Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 261-266 оятлар

1

 مَثَلُ الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِائَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ ١٦٢

  1. Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш мўминларга фойдаси тегадиган энг катта ишлардан. Молларини Аллоҳ йўлида инфоқ қиладиган мўминларнинг мисоли ҳосилдор ерга экилган битта донга ўхшайди. Ундан униб чиққан пояда еттита бошоқ ўсиб етилган ва ҳар бир бошоқда юзтадан дон бор. Аллоҳ эҳсон қилувчининг қалбидаги комил иймон ва ихлосга қараб, истаган кишисига ажру-савобларни бир неча баробар кўпайтириб беради. Аллоҳнинг фазли карами кенгдир. У ўз фазлига ким лойиқ бўлишини яхши билувчи, бандаларининг ниятларидан бохабар зотдир.

الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ثُمَّ لا يُتْبِعُونَ مَا أَنفَقُوا مَنّاً وَلا أَذًى لَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلا هُمْ يَحْزَنُونَ ٢٦٢

  1. Молларини жиҳод ва бошқа яхши ишларга сарфлайдиган, сўнг қилган яхшиликларини миннат қилмайдиган, бирон сўзи ёки хатти-ҳаракати билан ўзи эҳсон қилган одамларнинг дилини оғритмайдиган кишиларга Раблари ҳузурида улкан ажру савоблар бор. Уларга ўзлари юзланажак охират ишларида ҳеч бир хавфу хатар йўқ, эриша олмаган дунё ишларига ғамгин ҳам бўлмайдилар.

قَوْلٌ مَعْرُوفٌ وَمَغْفِرَةٌ خَيْرٌ مِنْ صَدَقَةٍ يَتْبَعُهَا أَذًى وَاللَّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٌ ٣٦٢

  1. Тиланчини яхши гап билан қайтариш ва унинг қаттиқ туриб олиб тиланишини кечириш – садақа қилиб, ортидан миннат қилишдан яхшироқ. Аллоҳ бандаларнинг садақаларидан беҳожат ва уларга дарҳол азоб бермайдиган ҳалим зотдир.

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالأَذَى كَالَّذِي يُنفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ صَفْوَانٍ عَلَيْهِ تُرَابٌ فَأَصَابَهُ وَابِلٌ فَتَرَكَهُ صَلْداً لا يَقْدِرُونَ عَلَى شَيْءٍ مِمَّا كَسَبُوا وَاللَّهُ لا يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ ٤٦٢

  1. Эй иймон келтирганлар, қилган садақаларингиз савобини миннат ва озор билан йўққа чиқарманг. Бундай қилган киши Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиган ва молини одамлар кўрсин ва мақтасин деб риё учун берадиган кишига ўхшаб қолади. Бундай риёкорнинг ҳоли устини чанг-тупроқ қоплаган силлиқ тошга ўхшайди. Шаррос ёмғир қуйганда устидаги тупроқни оқизиб кетиб, уни сип-силлиқ қилиб қўяди. У риёкорлар ҳам худди шундай, Аллоҳ ҳузурида амаллари йўққа чиқади, қилган садақаларига савоб берилмайди. Аллоҳ кофирларни инфоқда ҳам, бошқа ишларда ҳам тўғриликка муваффақ этмайди.

وَمَثَلُ الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ وَتَثْبِيتاً مِنْ أَنْفُسِهِمْ كَمَثَلِ جَنَّةٍ بِرَبْوَةٍ أَصَابَهَا وَابِلٌ فَآتَتْ أُكُلَهَا ضِعْفَيْنِ فَإِنْ لَمْ يُصِبْهَا وَابِلٌ فَطَلٌّ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ ٥٦٢

  1. Мол-дунёларини Аллоҳнинг розилигини истаб, Унинг ваъдасига қатъий ишонч билан сарфлайдиган кишилар бамисоли баланд ва унумдор ердаги катта боққа ўхшайди. Шаррос ёмғир қуйса ҳосили икки баробар кўпаяди. Шаррос ёмғир қуймаса, шивалаб ёққан ёмғир ҳам икки баробар ҳосил бериши учун кифоя қилади. Шунга ўхшаб, ихлосли кишиларнинг садақалари Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлиб, оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам икки баробар кўпайтирилади. Аллоҳ қалблардаги яширин ниятлардан хабардор, зоҳиру ботин ишларни кўрувчи зот. У ҳар бир кишига ихлосига яраша ажру савоблар ато этади.

أَيَوَدُّ أَحَدُكُمْ أَنْ تَكُونَ لَهُ جَنَّةٌ مِنْ نَخِيلٍ وَأَعْنَابٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الأَنْهَارُ لَهُ فِيهَا مِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ وَأَصَابَهُ الْكِبَرُ وَلَهُ ذُرِّيَّةٌ ضُعَفَاءُ فَأَصَابَهَا إِعْصَارٌ فِيهِ نَارٌ فَاحْتَرَقَتْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ الآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ ٦٦٢

  1. Сизлардан бирингизнинг хурмозор, узумзор ва бошқа турли мевали дарахтлардан ташкил топган, дарахтлар остидан зилол сувли анҳор оқиб ўтадиган боғи бўлса-ю, ўзи кексайиб, боғ юмушларини қилишга ярамай қолган ва боғдан келадиган ҳосилга эҳтиёжли ёш болалари бўлгани ҳолда оловли бўрон келиб, боғи ёниб битишини истайдими?! Эҳсонини ихлос билан қилмайдиган кишилар ҳоли ҳам худди шунга ўхшайди. Уларга қиёмат куни ҳеч қандай ажр берилмайди. Фикр юритишингиз, нафақа ва эҳсонларингизни ихлос билан қилишингиз учун Аллоҳ сизларга манфаатли бўлган нарсаларни мана шундай очиқ-ойдин баён қилади.

Discussion1 dona sharh

Изоҳ қолдиринг