Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Шом диёрида вазият жиддийлашиши

0

Шом диёрини фатҳ этишга отланган исломий қўшинлар ўзларига топширилган вазифани бажаришда қийинчиликларга дуч келди. Улар куч-қудрати ва аскарлар сони кўплиги билан ажралиб турган Рум (Византия) империяси қўшинлари билан тўқнашаётган эди. Румликлар марказий шаҳарлари мудофааси учун қалъалар ва истеҳкомлар барпо этишганди, қўшинлари асосан суворий бўлинмалар (отлиқ аскарлар эскадрони) кўринишида тартибланган эди. Румликларнинг Шомда икки катта армияси бўлиб, бири Фаластинда, иккинчиси Антокияда эди. Бу икки армия олтита мавзеда жойлашган эди:

1) Антокия. Бу шаҳар Рум даврида Шомнинг пойтахти эди;

2) Қансарин. Бу шаҳар Ҳамот ва Ҳалаб ўрталиғида жойлашган, Ҳалабнинг жануби-ғарб томонида йигирма беш километр узоқликда эди. Бу ерлар Шом ўлкаларининг чегараси бўлиб, шимоли-ғарб томони Форс мамлакатига уланиб кетарди.

3) Ҳумус. Унинг ҳарбий нуфузи Тадмур ва Шом саҳроларигача чўзилган эди. Бу ерлар ҳам Шом диёрининг чегаралари бўлиб, шимоли-шарқ томони Форс мамлакатига чегарадош эди.

4) Аммон. У Балқодаги асосий шаҳар бўлиб, қалъаси ўта мустаҳкам эди.

5) Ажнодайн. Румнинг Фаластин жанубидаги, шунингдек, шарқий ва ғарбий араб ўлкалари ва Миср ҳудудидаги асосий ҳарбий базаси эди.

6) Қийсория. Фаластин шимолида, Ҳайфадан ўн уч километр узоқликдаги шаҳар, ҳозирда харобалари сақланиб қолган.

Қўмондонлик бош қароргоҳи Антокия ёки Ҳумус эди. Рум ҳукмдори Ҳирақл (Ираклий) Ийлиёда туриб вазиятни шахсан назорат қилиб турарди. У исломий қўшинларнинг Шом сари тобора ичкарилаб бораётганини кўргач, уларни ер билан яксон қилиб ташлаш учун зудлик билан ҳаракатланишга буйруқ берди. Румликларнинг исломий қўшинларга қарши жанг олиб бориш режаси қуйидагича белгилаб олинди:

 – Румликлар мусулмонлар қаршисида ортга чекинадилар ва Шом-Ҳижоз чегараларини уларга бўшатиб берадилар;

– Биринчи қўшиннинг бўлинмалари белгиланган вақтда Саржун бошчилигида Фаластинда бирлашади;

– Иккинчи қўшин бўлинмалари Теодор бошчилигида Антокияда йиғилади;

– Бу қўшинлар ҳаракатга тушади ва тўрт қўмондон бошчилигидаги мусулмон қўшинларига бирин-кетин ҳужум қилади. Шу тактика билан исломий қўшинларни якка-якка ҳолда йўқ қилиш мумкин бўлади.

Шу режа асосида Ҳирақл қўшинларини қуйидаги тартибда йўлга чиқарди:

– Амр ибн Осга қарши туғишган укаси Теодор бошчилигида тўқсон минг кишилик қўшин йўллади.

– Язид ибн Абу Суфёнга қарши Жўржа (Григорий) бошчилигида қўшин юборди.

– Абу Убайдага қарши Қийқор Настус бошчилигида олтмиш минг кишилик қўшин йўллади.

– Шураҳбил ибн Ҳасанага қарши Дарқус бошчилигида қўшин йўллади.

Мусулмонлар бу қўшинлар ва уларнинг ниятлари тўғрисида, Ҳирақлнинг исломий қўшинларни алоҳида-алоҳида йўқ қилиш режаси ҳақида ўта аниқ ва батафсил маълумотларни қўлга киритдилар. Мусулмон лашкарбошилар Мадинага халифа Сиддиққа мактуб йўллаб, уни аҳволдан бохабар қилдилар. Абу Убайда Абу Бакр разияллоҳу анҳуга йўллаган мактубида бу ҳақда шундай ёзган эди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси, Расулуллоҳ  саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси Абу Бакрга Абу Убайда ибн Жарроҳдан. Ассалому алайкум. Ягона ва шериксиз Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Аммо баъд. Аллоҳдан Ислом ва мусулмонларни азиз ва ғолиб қилишини, уларга осон ва қулай фатҳ ато этишини сўраймиз. Хабарларга қараганда, Рум ҳукмдори Ҳирақл Шомдаги Антокия шаҳрига келиб тушибди ва мамлакатининг бутун аҳолисини урушга сафарбар этибди. Мен сизни бундан хабардор этишни ва бу ҳақда сиздан йўл-йўриқ олишни истадим. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ».

Абу Бакр разияллоҳу анҳу унга шундай жавоб йўллади: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аммо баъд. Мактубинг етиб келди, Рум подшоҳи Ҳирақлнинг иши ҳақидаги гапларингни тушундим. Унинг Антокияга келиб тушганига келсак, бу унга ва одамларига мағлубият, сенга ва мусулмонларга Аллоҳнинг фатҳидир. У мамлакати аҳолисини сизларга қарши урушга сафарбар этганига келсак, унинг шундай қилишини биз ҳам, сизлар ҳам яхши билар эдик. Ҳеч бир қавм ўз салтанатини ташлаб, ўз мулкидан урушсиз чиқиб кетмайди. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, буни биласан. Уларга қарши кўп мусулмон кишилар ғазот қилдилар. Душманлари ҳаётни нақадар яхши кўрсалар, улар ўлимни шу қадар яхши кўришарди, урушларида Аллоҳдан улуғ ажр-савобни умид қилишарди, Аллоҳ йўлидаги жиҳодни бокира аёлларидан ва қимматбаҳо мол-мулкларидан устун кўришарди. Фатҳ пайтида улардан бир киши мушрикларнинг мингта одамидан яхшироқдир. Қўшининг билан душман қаршисига чиқ, мусулмонлардан кўплари ёнингда бўлмагани сабабли ўзингни ёлғиз деб билма. Зеро, Аллоҳ сен билан биргадир. Қолаверса, мен сенга етарли даражада мадад кучлари юбораман, ҳатто қўшимча одамга эҳтиёжинг қолмайди. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ»[1].

Язид ибн Абу Суфён ҳам айни мазмунда халифага мактуб юборди. Абу Бакр Сиддиқ унга қуйидаги жавоб мактубини йўллади: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аммо баъд. Рум шоҳининг Антокияга келгани ҳақида ёзган мактубинг менга етиб келди. Аллоҳ унинг қалбига мусулмон лашкарларидан қўрқувни солиб қўйибди, алҳамдулиллоҳ. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида бизга мадад сифатида ҳайбатни туширган эди ва бизни улуғ фаришталари билан мададлаган эди. Аллоҳ бизга ҳайбат бериб мадад кўрсатган ўша дин биз бугун одамларни чақираётган шу диннинг ўзидир. Раббингга қасам, Аллоҳ мусулмонларни бадкирдор кофирлар билан баробар қилмайди, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деганларни Аллоҳга ширк келтирадиган ва ҳар хил ботил олиҳаларга сиғинадиган кимсалар каби қилмайди. Душман билан тўқнашганда сабру матонат кўрсат, Аллоҳ сени ҳаргиз ёрдамсиз қолдирмайди. Аллоҳ таборака ва таоло хабар берганки, биздан озгина бир гуруҳ Аллоҳнинг изни билан кўпсонли гуруҳларга ғолиб келади. Қолаверса, мен сенга кетма-кет, етарли даражада мадад кучлари юбораман ва сен иншооллоҳ ортиқча одамга муҳтож бўлмайсан. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳ». Абу Бакр Сиддиқ ушбу мактубини Абдуллоҳ ибн Қурт ас-Сумолий орқали юборди. Язид ибн Муовия мактубни мусулмонларга ўқиб эшиттирганида улар беҳад хурсанд бўлдилар[2].

Амр ибн Осдан ҳам рум қўшинлари урушга ҳозирланаётгани ҳақида мактуб келди. Абу Бакр Сиддиқ унга шундай жавоб йўллади: «Ассалому алайкум. Аммо баъд. Румликлар қўшин йиғаётгани ҳақидаги сўзларинг битилган мактубинг етиб келди. Аллоҳ таоло бизга пайғамбари билан бирга эканимизда лашкар сонининг кўплиги билан ғалаба бермади. Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жанг қилганмиз. Ўшанда бизда фақат битта от бор эди, уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минган эдилар. Аллоҳ бизга мадад ва душманларимиз устидан ғалаба берар эди. Билиб қўй, эй Амр, Аллоҳга итоати энг кучли инсон гуноҳларни энг қаттиқ ёмон кўрадиган инсондир. Бас, Аллоҳга итоат эт ва одамларингни ҳам Унинг итоатига чорла[3]».

[1] «Ат-тарих ал-исломий», 9/213. Аздий. «Футуҳ аш-Шом», 30-31-бетлар.
[2] Аздий. «Футуҳ аш-Шом», 30-33-бетлар.
[3] Муҳаммад Аҳмад Ошур. «Хутабу Аби Бакр ас-Сиддиқ», 92-бет.

Изоҳ қолдиринг