Эй иймон келтирганлар (75): Гуноҳ, адоват ва Пайғамбарга осийлик борасида пичирлашиш ҳаромлиги, яхшилик ва тақвода пичирлашиш мумкинлиги

0

Эй иймон келтирганлар, ўзаро пинҳона сўзлашган пайтингизда гуноҳ, адоват ва Пайғамбарга хилоф қилиш борасида пичирлашманг. Фақат яхшилик, тоат-ибодат ва тақво ҳақида сўзлашинг. Аллоҳдан тақво қилинг. Зеро, яқинда Унинг ҳузурига қайтасиз. Гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган сўзларни пинҳона сўзлашиш шайтоннинг васвасасидандир. Бу билан у мўминлар қалбига маҳзунлик киритишни истайди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг изни иродасисиз уларга ҳеч қандай зарар етказа олмайди. Шундай экан, мўминлар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар” (Мужодала, 9-10).

Шарҳ:

Ҳурматли ўқувчи, Аллоҳ таоло мўмин бандаларига: “Эй иймон келтирганлар”, деб нидо қилди. Чунки мўмин киши иймони билан чинакам тирикдир. Чақириқни эшитади, ўзига айтилган гапни фаҳмлай олади. Бу унинг ҳақиқий тирик эканини кўрсатади. Аллоҳ таоло мўминларни руҳий, ҳам ахлоқий жиҳатдан етук бўлишлари учун уларга таълим бериб нидо қилди. Зеро, Аллоҳ мўминларнинг дўсти ва ёрдамчисидир, мўминлар эса Унинг бандалари ва дўстларидир. Аллоҳ мўминларга нидо қилиб деди: “ўзаро пинҳона сўзлашган пайтингизда” яъни бирон зарурат юзасидан бир-бирингизга пичирлаб гапирганингизда, “гуноҳ, адоват ва Пайғамбарга хилоф қилиш борасида пичирлашманг”. Акс ҳолда бир-бири билан гаплашганида гуноҳ-маъсият ҳақида пичирлашадиган яҳудий ва мунофиқ кимсаларнинг ишини қилган бўласиз. Улар гуноҳ ишларда пичир-пичир қилганлари каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобаларга адоват, Аллоҳ ва Расулига исён қилиш борасида ҳам пичирлашардилар. Аллоҳ ва Расулига итоат этмасликни бир-бирларига тавсия қилардилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўмин дўстларини “гуноҳ”, яъни ғийбат, беҳаё ва ёмон сўзларда, “адоват”, яъни зулмда ва “Пайғамбарга хилоф қилиш борасида”, яъни Расулуллоҳ буюрган ё ман қилган айрим ишларда у зотга итоат этмаслик хусусида пичирлашишдан қайтарди: “Эй иймон келтирганлар, ўзаро пинҳона сўзлашган пайтингизда”, яъни бир-бирингиз билан пинҳона гаплашишга бирон зарурат туғилиб қолган тақдирда ҳам, душманингиз бўлмиш яҳуд ва мунофиқлар қилганидек гуноҳ, адоват ва Пайғамбарга хилоф қилиш борасида пичирлашманг. Яҳуд ва мунофиқ кимсалар хусусида оят нозил бўлган: “Эй Пайғамбар, ҳаром ва гуноҳ ишларда махфий сўзлашишдан қайтарилган яҳудийларни кўрмадингизми? Улар ўзлари қайтарилган ишга яна қайтишиб, гуноҳ, адоват ва Пайғамбарнинг амрига хилоф бўлган ишларда махфий сўзлашмоқдалар…” (Мужодала, 8).

