Эй иймон келтирганлар (71): Ҳукм чиқаришда хабарни аниқлаштириш вожиблиги ва саҳобаларнинг энг афзал кишилар экани баёни

0

Эй иймон келтирганлар, сизларга фосиқ кимса бирон хабар келтирса, гапининг ростлигини аниқлаштириб олинг. Акс ҳолда, бегуноҳ бир қавмга зарар етказиб қўйиб, кейин бу ишингизга пушаймон бўлиб қоласиз. Билингларки, орангизда Аллоҳнинг пайғамбари бор. Агар у сизлар ихтиёр қилаётган ишлардан кўпида сизларга итоат этса эди, бу сизларни машаққатга солган бўлар эди. Лекин Аллоҳ сизларга иймонни суюмли қилди ва уни қалбларингизга чиройли кўрсатди, куфр-итоатсизлик ва Ўзига осийлик қилишни ёмон кўрсатиб қўйди. Мана шундай сифатларга эга бўлганлар ҳақ йўлда юрувчилардир. Бу яхшилик Аллоҳнинг уларга бўлган фазлу марҳамати ва неъматидир. Аллоҳ билувчи, ҳикматли зотдир” (Ҳужурот, 6-8).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо нозил бўлишининг ажойиб сабаби бор. Келинг, шу воқеани бирга кўриб чиқамиз:

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Валид ибн Уқба ибн Абу Муайтни Бани Мусталиқ қабиласига молларининг закотини олиб келиш учун юборадилар. Жоҳилият даврида Бани Мусталиқ билан Валид ибн Уқба оиласининг ўзаро адовати бор эди. Буни эслаган Валид ҳадиксираб, Бани Мусталиқ маҳалласига кирмай қайтиб кетди. Шубҳасиз, бу қўрқувни унинг дилига шайтон васваса қилган эди. У қайтгач, қалбига тушган қўрқувни яшириб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтмади, ўрнига Бани Мусталиқ закот беришдан бош тортгани, ўзини эса ўлдирмоқчи бўлишганида амаллаб қочиб қолганини айтиб, ёлғон хабар етказди. Бу хабарни эшитган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланиб, Бани Мусталиқ қабиласига қарши уруш очмоқчи бўладилар. Аҳвол шундай бўлиб турганида Бани Мусталиқ қабиласидан вакиллар келиб, мободо улар ҳақида ёмон хабар етиб қолмаганмикин деган хавотирда, Расулуллоҳга ҳали ҳам хайрихоҳ эканларини, аҳдларига вафода эканларини, Валид уларгача етиб келмай, ярим йўлдан ортга қайтиб кетганини хабар берадилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа тарафдан Холид ибн Валидни юборган эдилар. У Бани Мусталиққа шом намозидан олдин етиб боради. Қараса, улар азон айтиб, шомни ўқидилар. Сўнг хуфтон вақтида яна азон айтиб, хуфтонни ўқидилар. Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу уларнинг диндан қайтмаган, Исломда барқарор эканларини билади ва закотларини олиб келади. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Эй иймон келтирганлар, сизларга фосиқ кимса бирон хабар келтирса, гапининг ростлигини аниқлаштириб олинг”. Яъни қалбида фисқи бўлган, гуноҳи кабирага қўл урган кимса муҳим иш ҳақида хабар келтирса, шартта бир гап гапирвориш ё бир иш қилиш ёки ҳукм чиқариб юборишдан олдин шу хабарни аниқлаштириб, текшириб кўринг.

Акс ҳолда, бегуноҳ бир қавмга зарар етказиб қўйиб, кейин бу қилган ишингизга пушаймон бўлиб қоласиз”. Яъни асл ҳолатни аниқ билмаган ҳолда қилган ишингиз билан бегуноҳ одамларга мусибат етказиб қўйишингиз мумкин. Кейин бу хато қилмишингизга афсус-надоматлар чекиб юрасиз.

Билингларки, орангизда Аллоҳнинг пайғамбари бор”. Яъни ёлғон гапиришдан, ботил сўзларни сўзлашдан ҳазир бўлинг, ваҳий нозил бўлиб турибди-я, тағин ёлғон ва ботилларингиз билан шармандангиз чиқиб қолмасин.

Агар у сизлар ихтиёр қилаётган ишлардан кўпида сизларга итоат қилса эди, бу сизларни машаққатга солган бўлар эди”. Яъни қаттиқ қийинчилик ва гоҳида гуноҳга ҳам тушиб қолган бўлардингиз.

Лекин Аллоҳ сизларга иймонни суюмли қилди ва уни қалбларингизга чиройли кўрсатди, куфр-итоатсизлик ва Ўзига осийлик қилишни ёмон кўрсатиб қўйди”. Шу сабаб Расулуллоҳга ёлғон гапириш, у зотдан олдин бирон ишга қадам босиш ва ўз фикрини ўтказиш каби ишлардан сизларни Аллоҳ сақлади, акс ҳолда бундай ишлар билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериб қўярдингиз. Аллоҳ таоло қалбингизга иймонни яхши кўрсатиши, куфр, фисқ ва исённи ёмон кўрсатиши билан сизларни ҳақ йўлда юргизиб қўйди. Сизларни ёмон ўй-фикрлар, ботил истаклардан сақлаб, ўзингизга машаққат ва зарар етказадиган, Пайғамбарга озор берадиган талабларга ўрин қолдирмади.

Мана шундай сифатларга эга бўлганлар ҳақ йўлда юрувчилардир”. Яъни Аллоҳ таоло уларга иймонни яхши кўрсатиб, куфр, фисқ ва исённи ёмон кўрсатган кишилар тўғри йўлда юрувчи кишилардир. Булар шубҳасиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Абу Бакр Сиддиқ, Умар, Усмон, Али разияллоҳу анҳум ва булардан бошқа асҳоби киромлар ҳамда бу умматдаги иймон яхши кўрсатилиб, куфр, фисқ ва исён ёмон кўрсатилган барча мўминлардир. Ана шулар ҳақ йўлдалар. Бу йўл унда юрувчини дунёда поклик ва иззат-шарафга, охиратда эса Аллоҳнинг розилиги ва жаннатга олиб борувчи йўлдир.

Бу яхшилик Аллоҳнинг уларга бўлган фазлу марҳамати ва неъматидир”. Яъни Аллоҳ уларни иймон, ислом ва эҳсонга ҳидоят қилгач, улар иймон ва эҳсонни яхши кўриб, куфр, фисқ ва исённи ёмон кўрдилар, ҳақ-тўғри йўлда юрдилар, бу билан бахт-саодат ва баркамол ҳаётга эришдилар. Буларнинг бари Аллоҳнинг уларга фазлу марҳамати, инъом этган неъматидир.

Аллоҳ билувчи, ҳикматли зотдир”. У уларнинг ўзларини ҳам, ниятлари, орзу-истакларини ҳам билади, ишларини гўзал ҳикмат ила бошқаради. Аллоҳ таоло саҳобаларни ва улардан кейин то қиёматгача келадиган иймонни яхши кўриб, куфр, фисқ ва исённи ёмон кўрганларни яхшиликларга лойиқ қилди. Фақат бу фазл-марҳамат ва неъматни Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамсуҳбат бўлиш шарафи билан саҳобаларга тўлиқ қилиб берди, уларнинг мартабаларини бошқалардан кўра юқори даражага кўтарди. Саҳобалардан кейин келганлар бу шарафга на дунёда ва на охиратда ета оладилар. Аллоҳ барчаларидан, шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг