Қуръоннинг улуҳият тавҳидига даъват қилишдаги услублари

0

Қуръоннинг  улуҳият тавҳидига даъват қилишдаги услублари

Одамлар фитрат ва тафаккурдан келиб чиқиб рубубият тавҳидига иқрор бўладилар. Бироқ рубубият тавҳидига иқрор бўлишнинг ўзи Аллоҳга иймон келтиришда кифоя қилмайди ва бу тавҳид инсонга охират азобидан нажот бермайди. Шу боис, пайғамбарлар даъвати, айниқса, сўнг пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом даъвати улуҳият тавҳидига урғу беради. У зот одамлардан ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиш ва Ундан бошқа олиҳаларга ибодат қилишни тарк этишни ўз ичига олган “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтишни талаб қилар эдилар. Одамлар эса, у зотдан узоқлашиб “(Шунча) олиҳаларни битта илоҳ қилиб қўйдими?!  Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!” [Сод: 5], дер эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу даъватдан воз кечиб, бут-санамларга ибодат қилишда уларни тинч қўйиши учун кўп саъй-ҳаракат қилдилар. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши турли чора-тадбирларни қўлладилар. Баъзан мол-дунё ва мансабга қизиқтирдилар, баъзан турли хил таҳдидларни ишга солдилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дер эдилар: “Аллоҳга қасамки, агар қуёшни ўнг елкамга, ойни эса чап елкамга қўйишиб, бунинг эвазига бу иш – даъватдан воз кечишни талаб қилсалар ҳам ундан воз кечмайман.  Аллоҳ бу даъватни зоҳир – ғолиб қилади, ё мен шу йўлда жон бераман!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга улуҳият тавҳидига чақирувчи, мушрикларнинг шак-шубҳаларига раддия берувчи ва улар тутган йўлнинг ботил эканига қатъий ҳужжатлар келтирувчи оятлар нозил бўлар эди. Бу тавҳидга даъват қилиш хусусида Қуръони Карим хилма-хил услубларни қўллади. Қуйида биз ана ўша услублардан бир қанчасини зикр қилиб ўтамиз:

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло одамларни Ўзигагина ибодат қилиш ва Ундан бошқа нарсаларга ибодат қилишдан воз кечишга буюрди: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!” [Нисо: 36], “Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Раббингизга ибодат қилингиз… Шундай экан,  билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг” [Бақара: 21-22].

  • Аллоҳ таоло бутун онгли мавжудотни фақат Ўзига ибодат қилиш учун яратганини маълум қилди: “Мен жин ва инсонларни фақат Менга ибодат қилиши учун яратдим” [Зориёт: 56].

  • Аллоҳ барча пайғамбарларни Ўзига ибодат қилишга ва Ундан бошқа нарсаларга ибодат қилишдан қайтариш учун юборганини айтди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга:  “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан ўзга сиғиниладиган нарсалардан йироқ бўлинглар”,  (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз” [Наҳл: 36].

  • Аллоҳ таоло улуҳият тавҳидини исботлаш учун Ўзининг Раб – оламнинг тарбиячиси экани, ёлғиз Ўзи яратувчи ва бошқарувчи эканини ҳужжат қилди: “Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни яратган Раббингизга ибодат қилингиз” [Бақара: 21], “Қуёшга ҳам,  ойга ҳам сажда қилманглар,  (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!” [Фуссилат: 37], “(Эй мушриклар),  ахир (барча мавжудотни) яратган зот — Аллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?!” [Наҳл: 17].

  • Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилиш вожиб эканига якка Ўзигина мукаммал сифатларга эга экани, мушриклар сиғинаётган худоларда эса бундай сифатлар йўқ эканини ҳужжат қилиб шундай деди: “Шундай экан, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг!  Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?!  (Йўқ!  Билмассиз! )” [Марям: 65], “Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир.  Бас,  Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар)” [Аъроф: 180], “(Эсланг,  Иброҳим отасига):  “Эй ота,  нега сен эшитмайдиган,  кўрмайдиган ва сенга бирон фойда етказа олмайдиган бутга ибодат қилурсан?” – деган эди” [Марям: 42], “Агар сизлар уларни чорласангизлар,  дуоларингизни эшитмаслар” [Фотир: 14], “Мусонинг қавми ундан кейин (яъни у Тур тоғига Аллоҳга муножот қилиш учун кетганидан кейин) ўзларининг безак буюмларидан бир бузоқни — маърайдиган бир бузоқ жасади(нинг шаклини ясаб) олдилар (ва унга ибодат қила бошладилар) — у ўзларига сўзламаслигини ва ҳидоят ҳам қила олмаслигини билмадиларми?!” [Аъроф: 148].

  • Аллоҳ таоло мушриклар сиғинган олиҳаларнинг ожиз эканини баён қилди: “Ҳеч нарсани ярата олмайдиган, балки ўзи яратилувчи бўлган нарсаларни (Аллоҳга) шерик қиладиларми?! Улар учун бирон ёрдам қилишга қодир бўлмайдиган,  ҳатто ўзига ўзи ёрдам қила олмайдиган (нарсаларни Аллоҳга шерик қиладиларми?!)” [Аъроф: 191], “(Эй Муҳаммад,  мушрикларга) айтинг:  “(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар!  Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар” [Исро: 56], “Ва Аллоҳни қўйиб,  улар учун осмонлар ва ердан бирон нарсани ризқ қилиб бера олмайдиган,  ҳеч нарсага қодир бўлмайдиган бутларга ибодат қилурларми?!” [Наҳл: 73], “Эй инсонлар,  бир масал-ўхшатиш айтилди,  бас унга қулоқ тутинг.  Аниқки,  сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар, агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар,  агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса,  уни (ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар.  (Демак, ўша бутлардан ҳожатини (раво қилишни сўрагувчи (мушрик) ҳам,  сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир” [Ҳаж: 73].

  • Аллоҳ таоло Ўзидан бошқа худоларга сиғинаётган мушрикларни эсипаст ва ақлсизликда айблади: “(Иброҳим) айтди: “Ахир Аллоҳни қўйиб,  сизларга бирон фойда хам,  зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?! Сизларга ҳам,  Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф-е!  Ахир ақл юргизмайсизларми?!” [Анбиё: 66-67], “Аллоҳни қўйиб,  қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!  Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!” [Аҳқоф: 5].

  • Аллоҳ таоло Ўзидан бошқа худоларга сиғинаётган мушрикларнинг оқибати ва қиёматда ишонган худолари энг оғир лаҳзаларда улардан воз кечиши ҳақида сўзлаб шундай дейди: “Бундай золимлар азобга рўбарў бўладиган замонларида (қиёмат кунида) бутун куч-қудрат Аллоҳники бўлишини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқ азоб эканини билсалар эди. У кунда пешволар уларга эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У кунда уларни боғлаб турадиган) баҳона-ю сабаблар узилади.    Эргашувчилар:  “Қанийди,  яна бир карра (яшашнинг) иложи бўлса-ю,  улар биздан тонганларидек,  биз ҳам улардан тонсак”,  дейдилар.  Шундай қилиб,  Аллоҳ таоло уларнинг қилган амалларини ўзларига ҳасрат-надомат қилиб кўрсатади ва улар жаҳаннамдан чиқмайдилар” [Бақара: 165-167], “…ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар.  (Эй Муҳаммад,  дунё-ю охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас” [Фотир: 14], “Аллоҳни қўйиб,  қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!  Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар!  (Қиёмат кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб,  ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар!” [Аҳқоф: 5], “(Эсланг,  Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб,  сўнгра фаришталарга “Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?” дейилган кунда  (фаришталар):  “Пок Парвардигор,  Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан,  улар эмас.  Йўқ,  улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар.  Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар”,  дерлар” [Сабаъ: 41], “Эсланг (эй Муҳаммад),  Аллоҳ:  “Эй Исо ибн Марям,  одамларга:  “Аллоҳни қўйиб,  мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар”,  деб сен айтдингми?” — деганида,  (Исо) айтди:  “Эй пок Парвардигор,  ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку” [Моида: 116].

