади»[4].

Такбир қачон айтилади?

Тўғрироқ фикрга кўра, рукнга киришилган пайтда такбир айтилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш учун турсалар қиёмда туриш олдидан такбири таҳримани айтар, сўнг руку қилаётиб такбир айтар, сўнг рукудан бошларини кўтараётиб «самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дер, сўнг тик турган ҳолларида «Роббана ва лакал ҳамд»ни айтар, сўнг саждага эгилаётиб такбир айтар, сўнг саждадан бошларини кўтараётиб такбир айтар, сўнг (иккинчи) саждага кетаётиб яна такбир айтар, сўнг саждадан бошларини кўтараётиб такбир айтар, сўнг шу ишни то намозни ўқиб бўлгунларига қадар барча ракаатларда такрорлар эдилар. Шунингдек, иккинчи ракаатдан кейинги қаъдадан (учинчи ракаатга) тураётиб ҳам такбир айтар эдилар»[5].

Ушбу ҳадис такбирни рукнга киришиш пайтида айтилишини кўрсатади. Бироқ уни то рукнга етиб боргунча чўзиладими ёки йўқми? Тўғрироқ фикрга кўра, такбирни то рукнга етиб боргунча чўзилмайди. Юқорида келтирилган «намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис» шунга далолат қилади. Унда «Сўнг «Аллоҳу акбар» дейди ва руку қилади», дейилган эди.

Имом муқтадийларга эшиттириш учун овоз чиқариб такбир айтиши суннат бўлади. Имомнинг овози орқадагиларга эшитилмаса, муқтадийлардан бири қолганларга эшиттириш учун баланд овозда такбир айтиб туриши мустаҳабдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам касал ҳолатларида саҳобаларга ўтириб намоз ўқиб берганларида Абу Бакр разияллоҳу анҳу такбир айтиб орқадагиларга эшиттириб турган эди. Ўшанда у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида ўтириб, у зотга иқтидо қилган, одамлар эса Абу Бакрга иқтидо қилиб намоз ўқиган эдилар[6].

б) «Рафъул ядайн» қилиш

Такбири таҳрима мавзусида айтилган тафсилотга кўра, икки қўлни икки елка баробарида, то қулоқнинг юмшоғига қадар кўтариш суннат ҳисобланади.

Икки қўлни кўтариш («рафъул ядайн» қилиш) ўринлари Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда зикр қилинган. Ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш учун турсалар икки қўлларини елкалари баробарида кўтарар, сўнг такбири таҳримани айтар эдилар. Руку қилмоқчи бўлсалар ҳам қўлларини худди шундай кўтарар, бошларини рукудан кўтарсалар яна шундай кўтарар ва: «Самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Роббана ва лакал ҳамд», дер эдилар»[7].

سَمِعَ اللهُ لِمَن حَمِدَه ، ربَّنا ولك الحمدُ

Маъноси: «Аллоҳ Унга ҳамд айтган кишининг дуосини қабул қилади (ва унга савоб ато этади). Эй Раббимиз, Сенга итоат этдик. Сенга ҳамд бўлсин».

Бухорийга оид бир ривоятда: «Бу ишни сажда қилганларида ҳам, бошларини саждадан кўтарганларида ҳам қилмас эдилар», дейилади. Муслимга оид бир ривоятда эса: «Икки сажда ўртасида қўлларини кўтармас эдилар», дейилади.

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан собит бўлишича, у икки ракаат ўқиб, учинчи ракаатга турганида қўлларини кўтарар эди. Ибн Умар бу ишни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берган[8].

Демак, мазкур тўртта ўринда «рафъул ядайн» қилиш собит бўлган. Дарҳақиқат, бу ўринлар «Намоз ўқиш тартиби» мавзусида келтирилган Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиб ўтилган эди.

Ушбу тўрт ўрин қуйидагилар:

а) Такбири таҳримани айтганда;

б) Рукуга кетишдан олдин;

в) Рукудан бош кўтарганда;

г) Биринчи қаъдадан турганда.

[1] Ҳасан саҳиҳ. Насоий (2/205), Термизий (253) ривояти. Ҳадисни Термизий саҳиҳ деган. Шунингдек, кейинроқ келтирилажак Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам бу ҳадис мазмунини қувватлайди.
[2] Аммо такбири таҳрима барча уламолар наздида рукн саналади.
[3] «Туҳфат ал-аҳвазий»дан (2/87) кўчирилди.
[4] Саҳиҳ. Абу Довуд (857), Насоий (1/161), Ҳоким (1/243) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган.
[5] Бухорий (789), Муслим (392) ривояти.
[6] Муслим (413), Абу Довуд (606), Ибн Можа (1232) Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Шунга ўхшаш ҳадис «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да Ойша разияллоҳу анҳо ва бошқалардан ривоят қилинган.
[7] Бухорий (735, 739), Муслим (390), Абу Довуд (721, 722), Насоий (2/121-122) ривояти.
[8] Бухорий (739), Муслим (390), Абу Довуд (741) ривояти.

Изоҳ қолдиринг