Эй иймон келтирганлар (70): Мўмин амали бекор бўлиб, ўзи ҳалок бўлмаслиги учун Расулуллоҳга нисбатан одоб сақлаши вожиблиги

0

Эй иймон келтирганлар, Пайғамбар билан сўзлашган пайтингизда овозингизни унинг овозидан кўтарманг ва уни бир-бирингизни чақирганингиз каби баланд овозда чақирманг! Акс ҳолда, сезмаган ҳолингизда амалларингиз бекор бўлиб кетиши мумкин. Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини паст қилганлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини имтиҳон қилган ва уларни Ўзидан тақво қилишга хослаган кишилардир. Улар учун мағфират ва улкан ажр-мукофот бордир” (Ҳужурот, 2-3).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу нидонинг нозил бўлишига сабаб бундан олдинги нидонинг нозил бўлишига сабаб бўлган икки улуғ саҳобий разияллоҳу анҳумо ўртасида юз берган ҳолатдир. Улар Бану Тамим элчилари орасидан амир тайинлаш хусусида тортишиб қолишган эди. Абу Бакр Сиддиқ Қаъқо ибн Маъбадни, Умар ибн Хаттоб эса Ақраъ ибн Ҳобисни тайинлашни маъқул кўриб, тортишиб қолишди, ҳатто овозлари кўтарилиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларини ҳам босиб кетди. Бу буюк илоҳий нидода Аллоҳ таоло мўмин бандаларини Пайғамбар ҳузурида баралла овозда гапиришдан ҳамда у зот билан сўзлашганда овозларини Расулуллоҳнинг овозларидан юқори кўтаришдан қайтарди. Ушбу оятдан келиб чиқадики, бунга риоя қилиш вожиб ва ҳар бир мўмин хулқланиши лозим бўлган одобдир. Чунки бирон заруратсиз овозни баланд кўтариш одобсизлик, ахлоқсизлик саналади. Луқмон алайҳиссалом ўғлига қилган насиҳатни эсланг: “Эй ўғлим, билгинки, яхшилик ё ёмонлик гарчи хантал уруғича ўта кичик бўлиб, харсангтош ичида ёки еру осмонлардаги қай ўринда бўлса ҳам, албатта Аллоҳ уни келтиради. Шубҳасиз, Аллоҳ Латиф – меҳрибон, ҳамма нарсанинг яширин тарафларини ҳам яхши биладиган, Хабир – хабардор зотдир. Эй ўғлим, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар, ўзингга етадиган азиятларга сабр қил. Билгинки, бу насиҳатлар қаттиқ аҳамият берилиши керак бўлган ишлардандир. Одамларни камситиб, манманлик билан улардан юз ўгирма. Ерда кеккайиб, кибру ҳаво билан юрма. Аллоҳ ўзига бино қўйган ҳар қандай мутакаббирни ёқтирмайди. Шошмасдан, виқор билан юр. Овозингни паст қил, баланд кўтарма. Зеро энг хунук ва энг ёқимсиз овоз эшаклар овозидир” (Луқмон, 16-19).

Луқмон алайҳиссаломнинг гўзал ахлоқ-одобларни ўз ичига олган бу раббоний насиҳатларига қулоқ солайлик. Шунингдек, бу насиҳатда барчамиз амал қилишимиз вожиб бўлган бирламчи вазифалар зикр қилинган. Шулардан:

Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис этган ҳолда Аллоҳдан қўрқиш ва ҳаё қилиш; чунки ҳеч бир сўзу ишимиз Аллоҳнинг назаридан четда қолмайди.

Намозни тўлиқ адо этиш, одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш ва шу даъват йўлида етадиган озорларга сабр қилиш.

Кибрланиш ва мақтанчоқликнинг ҳаромлиги; одамларга бўйнини чўзмаслик, кеккайиб юрмаслик, юрганда шошмасдан ўртача юриш; эҳтиёжга қараб озгина тезлашишнинг зарари йўқ.

Ва ниҳоят мазкур насиҳатдаги охирги қайтариқ бизнинг мавзуимизга тегишли бўлган овозни паст қилиш, баланд кўтармаслик, ҳамсуҳбат эшитгудек даражада сўзлаш ва хоссатан ота-она, устоз ва мураббийлар билан суҳбатда овозни кўтармаслик энг вожиб ишлардандир.

