Дафндан сўнг маййит ҳаққига қандай дуо қилинади? (2) Қабр бошида қанча турилади?

0

211 – Дафндан сўнг маййит ҳаққига баланд овозда дуо қилиш

Маййит кўмилганидан сўнг унинг ҳаққига баланд овозда дуо қилиш бидъатдир. «Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни кўмиб бўлганларидан сўнг қабр тепасида турар ва: “Биродарингиз ҳаққига истиғфор айтинглар, унга собитқадамлик сўранглар. Зеро, у ҳозир сўралади”, дер эдилар»[1]. Жамоавий тарзда дуо қилиш суннат бўлганида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилган бўлар эдилар. Бироқ маййит кўмилганидан сўнг одамларга ҳар бир одам маййит учун ўзи дуо қилсин, истиғфор айтсин, Аллоҳдан собитқадамлик сўрасин, деб айтилади. Бир бор дуо қилиш етарли. Аммо дуони уч марта такрорласа яхшироқ бўлади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилсалар уч бор қайтарар эдилар[2]»[3].

Шайх Солиҳ ал-Фавзон айтади: «Маълумки, дуо ва истиғфорни махфий суратда қилиш ошкора қилишдан яхшироқ, ихлосга яқинроқдир. Зеро, Аллоҳ таоло махфий дуони ҳам, ошкор дуони ҳам эшитади. Ошкора дуо қилиш далил билангина жоиз бўлади. Қолаверса, ошкора дуо қилиш бошқа кишиларга халал беради. Билишимча, салафлар маййитни кўмганларидан сўнг қабр тепасида туриб ошкора ёки жамоавий тарзда жўр бўлиб дуо қилганлари маълум эмас. Дарҳақиқат, Абу Довуд маййит ортидан овоз ёки олов билан эргашишдан қайтарилган ҳадисни ривоят қилган.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ «Мажмуъ ал-фатово»да (24/294) айтади: “Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг асҳобларидан ва тобеинларнинг улуғларидан бўлмиш Қайс ибн Аббод айтади: «Саҳобалар жаноза, зикр ва жангда овозларини кўтармасликни хуш кўрар эдилар». Ҳадис уламолари энг афзал уч асрда бундай иш бўлмаганига иттифоқ қилганлар”. Иқтибос тугади.

Бу нарса шуни кўрсатадики, салафлар на жанозада ва на маййитни кўмгандан сўнг қабр бошида маййит ҳаққига овоз кўтариб дуо қилар эдилар. Улар бошқалардан кўра суннатни яхшироқ билувчи кишилар эди. Шундай экан, бу ўринда овозни кўтариб дуо қилиш бидъат бўлади. Валлоҳу аълам»[4].

 212 – Дафндан сўнг жамоавий тарзда дуо қилиш

«Жамоавий тарзда ёки бир киши дуо қилиб, қолганлар «омин» деб турган суратда дуо қилинмайди. Чунки мазкур икки кўриниш салафлардан нақл қилинмаган. Балки ҳар бир шахс биродари учун ўзича дуо қилади. Бу ҳолатда қабрнинг ўнги, чапи, олди ёки ортида турадими, фарқсиздир»[5].

Шайх Бакр Абу Зайд қабр бошида бир киши дуо қилиши, бир гуруҳ одамлар унга «омин» деб туриши дафндан кейин қилинадиган бидъатлардан эканини қайд этган[6].

213 – Маййитни кўмгандан сўнг дуо қилиш учун икки қадам ортга тисарилиш

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ортга икки қадам ташлагандан сўнг дуо қилишга далил борлигини билмаймиз»[7].

214 – Дафндан сўнг маййит қариндошларидан бири қабр бошида ўтириши

«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Маййит кўмилганидан сўнг қариндошларининг биридан қабр бошида ўтиришни талаб қилиш жоиз бўлмаган бидъат ишдир»[8].

Қўмита яна бундай дейди: «Маййит кўмилганидан сўнг қариндошларидан бири қабр бошида ярим соат ўтириши жоиз бўлмаган бидъатдир»[9].

Шайхимиз Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййит кўмилганидан сўнг унинг қабри тепасида туриш, ҳаққига мағфират ва собитқадамлик сўраб дуо қилиш суннатдир. Одамлар бир оз муддат маййит ҳаққига дуо қилиб турганларидан сўнг у ердан кетадилар. Бу ҳолат пайшанба куни учун ҳам, бошқа кунлар учун ҳам бирдек тааллуқлидир. Қабр тепасида маййитнинг қариндошлари ёки қўшнилари жума кечасигача туришлари далилсиз ишдир. Ёки жумадан бошқа айрим кечаларда маййит қабри бошида махсус туриш ҳам шу қабилдан. Балки маййитни кўмгандан сўнг унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан мағфират ва собитқадамлик сўраб қабри тепасида турилади. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни кўмиб бўлганларидан сўнг қабр тепасида турар ва: “Биродарингиз ҳаққига истиғфор айтинглар, унга собитқадамлик сўранглар. Зеро, у ҳозир сўралади”, дер эдилар[10]. Демак, жанозага ҳозир бўлган кишилар маййитни кўмиб бўлганларидан сўнг унинг ҳаққига мағфират ва собитқадамлик сўраб дуо қилган ҳолатда Аллоҳ қодир қилганича қабр тепасида туришлари суннатдир. Жума кечаси киргунича ёки бошқа айрим кечаларда маййит олдида навбатма-навбат хўб ва кўп туришлари шарт ҳам, жоиз ҳам эмас. Балки фақатгина дафндан сўнг маййит ҳаққига мағфират ва собитқадамлик сўраб дуо қилиш учун ўзларига оғир келмайдиган ва малоллантирмайдиган миқдорда бир оз муддат туришлари, сўнг уйларига қайтиб кетишлари суннатдир»[11].

215 – Дафндан сўнг қабр олдида бир туя сўйилгунча бўлган вақт туриш шариатданми?

Шайхимиз Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу шундай васият қилган, “Бир туя сўйилиб, гўштлари тақсимлангунча бўлган муддат қабрим атрофида туринглар”, деган эди[12]. Бироқ Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни ундай қилишга йўлламадилар, билишимизча, саҳобалар ҳам ундай қилмаганлар. Балки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни кўмиб бўлганларидан сўнг қабр тепасида туриб: “Биродарингиз ҳаққига истиғфор айтинглар, унга собитқадамлик сўранглар. Зеро, у ҳозир сўралади”, деганлар[13]. Шундай экан, қабр тепасида турасиз ва: «Эй Аллоҳ, уни собитқадам қил, гуноҳларини кечир», дея уч мартадан такрорлайсиз, сўнг у ердан кетасиз. Қабр олдида узоқ муддат туриш эса шариатга мувофиқ эмас»[14].

[1] Ҳадис тахрижи 177-масалада ўтди.

[2] Ҳадисни Имом Муслим ривоят қиган, 1794-ҳадис.

[3] Шайх Муҳаммад ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Лиқо ал-боб ал-мафтуҳ», 29/18.

[4] «Ал-мунтақо мин фатово Шайх Солиҳ ал-Фавзон», 1/220.

[5] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 7/378, 18290-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[6] Қаранг: «Тасҳиҳ ад-дуо», 498-бет.

[7] «Мажмуъ ал-фатово», 3/198, 906-рақам.

[8] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 2/202, 11057-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[9] Аввалги манба, 2/203, 11057-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[10] Ҳадис тахрижи 177-масалада ўтди.

[11] Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ. «Фатово нурун ала ад-дарб», 1/346.

[12] Муслим ривояти, 121-ҳадис.

[13] Ҳадис тахрижи 177-масалада берилди.

[14] «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 218-бет. Шунингдек, қаранг: Ибн Боз. «Фатово нурун ала ад-дарб», 14/133-134. Тартибловчи: Шувайъир.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг