Фарзанд тарбиясидаги хатолар (19): Болаларни бетартиб, пала-партиш ва бесаранжом қилиб етиштириш йўллари

0

Фарзандларингизга ўйинчоқларини ва хоналарини йиғиштиришларини айтинг, йиғиштирмасалар жаҳл қилинг, лекин охир-оқибат яна ўзингиз йиғиштиринг. Кўчадан уст-бошлари кир бўлиб қайтишганда тоза кийимларини кийдирманг, ўз ҳолларига қўйинг, кир кийимларида юраверишсин.

Болалари орасида айирмачилик қиладиган бир хотинни танир эдим. Санжар деган тўрт ёшли ўғли, Анора деган етти ёшли қизи бор эди. Анора тартиб-интизомли ва олийжаноб қиз бўлса, Санжар унинг бутунлай тескариси — бетартиб, бесаранжом ва қўпол эди. Қизиғи, оналари бетартиб ўғлини ҳимоя қилиб, тартибли қизини камситар эди. У бу ишини кичикинани каттага эздириб қўйишни хоҳламаслиги билан оқлар эди.

Онасидан тарафкашлик кўрган Санжар ўта тинмас, безори бола бўлганди. Опаси Аноранинг нарсаларига зарар бериб завқланар, уни йиғлатмаган куни кўнгли жойига тушмас эди. Анора мактабга кетишдан олдин ўйинчоқларини йиғиштирар, ётоғини тартиблар, кийимларини жой-жойига қўяр, сўнгра уйдан чиқар эди. Санжар опаси мактабга кетди дегунча унинг хонасига кириб, китобларини титар, ётоғини бузар, ўйинчоқларини ҳар томонга отар эди.

Анора мактабдан келиб, хонасини бундай ҳолатда кўриб, жуда хафа бўлар, нарсаларини йиғлаб йиғиштирар эди. Бир куни яна безори Санжар томонидан тўзитилган нарсаларини йиғиштирар экан, роса яхши кўрган қўғирчоғининг қўли узилиб ётганини кўриб жуда хафа бўлди ва йиғлаб онасининг олдига борди.

 – Ойижон, Санжар яна хонамни остин-устин қилибди, қўғирчоғимнинг қўлини узибди… — деди.

Онаси қандай жавоб берса, хурсанд бўлардингиз?

 – Манави одобсизга қара! Йиғлаганини кўрган одам жиддий нарса бўлибди, деб ўйлайди. Бола кечгача зерикади, нима қилибди хонангни тўзитган бўлса! Йиғиштириш шунча қийинми?

 – Лекин ойижон, қўғирчоғим… Қўғирчоғимнинг қўлини узибди.

 – Эскаргани учун узилгандир. Эски қўғирчоққа нега бу қадар ёпишиб қолдинг? Бор жўна, сен билан овора бўлишга вақтим йўқ. Кўрмаяпсанми, иш қилаяпман.

Анора онасига дардини тушунтира олмагач, қўли узилган қўғирчоғини кўтариб хизматкор хотинга борди. Қўғирчоғининг бошига келганларни айтди. Хизматкор хотин кўнглида кири бўлмаган яхши хотин эди. Анорани қучоғига олиб, унга тасалли берди: “Хафа бўлма, гўзал қизим. Ҳозир игна ип олиб, қўғирчоғингнинг қўлини тикиб бераман. Олдингидай бус-бутун бўлади”. У айтганини қилди. Қўғирчоқнинг қўлини тикди. Кейин Анора билан унинг хонасига боришди ва биргаликда хонани йиғиштиришди. Шу пайт онаси келиб қолди. Хизматкор хотиннинг Анорага яқинлигини кўриб, уни қизғанди ва жаҳлдор овозда: “Бу қизни нимага эркалатасиз? Аслида уни шундай инжиқ ва нимжон қилган сизсиз…”, деди.

Аноранинг онаси ўзида бор неъматларнинг қадрини билмайдиган хотин эди. Ҳаммага ҳам насиб бўлмайдиган тартибли, интизомли ва нозик табиатли қизи борлиги учун шукр қилиш ўрнига шикоят қилар эди. Яна ҳамма уйга насиб бўлмаган меҳнаткаш ва кўнглида кири бўлган яхши хизматкори бор эди. Унинг меҳнатини қадрлаш ўрнига унга озор берар эди. Тўғрироғи, қизига бўлган яқинлиги туфайли уни қизғанарди. Қизғаниши шу даражага етдики, бир куни хизматкорини чақирди ва “Буёғига кексайиб қолдингиз, сизнинг ўрнингизга шу маошга ишлайдиган ёш хизматчи топа оламан…”, деб ишдан ҳайдади.

Жуда яхши кўрган, ҳамдарди бўлган кекса хизматкор хотин уйдан кетгач, Анора буткул ёлғиз ва ҳимоясиз қолди. Хизматкорни қайтаришини сўраб бир неча кун онасига ялиниб ёлворди. Онаси: “Ҳеч қачон, уни бу уйда кўришни истамайман!” деди. Кекса ҳамдардини қайтиб келишидан умиди узилган Анора ўзгара бошлади. Энди у олдингидай тартибли ва олийжаноб эмас эди. Санжар унинг нарсаларига зарар берганда уни бир четга тортиб урар, сўнгра бориб унинг хонасини ҳам остин-устин қилар, ўйинчоқларини синдирар эди. Онаси бундай ўзгаришга тушунолмас, “Тавба-тавба, бу қизга нима бўлди?” дер эди.

Анора катта қиз бўлди. Ҳамма қатори турмушга чиқиб, бола-чақали бўлди. Лекин, бетартиб ва бесаранжом уй бекаси бўлганди. Уй тўзиб кетса ҳам қўлига супурги олай демасди. Ойлар мобайнида кир ювганини кўрган бўлмасди. Болалари кир кийимларда юрар эдилар. Қўшни хотинлар унинг болаларини бир-бирларига кўрсатиб, “Ана палакат хотиннинг болалари!” дейишар эди.

Изоҳ қолдиринг