Аллоҳ таоло яҳуд ва мунофиқлар пичир-пичирига ўхшаш пичирлашдан мўмин бандаларини қайтаргач, уларга яхшилик, Аллоҳ ва Расулига тоат-ибодат борасида пичирлашишга рухсат берди: “Фақат яхшилик”, яъни гуноҳ ва ёмонлик бўлмаган том маънодаги яхшилик ҳақида ва тақво борасида, яъни буюрган ва ман қилган ишларида Аллоҳ ва Расулига итоат этиш борасида сўзлашинг. Сўнг мўминларни тақвога буюриб: “Аллоҳдан тақво қилинг”, деди. Бу билан Аллоҳ таоло тақвога буюришининг боисига ишора қилди. Бунинг боиси шуки, мўминлар қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига тўпланадилар. Аллоҳ ҳисоб-китоб қилиб, ҳар бир кишига қилган амалига яраша жазо ё мукофот беради. Шунинг учун тақво қилиб, Аллоҳ ва Расулига итоат қилишлари қиёмат куни дўзахдан нажот топиб, жаннатга киришлари учун мўминларнинг ўзларига керак бўлган бирламчи ишдир.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис юқорида айтилган сўзларнинг тасдиғи ва баёни ўлароқ етарли далил бўлади. Келинг, ҳадисга қулоқ тутайлик: Ҳумам Қатодадан, у Сафвон ибн Муҳриздан қилган ривоятда Сафвон раҳимаҳуллоҳ бундай деди: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг қўлини тутиб кетаётганимда бир киши у зотнинг йўлига чиқиб: “Қиёмат кунидаги пичирлашиш ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деганларини эшитганмисиз?” деди. Абдуллоҳ ибн Умар жавоб берди: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деб айтганларини эшитганман: “Аллоҳ таоло мўмин бандасини Ўзига яқинлаштиради, унга парда ташлаб, одамлардан тўсади ва гуноҳларига иқрор қилдиради. “Мана бу гуноҳ эсингдами? Бу гуноҳ-чи? Мана буниси-чи?” дейди. Мўмин банда гуноҳларига иқрор бўлиб, ҳалок бўлдим, деб турганида Аллоҳ таоло: “Мен гуноҳларингни дунёда беркитган эдим, бугун эса кечириб юбораман”, дейди ва номаи аъмоли ўнг тарафдан берилади. Аммо кофир ва мунофиқлар ҳақида гувоҳлар, яъни фаришталар айтади: “Мана шулар Аллоҳ таоло шаънига ёлғон гапларни айтган эдилар. Билиб қўйинглар, золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай” (Муттафақун алайҳ).

Бу нидодаги Аллоҳ таолонинг: “Гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган сўзларни пинҳона сўзлашиш шайтоннинг васвасасидандир” деган сўзларига келсак, мўминларни ғам-андуҳга солиш учун гуноҳ-маъсият ва душманчилик келтириб чиқарадиган пичир-пичирга ундовчи шайтондир. Шунинг учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уч киши турганида бири қолиб, иккиси пичирлашиб гаплашишини ман этганлар: “Уч киши бўлсангиз, то одамлар ичига кирмагунингизча бирингиз қолиб, иккингиз ўзаро пичирлашмасин. Чунки бу уни (яъни учинчи кишини) ранжитади” (Бухорий ривояти). “Саҳиҳ”да Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Уч киши турган бўлса, бири қолиб иккиси пичирлашмасин”, деб айтганлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Салаф уламолари ва кейинги аҳли илмларнинг аксари шу гапни айтишган, яъни икки киши учинчиларини, уч киши тўртинчиларини, беш киши олтинчиларини ажратиб қўйиб, ўзаро пичирлашишлари жоиз эмас. Чунки бу иш бир мажлисда ўтирган биродарлари уни бир четда қолдириб ўзлари пичирлашган мўминнинг қалбига хафалик ва қўрқув солади. Бу ҳукм уруш ва хавф ҳолатигагина хос эмас, балки ҳар қандай ҳолатга ҳам тааллуқлидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “Одамларнинг ўзаро гаплашадиган аксарият хуфёна гапларида ҳеч бир фойда йўқ, фақат садақа қилиш ёки яхши сўзлар айтиш каби яхшиликларга чорловчи, ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга чақирувчи сўз бўлса, бундан мустаснодир” (Нисо, 114). Халққа фойда бўлгани учун садақа қилиш, яхшиликлар ва одамлар орасини ислоҳ этиш борасидаги хуфёна гаплар жоиз бўлади.

Нидо сўнгида Аллоҳ таоло айтмоқда: “Гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган сўзларни пинҳона сўзлашиш шайтоннинг васвасасидандир”, яъни мўминлар ўртасида озор-азият келтириб чиқариш учун гуноҳ-маъсият ва душманчиликда пичир-пичирга ундовчи шайтондир. Бу билан у мўминлар дилини хира қилишни истайди. “Ҳолбуки, Аллоҳнинг изни иродасисиз уларга ҳеч қандай зарар етказа олмайди. Шундай экан, мўминлар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар”. Шунинг учун мўмин киши яҳудий ёки мунофиқ кимсалар пичирлашса ғамга ботмаслиги лозим. Ўзининг мўмин биродарлари пичирлашишига ранжимаслиги янада авлодир. Унинг ўрнига Аллоҳга таваккул қилсин, ишини Аллоҳга топшириб қўйсин. Зеро, Аллоҳ мўмин бандасига озор етказадиган барча ёмонликлардан асрагувчи дўстидир.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг