Тафсири муяссар: “Бақара” сураси, 282-283 оятлар

0

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنتُمْ بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ وَلْيَكْتُبْ بَيْنَكُمْ كَاتِبٌ بِالْعَدْلِ وَلا يَأْبَ كَاتِبٌ أَنْ يَكْتُبَ كَمَا عَلَّمَهُ اللَّهُ فَلْيَكْتُبْ وَلْيُمْلِلْ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ وَلا يَبْخَسْ مِنْهُ شَيْئاً فَإِنْ كَانَ الَّذِي عَلَيْهِ الْحَقُّ سَفِيهاً أَوْ ضَعِيفاً أَوْ لا يَسْتَطِيعُ أَنْ يُمِلَّ هُوَ فَلْيُمْلِلْ وَلِيُّهُ بِالْعَدْلِ وَاسْتَشْهِدُوا شَهِيدَيْنِ مِنْ رِجَالِكُمْ فَإِنْ لَمْ يَكُونَا رَجُلَيْنِ فَرَجُلٌ وَامْرَأَتَانِ مِمَّنْ تَرْضَوْنَ مِنْ الشُّهَدَاءِ أَنْ تَضِلَّ إِحْدَاهُمَا فَتُذَكِّرَ إِحْدَاهُمَا الأُخْرَى وَلا يَأْبَ الشُّهَدَاءُ إِذَا مَا دُعُوا وَلا تَسْأَمُوا أَنْ تَكْتُبُوهُ صَغِيراً أَوْ كَبِيراً إِلَى أَجَلِهِ ذَلِكُمْ أَقْسَطُ عِنْدَ اللَّهِ وَأَقْوَمُ لِلشَّهَادَةِ وَأَدْنَى أَلاَّ تَرْتَابُوا إِلاَّ أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً حَاضِرَةً تُدِيرُونَهَا بَيْنَكُمْ فَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَلاَّ تَكْتُبُوهَا وَأَشْهِدُوا إِذَا تَبَايَعْتُمْ وَلا يُضَارَّ كَاتِبٌ وَلا شَهِيدٌ وَإِنْ تَفْعَلُوا فَإِنَّهُ فُسُوقٌ بِكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ وَيُعَلِّمُكُمْ اللَّهُ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ ٢٨٢

  1. Эй Аллоҳга иймон келтирган ва Унинг пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашганлар, маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, молни асраш ва низонинг олдини олиш учун уни ёзиб қўйинг. Ораларингизда омонатли ва адолатли бир киши ёзсин. Аллоҳ ёзишни билдириб қўйган киши котиблик қилишдан бош тортмасин. Қарздор ўз зиммасидаги қарзни айтиб ёздирсин, Рабби ҳузуридаги жавобгарликдан қўрқсин ва қарзидан бирон нарсани камайтириб айтмасин. Агар қарздор ўта исрофгарлиги туфайли молни тасарруф қилиши тақиқлаб қўйилган киши бўлса ёки гўдак ё мажнун бўлса, ёхуд соқовлиги ё яхши гапира олмаслиги туфайли айтиб ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ишини юргизувчи киши унинг ўрнига айтиб ёздирсин. Ишончли, оқил ва болиғ икки мусулмон эркак кишини гувоҳликка чақиринглар! Агар икки эркак киши топилмаса, гувоҳлигига ўзингиз рози бўладиган бир эркак ва икки аёл кишини гувоҳ қилингки, икки аёлдан бири унутса, иккинчиси эслатиб қўяди. Гувоҳлар уларни гувоҳликка чақирган кишиларнинг чақириғини қабул қилишлари ва гувоҳликка чақирилган пайтда гувоҳлик беришлари лозим. Озми-кўпми, қарзни маълум муддатигача ёзиб қўйишдан эринманглар! Шундай қилиш Аллоҳнинг шариати ва динида энг адолатли иш, гувоҳликни мукаммал адо этишга энг катта ёрдамчи, қарзнинг тури, миқдори ва муҳлати борасидаги шак-шубҳани бартараф этишнинг энг яқин йўлидир. Аммо пули ўша заҳоти бериладиган нақд олди-сотди муомаласида ёзишга ҳожат йўқ. Бироқ низо ва келишмовчиликнинг олдини олиш учун нақд олди-бердиларда ҳам гувоҳ келтириш яхшидир. Гувоҳ гувоҳликни тўғри адо этиши, котиб эса Аллоҳ буюрганидек ёзиши вожибдир. Ҳақдор ҳам, қарздор ҳам гувоҳ ва котибларга бирон зарар етказиши жоиз эмас. Шунингдек, гувоҳлар ва котиблар ҳам уларнинг гувоҳлиги ва котиблигига муҳтож бўлган кишиларга зиён етказишлари жоиз бўлмайди. Агар ушбу қайтарилган ишни қилсангиз, Аллоҳга итоатсизлик қилган ва оқибатда ўзингизга зиён қилган бўласиз. Аллоҳдан тақво қилинглар, У буюрган ишларни бажариб, ман қилган ишлардан тийилинглар! Аллоҳ сизларга дунёю охиратингизни обод қилувчи жамики нарсаларни таълим беради. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи зот, ҳеч бир ишингиз Унга махфий қолмайди. У қиёмат куни сизларга барча ишларингиз учун жазо ё мукофот беради.

وَإِنْ كُنتُمْ عَلَى سَفَرٍ وَلَمْ تجِدُوا كَاتِباً فَرِهَانٌ مَقْبُوضَةٌ فَإِنْ أَمِنَ بَعْضُكُمْ بَعْضاً فَلْيُؤَدِّ الَّذِي اؤْتُمِنَ أَمَانَتَهُ وَلْيَتَّقِ اللَّهَ رَبَّهُ وَلا تَكْتُمُوا الشَّهَادَةَ وَمَنْ يَكْتُمْهَا فَإِنَّهُ آثِمٌ قَلْبُهُ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ ٣٨٢

  1. Агар сафарда бўлсангиз ва котиблик қиладиган киши тополмасангиз, у ҳолда қарздор ҳақдорга бирон нарса берсинки, у то қарзни қайтаргунича унинг қўлида гаров бўлиб туради. Агар бир-бирингизга ишонсангиз, ёзиб қўймаслик, гувоҳ келтирмаслик ва гаров қўймасликнинг зарари йўқ. Бу ҳолатда қарз қарздор зиммасида омонат бўлиб қолади. Омонатни адо этиш, Раббидан тақво қилиб, ҳақдорнинг ҳақига хиёнат қилмаслик унга вожибдир. Агар қарздор қарзидан тонса ва гувоҳ бўлган киши у ерда ҳозир бўлса, у рўйирост гувоҳлик бериши лозим. Ким бу гувоҳликни яширса, у хоин ва бузуқ қалб эгасидир. Аллоҳ дилларда яширинган сирларни билувчи ва барча ишларингиздан хабардор зотдир. У сизларни шунга кўра ҳисоб-китоб қилади.

Изоҳ қолдиринг