Дафндан сўнг «маййит қандай одам эди?» деб сўраш ва қабр устига новда суқиб қўйиш

0

218 – Дафндан сўнг «маййит қандай одам эди?» деб сўраш

Маййитга жаноза ўқилганидан ёки маййит данф этилганидан сўнг маййит яқинларидан бирининг: «Фалончи қандай одам эди?» деб йиғилганлардан сўраши ва қолганларнинг: «Яхши одам эди», деб жавоб қайтариши «шариатда далили бўлмаган ишдир. Инсон маййит учун одамлардан гувоҳлик талаб этиши жоиз эмас, чунки у бидъатдир»[1].

Эътироз: Абул Асвад раҳимаҳуллоҳ ривоят қилади: «Мадинага келганимда у ерда касаллик тарқаган экан. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу билан ўтирган эдим, бир тобут олиб ўтилди, одамлар тобут эгаси бўлган маййит ҳақида яхши гаплар айтишди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу: “Вожиб бўлди”, деди. Сўнг бошқа тобут олиб ўтилди, одамлар унинг эгасини ҳам мақтадилар. Умар разияллоҳу анҳу яна: “Вожиб бўлди”, деди. Кейин учинчи тобут олиб ўтилган эди, одамлар унинг эгаси ҳақида ёмон гаплар айтишди. У киши яна: “Вожиб бўлди”, деди. Шунда мен: “Нима вожиб бўлди, эй мўминлар амири?” деб сўрадим. У деди: “Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек айтдим. У зот: «Қай бир мусулмонга тўрт киши яхшилик ила гувоҳлик берса, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар. Биз: «Уч киши бўлса ҳамми?» деб сўрадик. «Уч киши бўлса ҳам», дедилар. Биз: «Икки киши бўлса ҳамми?» деб сўрадик. «Икки киши киши бўлса ҳам», дедилар. Сўнг «бир киши бўлса ҳамми?» деб сўрамадик”»[2].

Маҳмуд ас-Субкий айтади: «Аксар замонамиз одамлари маййитга жаноза ўқиб бўлинганидан сўнг “Фалончи ҳақида нима дейсизлар?” деб сўрашади. Бу билан гарчи маййит фосиқлардан бўлса ҳам унга мақтов олиб беришни хоҳлашади. Одамлар ҳам гарчи маййит ундай бўлмаса ҳам: “У яхши, солиҳ киши эди”, деб жавоб беришади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига зид бўлган бу бидъат кўпинча одамларни ёлғон гувоҳлик бериш домига тортади»[3].

Сафориний айтади: «Ҳадис ва фиқҳ борасида илми ва тушунчаси бўлмаган айрим кимсалар одат қилиб олган иш – бир киши туриб: “Бу одам ҳақида нима дейсизлар?” деб сўраши ва одамлар унга ростми, ёлғонми гувоҳлик бера бошлаши бидъат бўлиб, унинг бирор далили йўқдир. Агар кимдир бирор одамнинг яхши ва солиҳ экани ҳақида гувоҳлик берса-ю, аслида унинг акси эканини билса, ёлғон гувоҳлик берган бўлади»[4].

Шайх Бакр Абу Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур ва бошқа шу маънодаги ҳадислар жанозага тўпланган одамлардан маййит учун гувоҳлик талаб қилиш ҳақида эмас, балки унинг ҳолатидан яхши хабардор бўлган икки ёки ундан ортиқ мусулмон ўзларидан келиб чиқиб маййит тўғрисида гувоҳлик беришлари ҳақидадир. Бинобарин, айрим юртларда баъзи одамлар маййитга жаноза ўқилганидан сўнг “Фалончи ҳақида яхшилик билан гувоҳлик беринглар” дейиши, одамлар ҳам: “У яхши одам эди”, ёки “Солиҳ киши эди”, деб гувоҳлик беришлари салафлар замонида бўлмаган бидъатлардан, ҳадисларни нотўғри англашдан келиб чиққан тушунчалардандир»[5].

219 – Қабр устига новда суқиб қўйиш

Қабр ичи ё устига шохча суқиб қўйиш жоиз эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айрим қабрларга шундай қилганлари муайян кишилар учун хос ҳолатлар бўлган. Зеро, Аллоҳ у зотга мазкур қабрларда ётган маййитлар азобланаётгани ҳақида хабар берган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чақимчилик ва сийдикдан тозаланмаслик каби ишлар улардан баъзиларининг азобланишига сабаб бўлганини баён қилганлар. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига меҳрибон ва шафқатли бўлганларидан ўзларининг шафоатлари билан ўша маййитлардан азобни енгиллатишни хоҳлаганлар.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам эгалари азобланаётган икки қабр олдидан ўтдилар ва бундай дедилар: “Улар иккиси азобланаяптилар. Улар (сақланиш қийин ва машаққатли бўлган) катта ишни деб азобланаётганлари йўқ. Улардан бири сийдигидан (яъни унинг бадан ёки кийимига тегишидан) сақланмас, бошқа бири эса (одамлар ўртасида) чақимчилик қилиб юрар эди”. Сўнг нам шохчани олиб, иккига бўлдилар, кейин иккала қабрга биттадан санчиб қўйдилар. Одамлар: “Нега ундай қилдингиз?” деб сўрашди. У зот: “Шояд шохчалар қуригунича Аллоҳ у иккисидан азобни енгиллатса”, деб жавоб бердилар»[6].

Бир ривоятда бундай деганлар: «Мен азобланаётган икки қабр олдидан ўтдим. Модомики новдалар нам турар экан, менинг шафоатим сабабли иккаласидан азоб енгиллатилишини хоҳладим»[7].

Ушбу ривоят далолат қиладики, азоб енгиллаши новдалар қуригунича бўлиб, бу шафоат Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур қабр эгаларига бўлган хос шафоатларидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин кимнингдир азобланаётгани ҳақида Аллоҳ уни бохабар қилган ким бор?! Кимдандир азобни кўтариш учун шафоати ўтадиган ва азоб кўтарилишини маълум муддатга чеклай оладиган ким бор?! «Аллоҳ ғайбни билувчидир. У ўзининг ғайб ишларини бандаларидан бирон кишига билдирмайди. Фақат Ўзи (ихтиёр қилган ва) рози бўлган пайғамбарига (ғайб ишларидан айримларини билдиради,) холос» (Жин, 26-27). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эгалари азобланаётганини Аллоҳ билдирган маълум қабрларга нисбатан шундай йўл тутдилар. Агар бундай қилиш шариатдан бўлганида у зот барча қабрларга нисбатан шундай йўл тутган, у зотдан сўнг рошид халифалар ва саҳобаи киромлар бу ишни давом эттирган, «барчалари бу ишга ошиққан, маййитларни боғу бўстонларга дафн этиш мустаҳаб саналган бўлар эди»[8]. Бироқ ҳеч ким ундай демайди.

«Доимий фатво қўмитаси» фатвосида бундай дейилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қабрга новда санчишлари ва улардан азоб енгиллатилишини умид қилишлари азобланаётгани маълум бўлган муайян кишилар учун хос ҳодисадир. Бундай қилиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун хос бўлган ишдир. Зеро, ҳар бир мусулмоннинг қабри хусусида шундай йўл тутиш у зотнинг одатларидан бўлмаган, балки бу икки-уч мартадан ортиқ такрорланмаган иш бўлган. Саҳобалардан бирортаси ундай иш қилгани маълум эмас. Ваҳоланки, улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва бошқаларга наф етказиш борасида энг ҳарис кишилар бўлганлар. Фақатгина Бурайда ал-Асламийдан келган ривоятда у киши вафотидан сўнг қабри ичига иккита новда қўйилишини васият қилгани айтилади[9]. Саҳобалардан бирортаси Бурайданинг бу ишини маъқуллаганини билмаймиз»[10].

«Бурайда разияллоҳу анҳунинг бу фикри ҳужжат эмас. Чунки у шахсий бир фикр холос. Ҳадисдаги иш эса мабодо оммавий ҳукм деб қаралган тақдирда ҳам у фикрнинг тўғрилигига далолат қилмайди. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам новдани қабр ичига қўймадилар, балки аввалроқ айтиб ўтилганидек қабр устига санчдилар. Йўлларнинг энг тўғриси Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир»[11].

[1] Шайх Муҳаммад ал-Усаймин раҳимаҳуллоҳ. «Фатово фий аҳком ал-жаноиз», 217-бет.

[2] Бухорий ривояти, 1368-ҳадис.

[3] Маҳмуд Муҳаммад Хаттоб ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1352 ҳ.). «Ал-манҳал ал-азб ал-мавруд шарҳ сунан ал-Имом Абу Довуд», 9/92-93. Мусаҳҳиҳ: Амин Маҳмуд Хаттоб раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 1387 ҳ.). «Муассасат ат-тарих ал-арабий»  нашри, иккинчи нашр, 1394 ҳ.й.

[4] Муҳаммад ас-Сафориний (вафоти: 1188 ҳ.). «Нафасот содр ал-мукмад ва қуррат айн ал-армад ли-шарҳ сулосиёт муснад ал-Имом Аҳмад», 2/237. Муҳаққиқ: Шайх Абдулқодир ал-Арноут (вафоти: 1425 ҳ.). «Ал-мактаб ал-исломий» нашри, бешинчи нашр, 1426 ҳ.й.

[5] «Мўъжам ал-маноҳий ал-лафзийя», 98-99-бетлар.

[6] Бухорий (1361) ва Муслим (292) ривояти, ҳадис матни Бухорийга оид.

[7] Муслим ривояти, 3012-ҳадис.

[8] «Ал-мадхал», 3/280.

[9] Бухорий «Қабрга новда санчиш боби»да ривоят қилган.

[10] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 3/453, 1333-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.

[11] «Аҳком ал-жаноиз ва бидауҳа», 258-бет, 123-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг