Намоз: Учинчи ракаатга туриш ва «рафъул ядайн» қилиш

0
  1. Сўнг такбир айтиб, учинчи ракаатга туради ва «рафъул ядайн» қилади

Бу ҳақда Абу Ҳумайд ва бошқалардан ривоят қилинган ҳадисларда айтилган. Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳунинг ҳадисида бундай дейилган: «Сўнг иккинчи ракаатдан (учинчи ракаатга) турса, такбир айтади ва намозни бошлашдаги такбири таҳримадагидек қўлларини елка баробарида кўтаради».

Ҳадис зоҳиридан такбирни қиёмга боришдан олдин ёки қиёмга етгандан кейин айтиш жоизлигини тушуниш мумкин. Шундай бўлса-да, қиёмга боришдан олдин такбир айтиш эҳтимоли устунроқдир. Чунки ҳадисдаги «иккинчи ракаатдан (учинчи ракаатга) турса» деган ибора «турмоқчи бўлса» деган маънони ифодалаши мумкин. Зеро, уламолар Аллоҳ таолонинг «Агар намозга турсангиз» (Моида, 6) деган сўзини «Агар намозга турмоқчи бўлсангиз», дея талқин қилишган.

Қиёмдан олдин такбир айтишга келсак, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилмоқчи бўлсалар такбир айтиб, сўнг сажда қилар, қаъдадан турсалар, такбир айтиб, сўнг турар эдилар»[1].

Биринчи қаъдадан кейин рафъул ядайн қилишга келсак, Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳунинг ҳадисида ўтганидек, ҳадислар зоҳири қиёмга етгач қўллар кўтарилишини кўрсатади. Бу шунингдек, Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг ҳадисида ҳам айтилган: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракаатдан кейин турмоқчи бўлсалар такбир айтиб, қўлларини кўтарар эдилар»[2].

Дарҳақиқат, Шайхимиз Албоний раҳимаҳуллоҳни биринчи қаъдадан кейин қиёмга туришдан олдин такбир айтиб рафъул ядайн қилганларини кўрганман. Афтидан, у киши ҳадисдаги «турсалар» деган иборани «турмоқчи бўлсалар» деган маънога йўйган кўринади. Мен Шайхнинг мазкур ҳадис шарҳи тўғрисида бирон гапини учратмадим. Агар тахмин қилганимдек ва худди юқорида такбирни қиёмдан олдин айтиш хусусида айтиб ўтилган маънони қасд қилган бўлсалар, албатта, бу ҳам кучли талқин. Ҳозирча менинг наздимда ҳам устунроқ кўринган фикр шудир, валлоҳу аълам.

«Жалсатул истироҳа» мавзусида айтиб ўтганимиздек, биринчи қаъдадан қиёмга турилар экан, қўлларни ерга суяб турилади.

[1] Ҳасан. Абу Яъло ривояти, 6029. Ҳадисни Шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (604) саҳиҳ деган. Ибн Ҳиббон (1865) Абу Ҳумайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди.
[2] Абу Довуд (743), Ибн Абу Шайба (1/213, саҳиҳ санад билан) ривояти.

Изоҳ қолдиринг