Намоз: Сажда қилиш

0
  1. Сўнг такбир айтиб саждага боради

а) Саждага кетаётиб такбир айтиш

Олдин айтиб ўтганимиздек, тўғрироқ фикрга кўра, дастлаб такбир айтиб, сўнг сажда қилиш учун пешонасини ерга қўяди. «Намозини дуруст ўқимаган киши тўғрисидаги ҳадис»да айтилади: «Сўнг «Аллоҳу акбар» дейди, сўнг сажда қилади».

б) Саждага боришдан олдин «рафъул-ядайн» қилиш

Шайх Албонийнинг ишора қилишича, бу ўринда гоҳида «рафъул-ядайн қилиш собитдир. Саҳобалардан ўн киши шу ишни қилишган. Бироқ тўғрироқ фикрга кўра, саждага бораётиб рафъул-ядайн қилиш олдин айтиб ўтилган тўрт ўринда рафъул-ядайн қилишдек машҳур бўлмаган. Балки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўринда фақат гоҳида қўлларини кўтарганлар.

в) Саждага бориш тартиби

Тўғрироқ фикрга кўра, саждага бораётиб дастлаб икки қўл, сўнг икки тизза ерга қўйилади. Ҳадисда айтилади: «Биронтангиз сажда қилмоқчи бўлса туя чўккандек чўкмасин. Балки икки тиззасидан олдин икки қўлини ерга қўйсин»[1].

Ибн Умар разияллоҳу анҳумо саждага борар экан, икки тиззасидан олдин икки қўлини ерга қўяр ва: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилар эдилар», дер эди[2].

г) Сажда қилиш ва саждада хотиржам туриш ҳукми

Сажда қилиш ва саждада хотиржам туриш намоз рукнларидан биридир. Бунга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «намозини дуруст ўқимаган киши тўғрисидаги ҳадис»даги «Сўнг саждага бош қўй ва сажда қилган ҳолингда хотиржам тур» деган сўзлари далил бўлади.

Сажда қилганда еттита суякни ерга теккизиб сажда қилинади. Аббос ибн Абдулмутталиб разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Банда сажда қилса унга қўшилиб еттита суяк ҳам сажда қилади: юзи, икки кафти, икки тиззаси ва икки оёғи(нинг суяклари)»[3].

Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа ҳадислар мазкур еттита аъзони ерга теккизиб сажда қилиш вожиб эканини кўрсатади. Фақат уламолар юз суягидан бўлмиш пешона ва буруннинг ҳар иккисини ерга теккизиш вожибми ёки иккисидан бирини теккизиш кифоя қилиши ёки йўқлигида ихтилоф қилишган.

Тўғрироқ фикрга кўра, саждада ҳар иккисини ерга теккизиш вожибдир.

Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шу – ҳақ фикр. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пешонасини теккизгандек бурнини ҳам ерга теккизмаган кишининг намози дуруст эмас»[4], деганлар. Ҳоким ва Заҳабий айтганларидек, ушбу ҳадис Бухорий шартига мувофиқ саҳиҳ ҳадисдир»[5].

Сажда қилиш тартиби

Сажда қилган киши юқорида айтилган аъзоларни ерга қўяди, қўл бармоқларини бирлаштириб, қиблага қаратади, икки кафтини елкаси баробарида ерга қўяди, оёқ панжаларини қиблага қаратиб туради, икки тирсагини ердан кўтариб (ерга тушамасдан), биқинидан узоқлаштириб туради.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар икки қўлларини ёнбошларидан узоқлаштирар, ҳатто орқаларидан қўлтиқларининг оқлиги кўриниб турар эди»[6].

Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳунинг ҳадисида келади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилдилар ва оёқларининг панжаларини қиблага қаратиб турдилар»[7].

Бошқа айрим ривоятларда келади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (саждада) икки кафтларига суяниб турар, қўл бармоқларини бирлаштириб, қиблага қаратиб турар эдилар».

Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳунинг ҳадисида айтилади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам руку қилсалар бармоқлари орасини очар, сажда қилсалар уларни бирлаштирар эдилар»[8].

Таҳовий ва Ибн Хузаймага оид бир ривоятда келади: «ва икки товонларини бир бирига теккизиб турар эдилар»[9].

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Саждада (шалпаймасдан ёки тиришмасдан) мўътадил туринглар. Бировингиз худди ит олдинги икки оёғини ерга тушаб олгандек икки билагини ерга тушаб олмасин»[10].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Саждада мазкур аъзолардан бирини ерга теккизмаса, намози дуруст бўлмайди. Аммо мазкур аъзолардан бирини ерга теккизиб сажда қилиш имкони бўлмаса ва қолган аъзоларини теккизиб сажда қилса, намози дуруст бўлади.

  2. Намозхон мазкур аъзоларни бевосита ерга теккизиб сажда қилиши вожиб эмас. Шунга кўра, пешонасини ёпиб турган салласи билан, кийимининг енги ёки этаги устига сажда қилса, тўғрироқ фикрга кўра, намози дуруст бўлаверади. Бу фикр имомлардан Абу Ҳанифа, Молик ва Аҳмаднинг фикридир. Имом Шофеий эса саллани силжитиб, ерга бевосита пешона билан сажда қилишни шарт қилган.

Албатта бу ихтилоф мазкур аъзоларни бевосита ерга теккизиш вожиб ёки вожиб эмаслиги хусусидаги ихтилофдир. Шунинг учун Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ «Ал-муғний»да айтади: «Ихтилофдан чиқиш ва асл ҳукмга риоя қилиш учун намозхон пешонаси ва қўлларини бевосита ерга теккизиши мустаҳабдир»[11].

  1. Тўғрироқ фикрга кўра, намозхон саждага борар экан, дастлаб икки қўлини, сўнг икки тиззасини, сўнг юзини ерга қўяди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Биронтангиз сажда қилмоқчи бўлса туя чўккандек чўкмасин. Балки икки тиззасидан олдин икки қўлини ерга қўйсин»[12].

  2. Сажда қилганда баданнинг пастки қисми юқори қисмидан баландроқ бўлиб туриши сажданинг дуруст бўлиши учун шарт саналади. Шунга кўра, бош томон орқа томондан кўтарилиб турса, сажда дуруст бўлмайди. Буни намозхон бошини баланд жойга қўйиб сажда қилганда тасаввур қилиш мумкин. Саждада намозхоннинг боши билан кети баробар бўлиб қолган ҳолат хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, бу ҳолатда ҳам сажда дуруст бўлмайди. Аммо бирон узр сабабли фақат юқорида айтилган кўринишдагина сажда қилишга қодир бўлса, тўғрироқ фикрга кўра бошини эгиб намоз ўқийди. Шунингдек, гарчи мазкур олти аъзолари ерга тегиб турса ҳам, қорни билан ерга ётиб олиб сажда қилиш дуруст бўлмайди.

  3. Рукуда айтиб ўтганимиздек, сажда ҳолатида ҳам Қуръон тиловат қилиш ҳаром саналади.

  4. Баъзи имомлар саждага борар экан, муқтадийлар ундан ўзиб кетмаслиги учун дастлаб пешонасини ерга қўйиб, сўнг такбир айтади. Уларнинг бундай қилиши хато ва суннатга хилоф ишдир. Аслида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда ўтганидек, намозхон саждага бораётиб такбир айтиши лозим[13]. Бундай қилиш ўрнига имомлар одамларга суннатни ўргатишлари керак. Дастлаб пешонани ерга қўйиб, сўнг такбир айтилса ҳам намоз дуруст бўлаверади, лекин суннатга хилоф иш қилинган бўлади.

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (840), Насоий (2/207) ривояти. Шайх Абу Исҳоқ Ҳувайнийнинг шу масалага оид «Наҳюс-суҳбати анин-нузули бир-рукбати» (Дўстларни (сажда қилаётиб ерга) тизза билан тушишдан қайтариш) номли рисоласи бор.
[2] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (627), Ҳоким (1/226), Байҳақий (2/100) ривояти. Ҳоким ҳадисни Муслим шартига мувофиқ саҳиҳ ҳадис деган, Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган.
[3] Бухорий (810), Муслим (490), Абу Довуд (889), Термизий (273), Насоий (2/208) ривояти.
[4] Байҳақий (2/104), Дорақутний (1/348) ривояти.
[5] Қаранг: Албоний. «Тамом ал-минна фит-таълиқи ала фиқҳ ас-сунна», 170-бет.
[6] Бухорий (807, 3564), Муслим (495), Насоий (2/212) ривояти.
[7] Тахрижи «Намоз ўқиш тартиби» мавзусида ўтди.
[8] Ибн Хузайма (594), Ҳоким (1/227) ривояти.
[9] Саждада товонларни бирлаштириб туриш Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда ҳам собит бўлган. Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мен билан бирга тўшагимда ётган эдилар. (Уйқудан уйғонсам) ўринларида йўқ экан. Қарасам, намозда сажда қилиб турган эканлар. Саждада товонларини бирлаштирган кўйи оёқ панжаларини қиблага қаратиб турар эдилар. У зотнинг саждада: «Эй Аллоҳ, ризоинг билан нафратингдан паноҳ сўрайман…», дея дуо қилаётганларини эшитдим». Ибн Хузайма (654), Ибн Ҳиббон (1933) ривояти, ҳадис санади саҳиҳ.
[10] Бухорий (822), Муслим (493), Абу Довуд (897), Термизий (276), Насоий (2/213) ривояти.
[11] «Ал-муғний», 1/518.
[12] Абу Довуд (840), Насоий (2/207) саҳиҳ санад билан ривоят қилишган. Ушбу масалада уламолар ихтилоф қилишган бўлиб, биз айтган фикр тўғрироқдир. Абу Исҳоқ Ҳувайнийнинг «Наҳюс-суҳбати анин-нузули бир-рукбати» рисоласига қаранг.
[13] Мазкур масала бўйича Шайх Ибн Усайминнинг «Аш-шарҳ ал-мумтеъ» китобига мурожаат қилинг.

Изоҳ қолдиринг