Намоз: Руку қилиш

0
  1. Сўнг руку қилади

Руку намознинг рукнларидан биридир. «Намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис»да Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:  «Сўнг руку қил ва руку қилган ҳолатингда хотиржам тур», деган сўзларини келтирган эдик. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган руку қилиш тартиби қуйидагича: руку қилмоқчи бўлган инсон эгилади, бармоқлари орасини очиб, қўллари билан тиззаларини чангаллаб ушлайди, белини текис тутиб туради, бошини кўтариб ҳам, осилтириб ҳам юбормасдан бели билан баробар қилиб туради.

«Намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис»нинг айрим ривоятларида бундай дейилган: «Руку қилсанг, кафтларингни тиззаларингга қўй. Сўнг бармоқларинг орасини оч. Сўнг ҳар бир аъзо ўз жойига қайтгунча рукуда хотиржам тур».

Абу Ҳумайднинг ҳадисига оид бир ривоятда бундай дейилади: «Қўлларини худди камонга тортилган ипдек чўзиб, уларни биқинларидан узоқлаштирдилар»[1].

Байҳақий ривоятида «Руку қилсалар белларини ёйиб, текис тутар эдилар» дейилса, Табароний ва Ибн Можа ривоятларида «Ҳатто беллари устига сув (солинган идиш) қўйилса (тўкилмай) барқарор турар эди», дейилади.

«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (рукуда) бошларини пастга осилтирмас, юқорига ҳам кўтармас, балки уни мазкур икки ҳолатнинг ўртасида (беллари билан текис қилиб) тутиб турар эдилар»[2].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Инсон руку қилишга қодир бўлмаса, қодир бўлганича эгилади. Агар эгилишга мутлақ қодир бўлмаса, қиёмда турган жойида кўзи билан рукуга ишора қилади.

  2. Руку қилишда ният билан эгилиш шарт қилинади. Шунга кўра, қиёмда турган инсон ерга йиқилиб тушса ёки хатодан сажда қилса, сўнг хатосини англаб, руку ҳолатига қайтса, руку ўрнига ўтмайди. Балки қиёмга қайтиб, сўнг руку ниятида эгилиши шарт[3].

  3. Рукуда «татбиқ» қилиш, яъни икки кафтни бир бирига ёпиштириб, сўнг уларни икки сон орасига қистириш макруҳ саналади. Мусъаб ибн Саъддан ривоят қилинади: «Отамнинг ёнида намоз ўқир эканман, (рукуда) кафтларимни бир бирига ёпиштириб, уларни икки соним орасига қўйдим. Шунда отам мени бундай қилишдан қайтарди ва: «Биз олдин шундай қилар эдик, сўнг қўлларимизни тиззаларимизга қўйишга буюрилдик», деди»[4].

  4. Рукуда Қуръон ўқиш ҳаромдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Билиб қўйингки, мен руку ёки саждада Қуръон ўқишдан қайтарилдим. Рукуда Раб таолони улуғланглар, саждада эса кўпроқ дуо қилинглар. Зеро, (бу ўрин) дуоларингиз мустажоб бўлиши учун муносиброқдир»[5].

  5. Жумҳур уламолар фикрича, имомга рукуда етишган киши шу ракаатга етган ҳисобланади. Лекин бунинг учун тик турган ҳолда такбири таҳримани айтиб, сўнг имом билан бирга руку қилиши лозим. Аммо такбири таҳримани руку қилаётиб айтган бўлса, намозга кирган саналмайди. Бу кўпчилик намозхонлардан содир бўладиган хатолардан биридир. Рукуда имомга эргашган киши шу ракаатга етишган саналишининг далили қуйида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинажак ҳадисдир.

  6. Намозга кечикиб келган киши имомни қай ҳолатда топишидан қатъи назар, ўша ҳолатида унга эргашиши мустаҳабдир. Масалан, бир киши намозга келганида имомни сажда ёки қаъдада топса, гарчи у ўқиётган ракаат ҳисобга ўтмаса ҳам, намозга қўшилиши мустаҳаб бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намозга келганингизда бизлар сажда қилиб турган бўлсак, бизларга қўшилиб сажда қилинглар. Бироқ уни (бир ракаат) ҳисобламанглар. Ким бир ракаатга етишса, намозга етишган бўлади».[6] Шуни эслатиб ўтиш лозимки, баъзи намозхонлар имомнинг охирги қаъдада ўтирганига дуч келиб қолсалар, намозни бошқа жамоат билан ўқиш мақсадида намозга қўшилмасдан кутиб турадилар. Бундай қилиш юқорида келтирилган ҳадисга хилофдир. Бу каби ҳолатларда имомга эргашиб, намозга қўшилган афзал бўлади.

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд ривояти, 734.
[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (730), Термизий (304), Ибн Хузайма (608) ривояти.
[3] Қаранг: «Ал-мажмуъ», 3/308.
[4] Бухорий (790), Муслим (535), Абу Довуд (867), Ибн Можа (873), Насоий (2/184) ривояти.
[5] Муслим (479), Абу Довуд (876), Насоий (2/217) ривояти.
[6] Абу Довуд (893, ҳасан санад билан), Ҳоким (1/336), Дорақутний (1/347) ривояти.

Изоҳ қолдиринг