Касбларнинг энг афзали

0

Касбларнинг энг афзали:

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди:  “Уламолар касбларнинг энг афзали хусусида ихтилоф қилганлар. Мовардий айтади: “Касбларнинг асоси деҳқончилик, тижорат ва саноатдир. Шофеий мазҳабига кўра, касбларнинг энг афзали тижоратдир. Менимча, энг яхши касб деҳқончилик. Негаки, деҳқончилик касблар ичида таваккулга энг яқинроғидир”. Нававий шу бобдаги Миқдом розияллоҳу анҳунинг ҳадисини далил қилиб Мовардийга эътироз билдиради ва бу соҳадаги энг тўғри фикр касбларнинг энг яхши ва покизаси қўл меҳнати билан қилинган касб эканини айтиб шундай дейди: “Агар қўл меҳнати билан қилинган касб деҳқончилик бўлса, у энг покиза касбдир. Чунки деҳқончилик қўл меҳнати билан бажариладиган касб, унда Аллоҳга таваккул қилиш ҳамда одамлару ҳайвонларга умумий манфаат бор. Қолаверса, одатда, деҳқончиликда чиққан ҳосилдан идишларга солиб одамларга улашилади”. “Бундан ташқари, – дейди Ибн Ҳажар Нававийнинг сўзини нақл қилиб бўлгач, – жиҳод йўли билан кофирларнинг мол-мулкларидан эришилган нарсалар ҳам қўл меҳнати билан қўлга киритилган касблардан ҳисобланади. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зот асҳобларининг касбидир. Бу касбда Аллоҳнинг сўзини олий қилиш, душманларининг сўзини ерда қолдириш ва охират манфаати мавжуд бўлгани учун энг мартабали касб ҳисобланади”.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Биз юқорида айтганимизга кўра, кимда ким қўл меҳнати билан шуғулланмаса унга деҳқончилик касби афзалдир”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “(Нававийнинг) бу гап(и) деҳқончиликнинг бошқаларга ҳам манфаати тегадиган касб эканига биноан айтилган гап. Ҳолбуки, бошқаларга ҳам манфаат тегиши фақат деҳқончилик касбига хос эмас. Аксинча, қўл меҳнати билан бажариладиган барча касбларнинг манфаати умумийдир. Негаки, бу касбларда одамлар эҳтиёжини қондирувчи воситаларни яратиш мавжуд. Аслида, бу жиҳатдан касб-ҳунарларнинг даражалари турлича ва бу, ҳолат ва шахсларнинг ўзгариши билан ўзгариб туради, валлоҳу аълам”[1].

[1] “Фатҳул Борий” (4\ 304).

Изоҳ қолдиринг