Намоз: Икки сажда ўртасида ўтириш

0
  1. Сўнг такбир айтиб ўтиради

Дарҳақиқат, олдин келтирилган Абу Ҳумайд ва Воил ибн Ҳужр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисларда, шунингдек, «намозини дуруст ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис»да саждадан бош кўтарган киши нима қилиши баён этилган эди. Охирги ҳадиснинг бир ривоятида жумладан бундай дейилган: «Сўнг «Аллоҳу акбар» дея бошини саждадан кўтаради ва текис ўтиради». Муслимга оид бир ривоятда эса: «Сўнг (саждадан бошингни) кўтар ва хотиржам ўтир», дейилган.

Юқоридаги ҳадис икки сажда ўртасида хотиржам ўтириш вожиб эканини кўрсатади. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам шунга далолат қилади: «Мен сизларга худди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга имом бўлиб намоз ўқиб берганларини кўрганимдек имом бўлиб намоз ўқиб бераман. У зот (намозда) рукудан бошларини кўтарсалар, қадларини ростлаб тик турар эдилар. Ҳатто (узоқ тик турганларидан) баъзилар «унутиб қўйдилар шекилли», деб ўйлаб қолар эди.  Шунингдек, саждадан бошларини кўтарсалар, узоқ ўтириб қолар, ҳатто баъзилар «унутиб қўйдилар шекилли», деб ўйлаб қолар эди»[1].

Қаъдада ўтириш тартиби

Намозхон қаъдада чап оёғини тўшаб, устига ўтиради. Ўнг оёғини тик қўйиб, панжаларини қиблага қаратиб ўтиради. Бунга далил бўладиган ҳадисларни олдин келтирган эдик. Шундай ҳадислардан бирида Ибн Умар разияллоҳу анҳумо бундай дейди: «Намознинг суннати (яъни намознинг қаъдада ўтириш тариқаси) ўнг оёғингни тик қўйиб, чап оёғингни букиб ўтиришингдир»[2].

Икки сажда ўртасида «иқъо» кўринишида ўтириш жоизлиги

Товус раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: «Ибн Аббосдан икки товон устига «иқъо» кўринишида ўтириш ҳақида сўрадик. У: «Бундай ўтириш суннатдир», деди. Бизлар: «Бу тарзда ўтириш намозхонга (оёққа) оғир деб ўйлаймиз», дедик. «Йўқ, бу тарзда ўтириш Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидир», деди Ибн Аббос»[3].

«Иқъо» кўринишида ўтириш тартиби ҳақида Байҳақий бундай дейди: «Бундай ўтириш оёқ панжаларини ерга, думбани товонлар устига ва тиззаларни ерга қўйиб ўтиришдан иборатдир».

Эслатмалар:

Бир гуруҳ саҳобалардан ривоят қилинган айрим асарларда «иқъо» кўринишида ўтириш макруҳлиги собит бўлган. Шунингдек, бу тарзда ўтиришни Нахаий, Молик, Шофеий, Аҳмад, Исҳоқ ва ҳанафий уламолари макруҳ кўришган. Улар «иқъо» ўтиришидан қайтарган ҳадисга таяниб шундай фикр билдиришган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: «Халилим саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени итнинг ўтиришига ўхшаш «иқъо» ўтиришидан қайтардилар»[4]. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлишича, «У зот «уқбат аш-шайтон»дан (шайтоннинг товон ўтиришидан) қайтарганлар»[5]. Абу Убайда ва бошқалар: «Бу тарзда ўтиришдан мақсад тақиқланган «иқъо» ўтиришидир», дейишган.

Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тақиқланган «иқъо» ўтиришидан думба ва қўлларни ерга қўйиб, икки болдирни тик қўйиб ўтириш назарда тутилган. Бу тартибда ўтириш Ибн Аббос ва Ибн Умар разияллоҳу анҳумдан суннат экани собит бўлган «иқъо» ўтиришидан бошқадир»[6].

  1. Ҳадисларда икки сажда ўртасида қўллар қай шаклда туриши тўғрисида бирон очиқ сўз келмаган. Фуқаҳоларнинг фикрича, бу жойда қўллар сонлар устига узатилган бўлади. Бироқ умумий тарзда намознинг қаъдасида қўллар қай тартибда туриши тўғрисида икки хил кўриниш зикр қилинган. Баъзи уламолар бу икки кўриниш икки сажда ўртасидаги ўтириш ва ташаҳҳуд учун ўтиришнинг ҳар иккисига тегишли эканини айтишган. Мазкур кўринишларда ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғи билан ишора қилинар экан, ўрта ва бош бармоқлар ҳалқа қилиб турилиши айтилган. Бу фикрни Шайх Ибн Усаймин ва Ибн Қаййим раҳимаҳумаллоҳ айтишган[7]. Валлоҳу аълам. Мазкур икки кўриниш биринчи қаъда (ташаҳҳуд) ҳақида сўз юритилганда баён этилади, иншааллоҳ.

Бу борадаги тўғрироқ фикр жумҳур уламолар билдирган фикрдир. Унга кўра, икки сажда ўртасида қўллар сонлар устига узатилган бўлади[8]. Юқорида зикр этилган кўринишга келсак, бошқа ҳадисларда келганидек, бу кўриниш ташаҳҳуд ўқиш учун ўтиришга тегишлидир.

Икки сажда ўртасида айтиладиган зикрлар

1 – Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сажда ўртасида: «Эй Раббим, гуноҳларимни мағфират қил, эй Раббим, гуноҳларимни мағфират қил», дер эдилар»[9].

رَبِّ اغْفِرْ لِي ، رَبِّ اغْفِرْ لِي

Ўқилиши: «Робби иғфир лий, Робби иғфир лий».

2 – Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки сажда ўртасида: «Эй Аллоҳ, гуноҳларимни мағфират қил, менга раҳм қил, қосирлигим сабабли мен қўлдан бой берган яхшиликлар ўрнини тўлдир, заифлигим ўрнига қувват, фақирлигим ўрнига бойлик ато эт, мени ҳидоят қил, менга ҳалол ва кенг ризқ ато эт», деб дуо қилардилар[10]. Абу Довудга оид ривоятда «қосирлигим сабабли мен қўлдан бой берган яхшиликлар ўрнини тўлдир, заифлигим ўрнига қувват, фақирлигим ўрнига бойлик ато эт» иборасининг ўрнига «менга дунё ва охиратда барча ёмонликлардан офият бер» ибораси келган.

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَاجْبُرْنِي، (وَعَافِنِي)، وَاهْدِنِي، وَارْزُقْنِي

Ўқилиши: «Аллоҳумма иғфирлий, варҳамний, важбурний, (ва аафиний), ваҳдиний, варзуқний».

  1. Сўнг такбир айтиб иккинчи бор сажда қилади

Бунинг учун худди биринчи саждадаги каби «Аллоҳу акбар»ни айтиб, сўнг сажда қилади.

[1] Бухорий (821), Муслим (472), Абу Довуд (853) ривояти.
[2] Бухорий (827), Абу Довуд (958, 959), Молик («Ал-муватто», 1/89), Байҳақий (2/129) ривояти.
[3] Муслим (536), Абу Довуд (845), Термизий (283) ривояти. Термизий «ҳасан саҳиҳ», деган.
[4] Ҳасан лиғайриҳи. Аҳмад (2/311), Таёласий, Ибн Абу Шайба ривояти. Шайх Албоний «Саҳиҳ ат-тарғиб»да (555) ҳасан деган.
[5] Муслим (498), Абу Довуд (783), Ибн Абу Шайба (1/255), Аҳмад (6/31), Ибн Ҳиббон (1768) ривояти.
[6] Нававий «Ал-мажмуъ»да (3/439) нақл қилган.
[7] «Зод ал-маод», 1/238; «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 3/177.
[8] Қаранг: Шайх Бакр Абу Зайд раҳимаҳуллоҳ. «Ла жадийда фий аҳком ас-солат», 55-68-бетлар.
[9] Саҳиҳ. Абу Довуд (874), Насоий (2/199), Аҳмад (5/398) ривояти.
[10] Ҳасан. Термизий (284), Абу Довуд (850), Ибн Можа (897), Ҳоким (898) ривояти.

Изоҳ қолдиринг