  • Аллоҳ таоло мушрикларнинг ўзлари билан Аллоҳнинг ўртасида воситачилар қилиб олганини қаттиқ қоралайди. Зеро, шафоат Аллоҳнинг мулки бўлиб, фақат Ундангина талаб қилинади. Аллоҳнинг ҳузурида Унинг изнисиз ва У токи шафоат қилинувчи кишидан рози бўлмагунча ҳеч кимса шафоат қила олмайди: “(Йўқ, мушриклар тафаккур қилмадилар),  балки улар Аллоҳдан ўзга (яъни ўзларининг гумонларича уларни Аллоҳ ҳузурида шафоат қилади, деб ўйлаган бут)ларни шафотчи қилиб олдилар.  (Эй Муҳаммад),  айтинг:  “(Ўша жонсиз бутлар сизларга шафоат қиладими?! ) Агар улар бирон нарсага эга бўла олмайдиган ва (бирон нарсани) англамайдиган бўлсалар ҳам-а!” Айтинг:  “Барча шафоат ёлғиз Аллоҳникидир.  Осмонлар ва ернинг подшоҳлиги ҳам Уникидир.  Сўнгра (барчаларингиз) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар” [Зумар: 43-44], “Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз шафоат қила олмайди” [Бақара: 255], “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб,  ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас,  магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)” [Нажм: 26].

  • Аллоҳ таоло одамлар Аллоҳни қўйиб сиғинадиган худолардан уларга ҳеч қандай манфаат келмаслигини, модомики шундай экан, бундай “худолар”га ибодат қилиш асло ярамаслигини баён қилиб шундай деди: “(Эй Муҳаммад,  мушрикларга) айтинг:  “Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи,  (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)!  Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам, (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар,  ё ўзгаларни шафоат қила олурлар)” [Сабаъ: 22].

  • Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда ширкка оид бир қанча ўхшатишлар зикр қилди. Бу ўхшатишлар орқали ширкнинг ботил экани маълум бўлади: “Ким Аллоҳга ширк келтирса, худди у осмондан қулагану, уни (бирон йиртқич) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир” [Ҳаж: 31]. Аллоҳ таоло тавҳидни юксаклик, кенглик ва улуғликда осмонга ўхшатди. Тавҳидни тарк қилган мушрикни эса, осмондан чуқур жар қаърига қулаган кимсага ўхшатди. Негаки, бу кимса иймон чўққисидан куфр жарлигига қулаган. Шунингдек, уни йўлдан урувчи шайтонлар, гўё унинг танасини тилка-пора қилувчи йиртқич қушларга, уни ҳақдан узоқлаштирган ҳавойи нафсини эса, уни узоқ-узоқ жойларга учириб кетган шамолларга ўхшатди. Албатта, бу Қуръондаги кўплаб ўхшатишлардан бири, холос. Аллоҳ таоло бу мисол ва ўхшатишлар тимсолида ширкнинг ботиллиги ва мушрикнинг дунё ва охиратда зиён кўришини баён қилади. Биз бу мавзуда келтирган улуҳият тавҳидига даъват қилиш ва ширкни йўқ қилишдаги Қуръон услублари ҳам бу борадаги айрим намуналар, холос. Мусулмон киши Қуръони Каримни чуқур туафаккур ва мушоҳада билан ўқир экан, мўмин кишининг қалбида тавҳид ақидасини мустаҳкамлайдиган, ундан ҳар қандай шубҳаларни сиқиб чиқарадиган қониқарли далиллар ва қатъий ҳужжатларга дуч келади.

Изоҳ қолдиринг