Қабрга латта, суяк, устун, сурат чизиш ва суваш билан белги қўйиш, қабртошларга ўймакорлик қилиш билан шуғулланиш

0

197 – Қабртошга боғланган мато билан қабрга белги қўйиш

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳдан қабрга латта билан белги қўйиш ҳақида сўралди.

У киши бундай жавоб берди: «Йўқ, жоиз эмас. Чунки бу иш қабр табаррук қилинишига ишора бўлиши мумкин. Ундай қилиш ман этилган»[1].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабртошга латта боғлаш билан қабрга белги қўйишга келсак, табаррук қилиш мақсадида қабрга латта боғлаш омма орасида тарқалган ишдир. Бу каби ишларнинг барчаси бидъат бўлиб, уларга амал қилиш жоиз эмас»[2].

198 – Қабрга суяк билан белги қўйиш

Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ қабрга суяк билан белги қўйиш тўғрисида қуйидагиларни қайд этган: «Ўлимтикнинг суяги эски ва қуруқ бўлса, пок ҳисобланади. Тўғрироқ фикрга кўра, чириган ва қуруқ эски суяк билан қабрга белги қўйишнинг зарари йўқ»[3].

199 – Ҳар бир қабила учун махсус белги қилиб олиш

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабрга бирор қабила ёки жамоатга оид белги қўйиш бидъат бўлиб, ундай қилиш жоиз эмас. Қабрни таниб олиш учун шариат кўрсатмасига риоя қилишнинг ўзи етарлидир, Аллоҳга ҳамд бўлсин»[4].

200 – Қабрга устун ўрнатиш билан белги қўйиш

Ибн Ҳож ал-Моликий қабрга белги қўйишга оид ножоиз ишларни санар экан, жумладан қабрнинг бош тарафига ўрнатиладиган устунни ҳам айтиб ўтади: «Бундан ҳам ёмонроғи, қабр бошига мармардан ёки бошқа нарсадан ясалган устун ўрнатишдир. Мармар устун бошқасига нисбатан макруҳлиги қаттиқроқдир. Устун ёғочдан ясалган бўлса ҳам ман этилади… Шунингдек, устунга гарчи ўйиб ёзилмаган бўлса ҳам, уни қабр бошига ўрнатиш жоиз эмас. Устун мармар, тош, ёғочдан ёки булардан бошқа нарсадан ясалган бўладими, фарқсиздир. Чунки бу иш мақтанчоқлик, исроф ва молни зое қилиш ҳисобланади. Тирик одам учун жоиз бўлмаган мазкур ишлар ўлимдан кейин қандай жоиз бўлсин?! Қолаверса, бу ишдаги яна бир ёмон жиҳат, бу ишни қилувчи кимса агар уни васият қилиб кетган ёки уни яхши кўрган бўлса, шуҳратга эришиш ҳамда вафотидан сўнг ном қолдириш учун шундай қилган бўлади. Агар ўзи васият қилмай, бошқа одам маййит учун бу ишни қилса, бидъат ишга қўл урган бўлади. Зеро, бу ишларнинг барчаси пок шариатимизда ман этилгандир»[5].

201 – Қабртошга маййит суратини чизиш

«Қабртошга маййит суратини чизиш жоиз эмас. Чунки сурат чизишни қатъий тақиқлаган ҳадислар келган. Бу ишнинг қабристонда, қабр устида қилиниши тақиқни янада кучайтиради. Зеро, бу иш ширк ва бутпарастликка тўғридан-тўғри восита бўлиб хизмат қилади»[6].

202 – Қабрни сувоқ қилиш билан фарқлаш

«Қабрни гипс, лой ёки шу каби нарсалар билан сувоқ қилиш билан бошқа қабрлардан ажратиш жоиз эмас. Зеро, Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, қабрни гипслашдан қайтарган ҳадис аввалроқ ўтди[7]. Лой ва бошқа нарсалар ҳам гипслаш қабилидандир»[8].

203 – Қабртошларга оид ўймакорлик касби билан шуғулланиш

Айрим хаттотлар қабртошларга ўймакорлик билан ёзиш ва нақш туширишни касб қилиб олишади.

Уларнинг бу ишлари ҳаром ишдир. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга ёзишни ҳаром қилганлар. Бу иш ортидан топаётган пуллари ҳам ҳаром ҳисобланади. Мазкур ҳаром касб узоқ замонлардан бери бор. Доктор Юсрий Зайдон айтади: «Бир қанча мусулмонлар қабртошларга ўйиб ёзиш ихтисосини эгаллаган. Баъзи оилалар бу ишни отамерос қилиб олганлар. Улар «ёзувчи наққошлар» номи билан танилган. Улардан бири Муҳаммад ибн Баракот ибн Абу Ҳармий бўлиб, Фосий у ҳақида бундай деган: “Амакиси каби ҳужжатларни ёзар, қабртошларга ўймакорлик қилар эди”»[9].

[1] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим. «Мажмуъ ал-фатово», 3/199, 911-рақам.

[2] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/363, 16297-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[3] Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим. «Мажмуъ ал-фатово», 3/199, 912-рақам.

[4] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/373, 20844-фатво, иккинчи тўплам.

[5] «Ал-мадхал», 3/265.

[6] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/362, 16297-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[7] Ҳадис тахрижи 33-масалада берилди.

[8] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/362, 16297-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[9] Д. Юсрий Зайдон. «Ал-аҳаммият ат-тарихийя ли-шавоҳид қубур ал-Муаллот би-Макка ал-мукаррама аср салотин ал-мамолик», 13-бет. «Ат-тарих ал-исломий ал-васит семинари» йилномаси, 1-адад, 1432 ҳ.й.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг