Маййит учун рози-ризолик сўраш ва жанозадан аввал маййит тўғрисида сўзлаш

0

216 – Дафндан аввал ё кейин маййит учун рози-ризолик сўраш

Маййитни кўмишдан аввал ё кейин «Маййитдан рози бўлинглар» ёки «Маййит сизлардан рози-ризолик сўраяпти» деб айтиш тўғрисида Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу иш бидъатдир. Маййит учун одамлардан рози-ризолик сўраш ҳақида бирор ҳадис келмаган»[1].

«Лекин розилик сўровчи кимса маййит тириклик чоғида одамларга зуғум ўтказганини билса, маййит учун улардан кечирим сўрашининг зарари йўқ. Агар ундай бўлмаса, одамлардан дуо ва истиғфордан ўзга нарса талаб қилмайди»[2].

217 – Жаноза ва дафн пайтида маййит учун марсия ўқиш, жанозадан аввал маййит тўғрисида сўзлаш

Маййитга жаноза ўқишдан аввал ҳамда уни дафн этиш асносида, ё дафндан сўнг маййитни мадҳ этиб, унинг яхши сифатларини эслаб[3] марсия айтиш бидъатдир.

Шунингдек, жанозада хутба, маъруза, дил сўзлари ва қасида айтиш каби ишлар ҳам сўнгги даврларда пайдо қилинган, солиҳ салафлар замонида бўлмаган ишлардандир[4].

Маҳмуд Хаттоб айтади: «Масжидда жаноза ўқишдан аввал ва кейин маййитнинг яхши сифатларини айтиб марсия айтиш ёмон бидъатлардандир. Гоҳида бу иш қабр бошида ҳам қилинади. Айтилаётган мақтов сўзлари ёлғон ва муболағадан холи бўлган тақдирда ҳам масжидда ноўрин овоз кўтариш, маййитни кўмишга шошилиш суннатини тарк қилиш каби ножоиз ишларга сабаб бўлади.

Агар марсия маййитнинг яхши сифатларини санашда ёлғон ва муболағани ўз ичига олса ҳамда қаттиқ хафалик ва қайғу келтириб чиқарса, динимизда ҳаром қилинган маййитга айтиб йиғлаш жумласидан бўлади.

Ибн ал-Ҳож айтади: “Муаззинлар маййитни улуғлайдиган ва мақтайдиган сўзлар билан одамларни жанозага чақиришни ўйлаб топишди. Раҳбар уларни бундан ман этиши керак. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч кимнинг Аллоҳ наздидаги ҳолати ҳақида қатъий мақтовли гап айтманглар», деганлар[5].

Маййит дуога муҳтож. Уни мақташ эса у муҳтож бўлган нарсанинг аксидир. Гоҳида мақтов унинг азобланиши ёки дашном эшитишига сабаб бўлади, унга: «Сен дунёда шундай эдингми?!» дейилади[6]”.

Ибн Ҳажарнинг «Фатово» китобида айтилади: “Одамларни аза тутиб йиғлаш ва хафаликларини янгилашга ундайдиган, шоирлар дунё буюкларига атаб айтадиган, кимдир ўлиши ортидан одамлар тўпланадиган йиғинларда ўқиладиган марсиялар шариатда ҳаром қилинган ўликка айтиб йиғлаш ҳисобланади. Бунда шак-шубҳа йўқ”.

Ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзи марсиялар тақдирдан ранжишни ўз ичига олгани учун маййитга айтиб йиғлаш каби ҳаромдир”. Шайх Тақиюддин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мусибатни қўзғатган ҳар бир ваъзхонлик ё шеърхонлик маййитга аза тутиб йиғлаш жумласидандир”. Буни «Кашшоф ал-қиноъ» китобида келтирган»[7].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маййит учун аза тутиб йиғлашнинг турли кўринишлари бор. Жумладан, қайғуга ботган суратда маййитнинг фазилатларини ёд этиш»[8].

Шайх Али Маҳфуз айтади: «Ҳукми макруҳлик ва ҳаромлик ўртасида айланадиган, катта эҳтимол билан ҳаром саналадиган бидъатлардан бири маййит масжидга келтирилиб, унга жаноза ўқилишидан аввал ё кейин шоирлар ўқийдиган марсия қасидалардир. Кўпинча бу иш маййит кўмилганидан сўнг қабристонда бўлади. Маййитга аза тутиб йиғлашни ҳаром қилган, ҳатто бу ишни катта гуноҳлардан бирига айлантирган маъно бугун шоирлар ўқийдиган аксар марсияларда ҳам топилади. Айрим иқтидорли шоирлар дин кўрсатмаларидан четга чиққани ёки улардан бехабар бўлгани сабабли ўз марсияларида жоҳилият шоирлари услубига тақлид ўлароқ гўяндалар каби замонни сўкадилар, ўлимни адашганликда айблайдилар. Дарҳақиқат, «Саҳиҳи Бухорий» ва бошқа ҳадис тўпламларида замонни сўкишдан қайтариб келган ҳадислар бор. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таборака ва таоло деди: «Одам боласи менга озор беради. У замонни сўкади, ваҳоланки замон Менман. Иш Менинг қўлимдадир. Мен кеча ва кундузни айлантириб тураман…”»[9]. Марсиячилар марсия ўқилаётган кишининг вафоти сабабли уммат ўрнини тўлдириб бўлмас даражада зиёнга учрагани, фазилатлар маййит билан қабрга кўмилиб кетгани, илм етим бўлиб қолганини айтишади, қуруқ лоф ва ёлғондан иборат фазилат ва сифатларни санай кетишади… Шундай қилиб, марсия Аллоҳга нисбатан беодоблик қилиш билан бошланиб, ҳаром ёлғон билан тугайди… Бугунги марсиялар ҳаром ишларни, жумладан ёлғонни ўз ичига олмаган деб фараз қилинган тақдирда ҳам энг озида макруҳликдан холи эмас. Чунки у сабаб маййитни кўмишга шошилиш суннати тарк қилинади. Қолаверса, кўпинча марсияхонликка жанозадан ҳам муҳимдек қаралиб, марсиялар намоздан олдин ўқилади… Буларнинг барчаси маййитга озор берадиган ишлардир. Уни қилувчилар ҳам ҳеч қандай ажру савобга эришмайдилар, аксинча, гуноҳ ва зиёнга ботиб, Аллоҳнинг ғазабига учраган ҳолатда қайтадилар. Қабристон, жаноза ва мотамгоҳларда қўл урилаётган бундай бидъат ва мункар ишларни йўқотиш учун муҳтарам уламолар ҳамда имом-хатиблар бу ишлар нақадар жирканч ва ёмон экани ҳақида тинмай овоза қилишлари, одамларни улардан огоҳлантиришлари, улар аламли азоб-уқубатларга сабаб бўлишини уқтиришларидан ўзга чора йўқ. Ёки Аллоҳ таоло мусулмон раҳбарларни дини Исломга ҳурматли бўлишга, унинг қонунлари билан иш кўришга муваффақ айлаб, уларнинг қўли билан уммат ичидаги ҳаддан ошаётган кимсаларни тийиб қўйсагина бу ишлар барҳам топиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда мазкур шармандали ишларни жамоат тартибига путур етказиш ва қонунни бузиш деб ҳисобланиб бўлса ҳам уларга чек қўйишлари керак. Тавфиқ Аллоҳдандир. Валлоҳу аълам»[10].

Шайхимиз Муҳаммад ал-Усайминдан маййитга атаб қабр бошида марсия ўқишнинг ҳукми ҳақида сўралганида, «Бу иш бидъат эканида шубҳа йўқ», деб жавоб берган[11].

Шайхимиз Абдураҳмон ал-Баррок ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Айрим воизлар мўътабар уламолардан ё бошқалардан бирортаси вафот этса, унинг мартабаси, фазилатлари, қилган ишлари, уммат ундан ажралиши сабабли нақадар улкан мусибатга учрагани ҳақида сўзлайдилар. Бу ҳам маййитга аза тутиб йиғлаш жумласига кириб қолиши хавфи бор». Шунингдек, Шайх ҳафизаҳуллоҳ биз аввалроқ келтирган сабабга кўра маййитга жаноза намози ўқишдан аввал азон ва иқомат орасида сўзлаш тўғри эмаслигини айтиб ўтди.

У кишидан маййитга жаноза ўқишдан аввал сўзлаш ва унда маййитни мақташ ҳақида сўраган эдим, «Бу иш бидъатлардан ёки унга олиб борувчи ишлардан», деди. Шайхимиз айтиб беришича, даъватчилардан бири Шайх Ҳамуд ат-Тувайжирий раҳимаҳуллоҳнинг жанозасида азон ва иқомат ўртасида у киши ҳақида мақтовли гаплар айтади. Ортидан Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ бу иш илгари яшаб ўтган шайхларнинг одатидан бўлмаганини айтади.

[1] «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 216-бет.

[2] «Мажмуъ фатово Шайх Ибн Боз», 13/409.

[3] Қаранг: «Фатҳ ал-Борий», 3/164.

[4] Қаранг: «Ал-ибдоъ», 223-бет; Албоний. «Аҳком ал-жаноиз», 315-бет, 68-рақам; «Тасҳиҳ ад-дуо», 498-бет.

[5] Бухорий ривояти, 6061-ҳадис.

[6] Бухорий ҳадисни қуйидагича келтирган: Нўъмон ибн Башир разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳушидан кетди. Опаси Амра: “Вой суянган тоғим, вой ундай, вой бундай», дея уни мақтаганча йиғлай бошлади. Абдуллоҳ ўзига келгач бундай деди: “Сен нима деган бўлсанг, албатта менга: «Сен ҳали шундаймисан?!» деб айтилди”» («Саҳиҳ ал-Бухорий», 4267-ҳадис).

[7] «Ад-дин ал-холис», 3/305.

[8] «Мажмуъ ал-фатово», 3/246, 92-рақам.

[9] Бухорий ривояти, 4826-ҳадис.

[10] «Ал-ибдоъ фий мазор ал-ибтидоъ», 223-224-бетлар. «Доимий фатво қўмитаси» «Ал-ибдоъ» китобини ўқишни тавсия қилган («Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/88, 2467-фатво ва 2/457, 7598-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳбарлиги остида).

[11] «Силсилат муҳозарот ва фатово ал-лиқо аш-шаҳрий», 60/14.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг