Сийрат: Макка давридаги ибодат ва ахлоқ тизими (2)

0

Ақлий тарбия

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни мукаммал тарбия қилдилар. Зеро, у зотнинг тарбиялари Қуръони каримдан олинган эди. Қуръони карим инсонга руҳ, жасад ва ақлдан иборат мавжудот деган эътибор билан хитоб қилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг тарбиялари билан саҳобалар ақлни ишлатиш, фикр юритиш, тафаккур ва тадаббур қилиш борасида улкан малакани қўлга киритдилар. Чунки шу нарса инсонни Аллоҳга даъват қилиш машаққатини кўтаришга лойиқ қилади.

Шунинг учун Қуръони карим ақл тарбияси учун алоҳида манҳаж (йўл) тақдим этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни тарбиялашда шу манҳажни қўлладилар. Мазкур манҳажнинг асосий нуқталари қуйидагилардан иборат:

  • Гумон, тахмин, кўр-кўрона эргашиш ва тақлидга таслим бўлиб қолишдан ақлни озод этиш.

  • Ақлни изланиш ва тадқиқ қилишга ўргатиш.

  • Ақлни коинот қонуниятлари ҳақида фикрлашга чорлаш.

  • Ақлни Аллоҳ жорий қилган қонунларнинг ҳикмати ҳақида фикр юритишга чорлаш.

  • Ақлни Аллоҳнинг асрлар оша инсонларга нозил қилган ўзгармас қонунларидан ибрат олишга чақириш. Токи киши ўтган ота-боболари тарихидан панд-насиҳатлар олсин, ўтмишдаги миллат ва давлатлар ҳаётидан, Аллоҳ уларга туширган балолардан ибратлансин.

Бадан тарбияси

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳабаларга бадан тарбиясини ҳам ўргатдилар. Бу тарбия ҳам Қуръони каримдан олингандир. Унга кўра, баданга тоқатига яраша вазифа юкланади, унга ортиқча оғирлик ҳам ортилмайди, ўта бўш ҳам қўйилмайди.

Қуръони карим инсоннинг жисмоний эҳтиёжларини қуйидагича тартибга солди:

  • Таом ва шаробга бўлган эҳтиёжини тартибга солди.

  • Либосга бўлган эҳтиёжини тартибга солди. Унга авратини яшириб турадиган, жисмини совуқ ва иссиқдан асрайдиган кийим кийишни вожиб қилди. Масжидга боришда зийнатли кийим кийишга тарғиб қилди.

  • Бошпанага, уйга бўлган эҳтиёжини тартибга солди.

  • Оила қуришга бўлган эҳтиёжини тартибга солди. Турмуш қуришни айрим ҳолатларда фарз қилди, зино, ўйнаш тутиш ва баччавозлик каби ишларни ҳаром қилди.

  • Эгалик ва раҳбарликка бўлган эҳтиёжини тартибга солди. Мол-давлатга ва ерга шаръий қоидалар асосида эгалик қилишига рухсат берди.

  • Зулм ва адоват билан раҳбарлик қилишни ҳаром қилди.

  • Ишга бўлган эҳтиёжини тартибга солди. Қиладиган иши шариат доирасидан чиқиб кетмаслигини ва бировга зарари бўлмаслигини шарт қилди. Мусулмонларни даъват ва дин вазифасини адо этиш ҳамда Аллоҳ ҳузурида ажр-савобларга эришиш учун бу дунёда етарли даражада ишлашга чорлади.

  • Исрофгарчилик, ҳаддан ошиш ва берилган неъматларга алданиб қолишдан қайтарди.

Изоҳ қолдиринг