Аёл ва эркак қабрини бир-биридан фарқли қилиш, эски қабр белгисини янги қабрга кўчириш ва маййитга кўмилганидан сўнг калима айттириш

0

204 – Аёл қабрининг кўриниши эркак қабридан бошқача бўлиши

«Аёл кишининг қабри ташқи кўринишда эркак кишининг қабридан тош ёки бошқа бирор белги билан фарқланиб туриши шариатдан эканига бирор далил билмаймиз. Аслида қабрлар бир-биридан фарқли бўлмаслиги керак»[1].

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ишнинг асоси бор эканини билмайман. Эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам қабри чуқурликда, кўмишда ва ташқи кўринишда бир хил бўлиши суннатдир»[2].

205 – Эски қабрнинг белгисини янги қабрга кўчириш

Шайхимиз Ибн Боз раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Эски қабрнинг белгисини янги қабрга кўчириш жоизми?»

У киши қуйидагича жавоб берди: «Пок шариатимиз қоидаларидан менга маълум бўлишича, ундай қилиш жоиз эмас. Чунки у аввалги қабрнинг белгисидир. Одамлар у белгини кўрганларида қабрга ҳурмат кўрсатадилар, уни оёғости қилмайдилар, устига ўтирмайдилар ва ахлат ташламайдилар. Унинг белгисини бошқа қабрга кўчириш унга нисбатан ҳурматсизликдир. Янги қабрга у белгининг кераги йўқ. Балки унга янги белги қўйиш мумкин. Агар белги қилиш учун бирор нарса топилмаса, қабр ердан бир қарич миқдорда кўтарилиб, қабр кўринишига келтирилганидан сўнг белгисиз ҳолатда қолишининг зарари йўқ»[3].

206 – Маййит кўмилганидан сўнг унга калима айттириш

Маййит дафн этилгач унга калима айттириш жоиз эмас. Чунки бундай амал на Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва на рошид халифалардан ривоят қилинган.

Эътироз: Табароний Саид ибн Абдуллоҳ ал-Авдийдан ривоят қилади: «Абу Умомани жон берар маҳалида кўрдим. У бундай деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўликларимизга нима қилишимизни буюрган бўлсалар, мен вафот этсам менга ҳам шундай қилинглар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қуйидагича буюрдилар: «Биродарларингиздан бири вафот этиб, қабрига тупроқ тортсангизлар, бирингиз қабр бошига келиб: “Эй фалон (аёлнинг) ўғли фалончи”, деб нидо қилсин. Зеро, маййит уни эшитади, бироқ жавоб қила олмайди. Сўнг яна: “Эй фалончи ўғли фалончи”, десин. Шунда маййит қаддини ростлаб ўтиради. Сўнг яна: “Эй фалончи ўғли фалончи”, десин. Шунда маййит: “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, бизга йўл кўрсатинг”, дейди, бироқ сизлар буни сезмайсизлар. Кейин бундай десин: “У билан дунёдан ўтган калиманг ­– «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг қули ва элчисидир» деб гувоҳлик бер. Яна Аллоҳни парвардигор, Исломни дин, Муҳаммадни пайғамбар, Қуръонни имом деб рози бўлганингни айт”. Шунда Мункар ва Накирдан[4] бири иккинчисининг қўлидан тутиб: “Юр, кетдик, ҳужжати ўргатиб қўйилган кишининг ҳузурида нима ҳам қилар эдик”, дейди. Улар кетиб, Аллоҳнинг ўзи бандасини сўроқ қилади». Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, агар маййитнинг онасини танимаса-чи?» деб сўради. У зот: «“Эй Ҳаввонинг ўғли фалончи”, деб, Ҳаввога нисбат бериб айтсин», дедилар”»[5].

Жавоб: Бу ҳадис «заиф эканига ҳадисшунос уламолар иттифоқ қилган»[6].

«Афтидан, ушбу ҳадис тўқимадир»[7].

«Ушбу ҳадисга амал қилиб, маййитга мазкур сўзларни талқин қилиш бидъатдир»[8]. «Бу ишнинг олдини олиш вожибдир»[9].

Из ибн Абдуссалом айтади: «Маййитга калима айттириш ҳақида саҳиҳ хабар келмаган, ундай қилиш бидъатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Маййитларингизга «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айттиринглар[10] деган сўзлари ўлими яқинлашган ва яшашидан умид узилган кишига тегишлидир»[11].

Ибн Қудома айтади: «Маййит кўмилганидан сўнг унга калима айттириш тўғрисида Имом Аҳмаддан нақл қилинган бирор хабар топмадим. Имомлардан бирортаси бу ҳақда бирон нарса деганини билмайман. Фақат Асрам ривоят қилган қуйидаги нақл бор, холос: «Абу Абдуллоҳ (Имом Аҳмад)дан сўрадим: “Маййит кўмилганидан сўнг айримлар қиладиган иш ҳақида сўрамоқчиман. Бир киши қабр бошида туради-да: «Эй фалончи (аёлнинг) ўғли фалончи, у билан дунёдан ўтган калиманг ­– «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг қули ва элчисидир» деб гувоҳлик бер», дейди”. Имом Аҳмад деди: “Шом аҳлидан ташқари бирор кимса ундай қилганини кўрмадим. Абул Муғийра вафот этганида бир одам келиб, шу сўзларни айтган эди”»[12].

Шайх Муҳаммад Ҳомид ал-Фақий айтади: «Маййитга калима айттириш ҳақида саҳиҳ йўл билан бирор ривоят келмаган. “Бундай қилиш бидъатдир” деган уламоларнинг сўзлари энг тўғри сўздир»[13].

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Уламоларнинг ўлимдан сўнг маййитга калима айттириш ҳақидаги икки хил фикрларидан тўғрироғи шуки, мазкур иш шариатдан эмас, балки бидъатдир, ҳар бир бидъат залолатдир… Шофеий каби тўрт имомдан бирортасининг мазҳаби шаръий ҳукмни тасдиқлаш учун ҳужжат бўлолмайди. Балки ҳужжат Аллоҳнинг китоби, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадислари ва умматнинг ижмосидир. Буларнинг биронтасида ўлимдан сўнг маййитга калима айттириш ҳақида ҳеч нима келмаган. Бинобарин, бу иш рад этилади»[14].

[1] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/54, 6639-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[2] «Мажмуъ ал-фатово», 13/199.

[3] Аввалги манба, 13/198-199.

[4] Қабрда имтиҳон қиладиган фаришталар «Мункар ва Накир» деб аталиши тўғрисида талай ҳадислар келган. Улар орасида саҳиҳроғи Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Маййит (ёки: сизлардан бирингиз, дедилар) қабрга кўмилса, олдига икки қорамтир-кўкимтир фаришталар келади. Уларнинг бири «Мункар», бошқаси «Накир» деб аталади. Улар маййитга: “Бу киши (яъни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида нима дер эдинг?” деб сўрайдилар…» Ҳадисни Термизий «Қабр азобига оид хабарлар боби»да (1071) келтирган. Албоний ҳадис тўғрисида бундай деган: «Санади «жаййид» (ҳасан), ровийларининг барчаси «сиқа» (ишончли), Муслимнинг ровийларидир. Қурайшликлар мавлоси (озод этилган қули) бўлган Ибн Исҳоқ ал-Омирий тўғрисида ривоятига путур етказмайдиган айрим гаплар айтилган» («Ас-силсила ас-саҳиҳа», 3/465).

Имом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Қабр азоби, Мункар ва Накирнинг савол-жавобига келсак, булар тўғрисида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадислар кўп ва мутавотирдир» («Мажмуъ ал-фатово», 4/285). Яна айтади: «Фаришталар ва пайғамбарлар ҳақ эканига иймон келтириш вожибдир. Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган барча нарсаларга иймон келтириш ҳам. Мункар ва Накир, жаннатдаги ҳури ийнлар, хизматкор болалар ва бошқалар шулар жумласидан» (Собиқ манба, 1/295-296).

[5] «Ал-мўъжам ал-кабир», 8/249, 7979-ҳадис.

[6] Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ. «Туҳфат ал-мавдуд би-аҳком ал-мавлуд», 253-бет. Муҳаққиқ: Салим ал-Ҳилолий. «Дор Ибн Қаййим» ва «Дор Ибн Аффон» нашриётлари, биринчи нашр, 1421 ҳ.й.

[7] Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг «Булуғ ал-маром»га ёзган изоҳи, 364-бет. Текширувчи: Абдулазиз ибн Қосим. «Дор ал-имтиёз» нашриёти, иккинчи нашр, 1425 ҳ.й.

[8] Санъоний. «Субул ас-салом», 2/218.

[9] «Ал-мунтақо мин фатово Шайх Солиҳ ал-Фавзон», 1/197.

[10] Муслим ривояти, 916-ҳадис.

[11] Из ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 660 ҳ.). «Фатово», 427-бет. Муҳаққиқ: Муҳаммад Курдий. «Муассасат ар-рисола» нашриёти, биринчи нашр, 1416 ҳ.й.

[12] «Ал-муғний», 3/437-438.

[13] Шайх раҳимаҳуллоҳнинг Баълийнинг «Ал-ихтиёрот ал-илмийя» китобига ёзган изоҳидан, 133-бет.

[14] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 8/338-339, 3159-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг