Фарзанд тарбиясидаги хатолар (20): Болаларни риёкор, модапараст ва олифта қилиб етиштириш йўллари

0

Фарзандларингизнинг кийимларига алоҳида эътибор беринг. Энг қиммат ва машҳур дўконлардан кийинтиринг. Одамнинг ҳурмати, қадр-қиймати унинг кийими ва мансабига қараб белгиланишини айтинг. Камбағал маҳалла болалари билан ўртоқ бўлмасликларини уқтиринг. Хизматчи, фаррош, сутчи, ишчи каби паст табақа одамларга юқоридан қаранг, бадавлат ва мансабдор танишларингиз билан мақтаниб гапиринг.

Марям деган кейинчалик бойлик кўрган, пасткашлик туйғусини енга олмаган, ўзини кўз-кўз қилишни яхши кўрадиган бир хотинни танирдим. Болалиги камбағалликда ўтган бу хотиннинг омади чопиб бир бадавлат кишига турмушга чиқиб, ўсиб-улғайган маҳалласидан кетган, ҳатто исмини ҳам Сайида деб ўзгартирган эди. Эски дугоналаридан биронтаси билан кўришмасди. Янги борган бойлар маҳалласидаги қўшниларига бир завод директорининг қизилигини айтарди. Кейинчалик бойлик кўрганлиги ҳар ҳолатидан билиниб турадиган бу хотин қиммат ва машҳур дўконлардан кийинар, мусиқа ва рақс курсларига борар, аслзода ва маданиятли кўринишга ҳаракат қиларди.

Ўтмишидан уяладиган бу хотиннинг Моҳира деган жуда ёқимтой қизи бор эди. Уни маликалардек кийинтирар, кийимларининг жуда қиммат эканини айтиб, кир қилмаслигини уқтирар эди. Моҳира табиатан яхши хулқли, юмшоқ кўнгилли, қўли очиқ, дўстсевар ва олийжаноб қиз эди. Кўрганлар уни отасига ўхшатарди. Моҳира бир куни мактабдан қайтишда ҳамёнидаги бор пулни бир кекса тиланчига берди. Уйга келиб ҳаяжон билан онасига айтиб берди. Раҳм-шафқат туйғусидан маҳрум, кейинчалик бойлик кўрган Сайида шу қадар жаҳл қилдики, сал қолса бечора қизчани ураёзди: “Сен қандай аҳмоқ қизсан!” деб бақирди. “Сенга оддий одамлар билан кўришмайсан, деб неча марта айтганман. Бундан кейин тиланчига пул берганингни эшитмайин. Одамларнинг туйғулари билан ўйнайдиган бу тиланчиларнинг банкда қанча пули борлигини биласанми? Фаррош билан, хизматчи билан, нон сотувчи ва аттор билан гаплашмайсан. Улар бирон нарса сўрасалар, юзингни буриб жавоб бермайсан! Тушундингми?” Моҳира бошини эгганича: “Тушундим, ойижон”, деди.

Бечора хотин қизидаги чиройли хулқларни ёқтирмас, уни бир пайтлар ўзи ҳам уларнинг орасида ўсиб улғайган фақир инсонлардан совутарди. Моҳира улғайган сари онасининг талқинлари билан чиройли, олийжаноб хулқларини йўқота бошлади. Энди одамларни яхши ва ёмонига қарамай, мансабларига ва ташқи қиёфаларига кўра баҳо берадиган бўлганди. Унинг фикрича, қиммат магазинлардан кийинган бир хотин, оддий кийим кийган қишлоқи хотиндан устун эди.

Моҳира ўсмирлик ёшига етганида бир сўз билан айтганда моддапараст, ўзини кўз-кўз қиладиган бир олифта қиз бўлганди. Кийган кийимларининг маркаси билан мақтанарди. Уй ишларидан нафратланар, тухум қовуришни ҳам билмас, соатларча ойнанинг қаршисида бўяниш, ясан-тусан қилиш билан вақтини ўтказарди. Бойлар хонадонларидаги ўтиришлар ва кечаларни қолдирмас, маҳаллада номи тилга олинишидан завқланарди.

Шундай вақт келдики, Моҳира онасини ҳам ёқтирмайдиган бўлди. Бир кун онасига нима деганини биласизми? “Ойи, сиз билан оқшом ўтиришларига бирга боришдан безор бўлдим. Илтимос, мен билан ёшларнинг ўтиришига борманг. Сиз ўзингиз катта, кекса хотинларнинг ўтиришларига бораверинг”, деди. Бир она учун ўз қизидан бу сўзларни эшитишдан кўра оғирроқ нима бўлиши мумкин? Тўғрисини айтиш керак бўлса, у бунга ортиғи билан ҳақли эди.

Изоҳ қолдиринг