Эй иймон келтирганлар (72): Мусулмонлар устидан кулиш ва уларга ёмон лақаблар қўйиш ҳаромлиги

0

Эй иймон келтирганлар, бир мўмин қавм бошқа бир мўмин қавм устидан масхара қилиб кулмасин. Эҳтимол, масхара қилинганлар масхара қилувчилардан яхшироқдир. Мўмина аёллар бошқа мўмина аёллар устидан кулмасин. Эҳтимол, масхара қилинганлар масхара қилувчилардан яхшироқдир. Бир-бирингизни айбламанг ва бир-бирингизга ёмон лақаблар қўйманг. Исломга кириб, мўмин бўлгандан сўнг фосиқлик билан номланиш нақадар ёмон! Ким тавба қилмаса, ўшалар ўзларига зулм қилган кишилардир” (Ҳужурот, 11).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, бу илоҳий нидо ҳамда бундан олдин ўтган уч ва бундан кейин келадигани билан жами беш нидо Ҳужурот сурасида келган нидолар бўлиб, барчаси мўминларнинг тарбияси, уларни поклаш, одоб-ахлоқларини юксалтириш мақсадида нозил қилинган. Чунки улар Аллоҳга, қиёмат кунига, Қуръон ва ундаги ҳукмларга, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг суннатларига иймонлари билан шунга лойиқ бўлдилар. Энди бу лаёқатни оқлаган ҳолда ҳар бир мўмин ушбу нидоларни диққат ва тафаккур билан ўқиши, маъноларини англаб амал қилиши лозим бўлади. Шунда баркамол ҳаёт ва икки дунё саодатига эришади. Аллоҳ барчамизни муваффақ қилсин. Амин.

Қуйида Ҳужурот сурасида келган беш илоҳий нидонинг тўртинчиси бўлган бу нидо шарҳини баён қиламиз:

Аллоҳ таоло деди: “Эй иймон келтирганлар, бир мўмин қавм бошқа бир мўмин қавм устидан масхара қилиб кулмасин”. Яъни орангиздаги бир тоифа кишилар бошқа кишиларни мазах қилиб, таҳқирламасин. Иззаи мўмин ҳаром ва Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган ишдир. Раббингиз ғазабига гирифтор бўлишга қандай рози бўласиз? Ҳолбуки Аллоҳ мўминларнинг дўстидир, мўминлар ҳам иймон ва тақволари билан Унинг дўстидирлар.

Эҳтимол, масхара қилинганлар масхара қилувчилардан яхшироқдир”. Яъни масхара қилинганлар эҳтимол Аллоҳнинг ҳузурида масхара қилувчилардан кўра яхшироқ ва ҳурматлироқдир. Одамлар ичидаги ҳурмат-эътибор муҳим эмас, муҳими Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматга сазовор бўлишдир. Масхара қилаётган бечора билмайдики, масхара қилаётган кишиси балки ундан кўра Аллоҳга яқин ва суюклидир. Шу боис мўмин киши бошқа бир мўминни мазах қилиб, таҳқирлаши ўта қабиҳ, жирканч ишдир. Бундан ҳазир бўлайлик, иймон  келтирган Аллоҳнинг мўмин дўстлари бўла туриб бир-биримизни масхара қилмайлик.

Мўмина аёллар бошқа мўмина аёллар устидан кулмасин. Эҳтимол, масхара қилинганлар масхара қилувчилардан яхшироқ бўлсалар”. Яъни мўмина аёллар ҳам ўзлари каби мўмина бўлган бошқа аёлларни масхара қилмасин. У масхара қилаётган аёл Аллоҳ наздида ундан кўра яхши бўлиши мумкин. Аллоҳ таолонинг: “Эҳтимол” деган сўзида масхара қилинаётган эркак ё аёл Аллоҳнинг ҳузурида мазах қилиб, кулаётган эркак ва аёлдан яхши эканига ишора бор.

Аллоҳ таоло мўминлар бир-бирини мазах қилиб, таҳқирлашини ҳаром қилишига сабаб, бу иш мўмин ва мўминалар ўртасида адоват уруғи сочилишига, бу эса душманлик кучайиб, уруш-жанжалга, ҳатто қон тўкилишига олиб бориши мумкин. Мўмин киши ё мўмина аёл ўзининг мўмин биродари билан адоватлашиб, уруш-жанжал қилишга ва Аллоҳ сақласин, қонини тўкишга қандай рози бўлади?

Аллоҳ таоло мўминлар бир-бирларини масхара қилишини ҳаром қилгани каби бир-бирларини қоралаш ва ёмон лақаблар билан аташни ҳам ҳаром қилди: “Бир-бирингизни айбламанг ва бир-бирингизга ёмон лақаблар қўйманг”. Яъни бир-бирингизни қоралаб юрманг, чунки сиз бир тану бир жон бўлган умматсиз. Мўмин мўмин биродарини айблаши ярамайди. Мўмин биродарини айблаган киши ўзини айблагандек бўлади. Ундан ташқари, айбланган мўмин ҳам ўзини айблаган биродарини айблайди, натижада ўртада адоват урчийди. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Бир-бирингизни айбламанг”, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтган: “Бало сўзга вакил қилингандир. Мен бир итни масхара қилсам, ўзим итга айланиб қолишдан қўрқаман”.

Бир-бирингизга ёмон лақаблар қўйманг”. Мўмин киши ўзи каби мўмин биродарини ёмон лақаблар билан мазах қилиши, биродарига дилини оғритадиган лақаблар қўйиши ҳалол эмас. Чунки бу ҳам ўзаро адоват, уруш-жанжал ва ҳатто қон тўкишгача олиб борадиган ёмон ишдир.

Исломга кириб, мўмин бўлгандан сўнг фосиқлик билан номланиш нақадар ёмон!” Яъни иймон келтириб, мўмин номини олгандан кейин фосиқ деб ном олиш энг қабиҳ, манфур ҳолатлардан биридир. Шунинг учун мўмин киши мўмин биродарига: “Эй фосиқ, эй кофир, эй фожир, эй бузуқ, эй бузғунчи”, деб айтиши ҳаромдир. Чунки фосиқлик энг ёмон, жирканч номлардан биридир. Мўмин кишини ёмон лақаблар билан атайдиган киши фосиқ саналади. Аллоҳ ва Расулига, қиёмат кунига, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ҳақ динга, Китоб ва суннатга иймон келтириб, мўмин номини олгандан сўнг фосиқлик билан номланиш нақадар ёмон!

Аллоҳ таоло нидонинг сўнгида: “Ким тавба қилмаса, ана ўшалар ўзларига зулм қилган кишилардир”, деди. Яъни ким мўминларни масхара қилиш, уларни айблаш, уларга дилари оғрийдиган лақаблар қўйиш каби катта гуноҳларига тавба қилмаса, Аллоҳнинг ғазаби ва азобига ўзини рўпара қилган золимлардан бўлади. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишдан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ тилаймиз.

Мўминнинг қадрини туширадиган, таҳқир ва мазах бўлган лақаблар қўйишдан сақланиш лозим. Аммо таҳқир ва масхаралашни ифода этмайдиган, аксинча, мақтов бўладиган Ҳотамтой, Жасур, Аллома каби лақаблар билан аташнинг зарари йўқ.

Мўминлар бир-бирини суяб, тутиб турувчи бино каби эканини унутманг. Шундай бўлгач, мўмин ўз биродарини масхара қилиши, айблаши, унга турли ёмон лақаблар қўйиши қандай дуруст бўлсин?! Булар душманчиликка олиб борадиган ишлардир. Мўмин биродарларга нисбатан доим ҳақ ва рост сўзларни сўзлайлик.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг