Намоз: «Жалсатул-истироҳа»

0
  1. Сўнг такбир айтиб саждадан бошини кўтаради ва озгина ўтиради

  2. Сўнг иккинчи ракаатга туради

Иккинчи саждадан бош кўтаргандан кейинги мазкур ўтиришга «жалсатул-истироҳа» (яъни истироҳат ўтириши) дейилади. Унинг жоизлиги Молик ибн Ҳувайрис разияллоҳу анҳунинг ҳадисида собит бўлган. Молик ибн Ҳувайрисдан ривоят қилинишича, «у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиётганларини кўрган ва у зот тоқ ракаатлардан кейин то ўрнашиб ўтириб олмагунларича (кейинги) ракаатга турмаганлар»[1]. «Тоқ ракаатлар»дан мақсад биринчи ёки учинчи ракаатлардир. Шунингдек, бу ўтириш Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳу ҳадисининг баъзи ривоятларида ҳам собит бўлган. Унда бундай дейилади: «Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар», дедилар. Сўнг оёқларини букиб, ҳар бир суяк ўз жойига қайтгунча хотиржам ўтирдилар. Сўнг (кейинги ракаатга) турдилар…»[2].

Уламолар «жалсатул-истироҳа» жоизлигида ихтилоф қилишган. Бу хусусдаги тўғрироқ фикрга кўра, бундай ўтириш жоиз ва суннатдир. Юқорида ўтган ҳадислар буни қўллаб-қувватлайди. Қолаверса, «Саҳиҳи Бухорий»да «намозини дуруст ўқимаган киши тўғрисидаги ҳадис» ривоятларидан бирида ҳам мазкур ўтириш тилга олинган[3].

Бухорий раҳимаҳуллоҳ мазкур ривоят тўғрисидаги уламолар ихтилофига ишора қилган. Чунки баъзилар ҳадисни «Сўнг (иккинчи) саждадан бошингни кўтар ва хотиржам ўтир» деб, баъзилар эса «Сўнг (иккинчи) саждадан бошингни кўтар ва қаддингни ростлаб тик тур» деб ривоят қилишган. Агар биринчи эҳтимол тўғри бўлса, у ҳолда бундай ўтириш вожиб эканига далолат қилади. Аксинча, иккинчиси тўғри бўлса, олдин келтирилган Молик ибн Ҳувайрис ва Абу Ҳумайддан ривоят қилинган ҳадислар шундоқ ҳам бу ўтиришнинг жоиз эканига етарли далилдир.

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Шундай экан, ушбу ўтиришга эътибор қаратиш, хоҳ эркаклар, хоҳ аёллар бўлсин, уни доимий тарзда қилиб юриш, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўринларда касаллик ёки кексалик сабабли ўтирганлар, дегувчиларнинг гапига қарамаслик лозим бўлади. Чунки бу гап саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодат сифатида қилган ишлари билан эҳтиёж юзасидан қилган ишлари ўртасидаги фарқни ажрата олмаганлар, деган натижага олиб боради. Албатта, бундай хулоса қилиш очиқдан-очиқ ботилдир»[4].

Мавзуга доир мулоҳазалар:

  1. Тўғрироқ фикрга кўра, намозхон саждадан бош кўтараётиб такбир айтади. «Жалсатул-истироҳа»дан тураётиб яна бошқа такбир айтмайди.

  2. Намозхон тиловат саждаси учун саждага борган бўлса, саждадан бош кўтараётиб «жалсатул-истироҳа» учун ўтирмайди.

  3. Имом «жалсатул-истироҳа» учун ўтирмаса, муқтадий ҳам унга эргашиб ўтирмаслиги керакми ёки ўтириши суннатми?

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Имомга эргашган афзал. Муқтадий имомга эргашиш учун ҳатто биринчи қаъдани (ташаҳҳудни) тарк этади. Ундан ҳам ортиғи унга эргашиш учун рукнни тарк этади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар имом ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам ўтириб ўқинглар», деганлар»[5].

  1. Иккинчи ракаатга қай тарзда туради?

Иккинчи ракаатга қўлларига таяниб туради. Ибн Хузайма Молик ибн Ҳувайрис разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Сўнг (қўллари билан) ерга суяндилар, сўнг ўринларидан турдилар»[6]. Бу фикр имомлардан Шофеий, Молик ва Аҳмаднинг мазҳабидир[7].

[1] Бухорий (823), Абу Довуд (844), Термизий (287), Насоий (2/234) ривояти.
[2] Абу Довуд (730), Термизий (304) ривояти. Ушбу ҳадис «Намоз ўқиш тартиби» бобининг бошида ўтган эди.
[3] Бухорий ривояти, 6251. Ҳадисда «жалсатул истироҳа» фақат кексалик ёки касаллик сабабли жоиз бўлади, дегувчиларга раддия бор.
[4] Қаранг: «Тамом ал-минна фит-таълиқи ала фиқҳ ас-сунна», 212-бет.
[5] «Аш-шарҳ ал-мумтеъ», 3/192.
[6] Ибн Хузайма (687), Табароний (19/289), Байҳақий (2/124) ривояти.
[7] Қаранг: Нававий. «Ал-мажмуъ», 3/444. Қиёмга туришда қўлларни ерга суяб туриш ҳақида «ҳадис ал-ажн» номли бир ҳадис келган. Арзақ ибн Қайсдан ривоят қилинади: «Мен Абдуллоҳ ибн Умарни намозда хамир муштлагандек ерга муштини қўйганини кўрдим. Қиёмга турса қўлларини ерга суяб турар эди. Мен ундан: «Бу нима қилганингиз, эй Абу Абдураҳмон?» деб сўрадим. «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни намозда (қиёмга турар эканлар) хамир муштлагандек ерга муштларини тираб турганларини кўрганман», деди Ибн Умар» (Табароний ривояти, «Ал-авсат», 4/213, 4007-ҳадис). Ушбу ҳадисни бир қанча уламолар заиф дейишган. Албоний айтади: «Ҳадис санади солиҳ (яъни ҳасан)дир». Нававий айтади: «Борди-ю, ҳадис саҳиҳ бўлганда ҳам «худди ожиз, яъни кекса киши кафтларини ерга тираб тургандек турар эдилар», деган маънони англатади, «хамирни муштлагувчидек ерга муштларини тираб», деган маънони эмас». Нававийни бундай дейишга ундаган нарса баъзи уламоларнинг «ҳадисни нақл қилишда янглишлик юз берган, «ожиз кишидек» ибораси «хамирни муштлагувчидек» иборасига алмашиб  қолган» деган даъвоси бўлса ажаб эмас. Ҳадис маъносини изоҳлашда бу каби такаллуфга ҳожат йўқ. Яхшиси уни зоҳир маъноси бўлмиш «хамирни муштлагувчидек» маъносига йўявериш керак, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг