220 – Қабр ёнига ёки ичига мусҳаф қўйиш
«Зиёратчилар ўқиши учун қабр ёнига мусҳаф қўйиш ва қабр бошида тиловат қилиш ёмон бидъатдир, салафлардан ҳеч бири ундай қилмаган. Балки бу иш қабрларни масжид қилиб олиш жумласига киради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қайтарганлари тўғрисида жуда кўп ҳадислар келган. Ҳатто у зот бундай деганлар: “Аллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънатласин. Улар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олдилар”.
Ойша айтади: “Агар шу иш бўлмаганида у зотнинг қабрлари очиб, кўрсатиб қўйилган бўлар эди. Бироқ у зот қабрлари масжид қилиб олинишидан қўрқдилар”[1].
Яна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Cизлардан илгари ўтган қавмлар қабрларни масжид қилиб олар эдилар. Сизлар қабрларни масжид қилиб олманглар. Мен бундан сизларни қайтараман”[2].
Қабрларни масжид қилиб олишдан қайтарилгани борасида салафлар ва мазҳаб имомлари ўртасида ихтилоф йўқ. Маълумки, масжидлар намоз, зикр ва Қуръон тиловати учун барпо этилади. Бу амаллардан баъзилари қабрда ҳам қилинадиган бўлса, мазкур тақиқ остига кириб қолади. Бу ҳукм қабристонда ўқиладиган мусҳафга тегишлидир. Энди мусҳафларни ўқилмайдиган жойга (яъни қабр ичига) қўйилиши, на тирик ва на ўлик ундан фойдалана олиши ҳақида нима дейиш мумкин?! Бу тақиқланадиган иш эканида ҳеч қандай ихтилофга ўрин йўқ. Агар унинг маййитга бирор фойдаси бўлганида салафлар шундай қилган бўлар эдилар. Чунки улар Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишларни ҳаммадан яхшироқ биладиган, шундай ишларни қилишга ошиқадиган кишилар эди»[3].
«Доимий фатво қўмитаси» айтади: «Қабрда имтиҳон қилувчи икки фаришта ҳузурида маййитни собитқадам қилади деган ёки бошқа ҳар қандай мақсадда маййит билан бирор китоб қўшиб кўмиш жоиз эмас. Чунки собитқадам қилиш Аллоҳ таолонинг ишидир. Аллоҳ айтади: “Аллоҳ иймон келтирган кишиларни бу дунёю охиратда ҳақ ва мустаҳкам сўз (бўлмиш «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг элчисидир» деган шаҳодат калимаси ва у зот келтирган ҳақ дин) билан собитқадам қилади. Аллоҳ золимларни (дунё ва охиратда тўғриликдан) адаштириб қўяди. Аллоҳ ўзи истаган ишни қилади” (Иброҳим, 27).
Қолаверса, бу иш бидъатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизнинг шариатимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади”[4], деганлар»[5].
Қўмита яна бундай дейди: «Вафот этган кишининг қабрига мусҳаф кўмиш жоиз эмас. Чунки бу иш Қуръон ва суннатда далили бўлмаган ва умматнинг салафлари қилмаган ишдир»[6].
«Шунингдек, бундай қилиш маййит жасадидан оқадиган йиринглар натижасида мусҳафнинг ифлосланишига сабаб бўлади»[7].
221 – Дафн учун ҳақ олиш
Жумҳур уламоларнинг фикрича, дафн иши учун ҳақ олиш жоиздир[8].
222 – Ўпирилиб тушган қабрга қайта тупроқ ташланадими?
«Агар қабр ўпирилиб тушса, унга қайтадан тупроқ ташланади ва оёғости қилинмаслиги учун бошқа қабрлар кўринишига келтирилади»[9].
[1] Ҳадис тахрижи 181-масалада ўтди.
[2] Ҳадис тахрижи 99-масалада берилди.
[3] Шайхулислом Ибн Таймия. «Мажмуъ ал-фатово», 24/301-302.
[4] Ҳадис тахрижи 77-масалада ўтди.
[5] «Фатово ал-лажна ад-доима лил-ифто», 9/75, 3596-фатво, биринчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[6] Аввалги манба, 7/323, 15673-фатво, иккинчи тўплам, Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ раҳбарлиги остида.
[7] Маҳмуд ад-Давсарий. «Ҳажр ал-Қуръон – анвоуҳу ва аҳкомуҳу», 204-бет. «Дор Ибн ал-Жавзий» нашриёти, биринчи нашр, 1429 ҳ.й.
[8] Қаранг: «Ат-тож вал-иклил», 2/252; «Мухтасар Халил», 45-бет; «Кашшоф ал-қиноъ», 4/403.
[9] «Мажмуъ фатово Шайх Ибн Боз», 13/223.