Собит ибн Қайс разияллоҳу анҳу ҳақидаги воқеани эсга олинг. Бу ҳақда Имом Аҳмад “Муснад”да Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни келтирган: “Аллоҳ таолонинг: “Эй иймон келтирганлар, Пайғамбар билан сўзлашган пайтингизда овозингизни унинг овозидан кўтарманг ва уни бир-бирингизни чақирганингиз каби баланд овозда чақирманг! Акс ҳолда, сезмаган ҳолингизда амалларингиз бекор бўлиб кетиши мумкин” ояти нозил бўлди. Собит ибн Қайс ибн Шаммос баланд овозда гапирадиган киши эди. Бу оят нозил бўлганда у: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан овозини баланд кўтарадиган мен эдим. Мен дўзах аҳлидан эканман, амалим бекор бўлиб кетибди”, деб уйида маҳзун бўлиб ўтириб қолди. Собитнинг кўринмай қолганини пайқаган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни йўқладилар. Бир неча саҳоба унинг уйига бориб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салам сени сўрадилар. Нега кўринмай қолдинг?” дедилар. Собит ибн Қайс: “Мен овозимни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан баланд кўтарар, у зотни баланд овозда чақирар эдим. Амалим бекор бўлиб, ўзим дўзах аҳлидан бўлибман”, деди. Саҳобалар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга Собит ибн Қайснинг гапини етказдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, балки у жаннат аҳлидан”, дедилар. Анас разияллоҳу анҳу деди: “У орамизда юраркан, биз уни жаннат аҳлидан деб билардик”. Собит ибн Қайс разияллоҳу анҳу Ямома жангида шаҳид бўлган.

Азиз ўқувчи, шу оятдан келиб чиқиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида, ҳужраи шарифларининг яқинида овозни баланд кўтариш макруҳдир. Чунки у зотнинг вафотларидан кейинги ҳурматлари ҳам худди ҳаёт чоғларидаги ҳурматлари кабидир. Бир куни Умар разияллоҳу анҳу Масжиди Набавий ичида икки кишининг баланд овозда гаплашаётганини эшитиб, уларни чақиртирди ва қаердан келишганини сўради. Улар Тоифдан келишганини айтишди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: “Агар Мадиналик бўлганингизда адабингизни бериб, қаттиқ савалаган бўлардим. Расулуллоҳнинг масжидларида ҳам овозни баланд кўтарасизми?!” деб танбеҳ берди.

Аллоҳ таолонинг: “Акс ҳолда, сезмаган ҳолингизда амалларингиз бекор бўлиб кетиши мумкин” деган сўзлари Пайғамбар ҳузурида овозни баланд кўтаришдан қайтариқнинг сабабидир. Чунки овозни баланд кўтариш билан Расулуллоҳнинг ғазабларини келтириш хавфи бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланганлари учун Аллоҳ ҳам ғазабланиб, бундай беодоблик қилган кишини азоблаши мумкин. Амал бекор бўлиб кетиши эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан атайин беодоблик қилиш кишини диндан чиқарадиган куфр иш эканига далолат қилади. Шунинг учун ҳам амали ҳабата (бекор) бўлди, чунки амал ширк ва куфр содир бўлсагина ҳабата бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Эй Пайғамбар, қасамки, Аллоҳга ширк келтирсанг, шубҳасиз, барча қилган амалинг ҳабата бўлади ва зиён кўрувчилардан бўлиб, ҳалок бўласан” (Зумар, 65).

Муҳтарам ўқувчилар, ҳушёр бўлайлик, Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан одобсизлик қилиб қўйишдан ҳазир бўлайлик. У зот ҳақларида гапирганимизда ёки ҳадисларини айтганимизда ўта одоб ва эҳтиром билан ёндошайлик.

Аллоҳ таолонинг: “Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини паст қилганлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини имтиҳон қилган ва уларни Ўзидан тақво қилишга хослаган кишилардир. Улар учун мағфират ва улкан ажр-мукофот бордир” деган сўзлари эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида овозини паст қилган, баланд кўтармай одоб сақлаган киши учун улкан яхшилик хушхабаридир. Аллоҳдан тақво қилиш қалбига жойлаша олиши учун Аллоҳ унинг қалбини кенг очиб қўяди. Бундай кишилар учун Аллоҳ мағфиратни ва улкан ажр, яъни омонлик диёри жаннатни ҳозирлаб қўйгандир. Аллоҳ барчамизни жаннат аҳлидан қилсин ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан одоб сақлайдиган кишилардан бўлишимизни насиб этсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг