Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Шомга қўшимча кучлар юборилиши

0

Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққоснинг Шомга юборилиши

Абу Бакр Сиддиқ Шом диёридаги исломий қўшинларга аскар, қурол-аслаҳа, от-улов ва бошқа зарурий ашёлар билан мадад кўрсатишга киришди. Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққосни ҳузурига чорлаб, унга деди: «Ҳошим, омадинг бор экан, холислигинг, садоқатинг, поклигинг ва куч-қудратингга ишонч билдириб, сени Шомдаги қўшинларимизга мадад учун борадиган кучларга бош этиб тайинлашга келишдик. Мусулмонлар кофир душманларига қарши мендан ёрдам сўраб чопар юбордилар. Сен одамларни олиб уларга ёрдамга отлан, мен сенга одам йиғиб бераман. Сен Абу Убайда ёки Язид қўшинига ёрдамга бор». «Абу Убайда ёнига бораман», деди Ҳошим. «Майли, шундай бўлақолсин», деди Абу Бакр. Сўнг Абу Бакр одамларни чорлади. Аллоҳга ҳамду сано айтганидан сўнг деди: «Аммо баъд. Мусулмон биродарларингиз соғ-саломат ва яхши ҳолатдалар. Аллоҳ душманлари қалбига қўрқув солиб қўйган ва улар қалъаларига кириб, дарвозаларини тамбалаб олишган. Менга келган хабарларга кўра, Рум шоҳи Ҳирақл улардан қочиб, Шомнинг четидаги бир қишлоққа борган ва ўша ерда туриб, мусулмонларга қарши қўшинлар йўлламоқда. Мен мусулмон биродарларингизга сизлардан ташкил топган мадад кучларини юбормоқчиман. Шу билан Аллоҳ уларнинг белларига қувват беради, душманларини хор қилиб, қалбларига қўрқув солади. Аллоҳ сизларни раҳматига ноил этсин, Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққос атрофига йиғилинглар ва Аллоҳдан ажру савоб умид қилинглар. Ғолиб бўлсангиз фатҳ ва ғаниматга эга бўласиз, ўлсангиз шаҳидлик ва улуғ мақомга эришасиз».

Сўнг Абу Бакр бурилиб, уйига кириб кетди. Кўнгиллилар Ҳошим қўшинига ёзила бошлади ва қўшин сони мингга етди. Шундан сўнг Абу Бакр йўлга отланишга буйруқ берди. Абу Бакр Сиддиқ қўшинни кузатиб қўяр экан, Ҳошимга деди: «Ҳошим, биз ёши улуғ кишиларнинг фикри, маслаҳати ва ҳаётий тажрибаларидан, ёшларнинг эса сабр-матонати, куч-қуввати ва шижоатидан фойдаланамиз. Ёш бўлишингга қарамай Аллоҳ таоло сенда бу хислатларнинг барини жамлаган ва сенинг келажагинг порлоқ. Душманга йўлиққанда сабрли бўл ва одамларингни сабрга чорла. Билиб қўй, Аллоҳ йўлида бир қадам боссанг, биргина нарсани нафақа қилсанг ёки оз бўлсада қийинчилик, очлик ва ташналикка йўлиқсанг, албатта Аллоҳ бунинг учун сенга яхшилик ёзади. Аллоҳ яхши амал қилувчилар ажрини зое қилмайди».

Ҳошим деди: «Аллоҳ насиб қилса, албатта айтганларингизни қиламан. Умид қиламанки, танимда жоним бор экан, душманга қирон келтираман, иншооллоҳ».

Шу ерда ҳозир бўлган амакиси Саъд ибн Абу Ваққос унга деди: «Жияним, отган ҳар бир ўқинг ва урган ҳар бир зарбанг билан фақат Аллоҳнинг розилигини иста. Билиб қўй, яқинда Аллоҳ ҳузурига қайтасан. Охиратда сенга фақат шу динга садоқатинг ва қилган солиҳ амалинг асқатади». У деди: «Амаки, мен учун шундан бошқа бирор нарсада қўрқманг. Агар юриш-туришим, кетиб-келишим, қилич уришиму найза отишим одамлар кўзига риё учун бўлса, унда мен аниқ зиён кўрувчилардан бўламан».

Сўнг Ҳошим Абу Бакр Сиддиқнинг ҳузуридан чиқиб, Абу Убайда қўшини сари йўлга чиқди. У етиб борганида мусулмонлар кўп хурсанд бўлдилар[1].

Саид ибн Омирнинг Шомга юборилиши

Ҳошим ибн Утба жўнаб кетганидан сўнг бир муддат ўтгач, Абу Бакрнинг буйруғи билан Билол одамлар ичида юриб: «Эй мусулмонлар, Саид ибн Омир Жумаҳий билан Шомга йўл олишга йиғилинглар!» деб жар солди. Бир неча кунда етти юз киши йиғилди. Саид ибн Омир йўлга чиқиши олдидан Билол разияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига келиб: «Эй Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси, агар сиз мени ёнингизда туришим учун қулликдан озод этган бўлсангиз ва ўзим истаган яхшиликни қилишдан ман қилсангиз, майли, ёнингизда тураман. Аммо мени Аллоҳ учун озод этган бўлсангиз ва ўзимга ўзим хўжайин бўлсам, менга изн беринг, Раббимнинг йўлида жиҳод қилай. Зеро, жиҳод қилиш мен учун бу ерда туришдан яхшироқ», деди. Абу Бакр: «Агар орзуйинг жиҳод бўлса, мен сени мажбурлаб олиб қолмайман. Мен фақат сенинг азон айтиб бериб туришингни истардим. Сен кетиб қолсанг, ёлғизланиб қоламан, эй Билол. Аммо бир кун барибир айрилиқ бор, то қиёмат қайта кўришиш бўлмайди. Шундай экан, майли эй Билол, яхши амал қилиб қол, охиратинг учун озуқа бўлади, модомики тирик экансан Аллоҳ сени у билан ёд этади, ўлганингда ўша билан сенга савоблар беради». Билол деди: «Сиз менинг валинеъматим ва Исломдаги биродаримсиз, Аллоҳ сизга хайрли мукофотлар берсин. Аллоҳга қасам, сизнинг бизга Аллоҳнинг тоатида сабр билан туришга, ҳақ ва солиҳ амал устида бардавом бўлишга буюришингиз янгилик эмас. Азонга келсак, мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бирон кишига муаззинлик қилишни истамайман». Сўнг Билол Саид ибн Омир қўшини сафига қўшилди. Абу Бакрнинг буйруғига кўра, Саид ибн Омир Язид ибн Абу Суфёнга ёрдамга жўнаб кетди. У Язид қўшинига бориб қўшилди ва у билан Араба ва Досина жангларида иштирок этди.

Жиҳодга қатнашиш истагида ҳар тарафдан одамлар Мадинага келишар, Сиддиқ уларни жиҳод майдонларига юборар эди. Келаётган одамларнинг баъзилари саҳро аҳлидан бўлиб, кўплари қўпол ва жоҳил, мукаммал исломий тарбия кўрмаган одамлар эди. Мадинадаги саҳобалар ва тобеинлар уларнинг озорларини кўтаришар, баъзан улардан йўлиқаётган ишлардан халифа Сиддиққа шикоят қилишар эди. Мадинага атрофдан жуда кўп одам келганига қарамай, бу гуруҳлар орасида бирон жиддий келишмовчилик ё уруш-жанжал чиққани зикр этилмаган. Абу Бакр Сиддиқ Мадина халқидан Аллоҳ учун сабр этишларини сўрарди. Уларга хитоб қилиб: «Мусулмонлардан Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайманки, четдан келаётган кишиларга сабрли бўлсинлар ва уларнинг қаттиқ-қуруқ сўзларига кўз юмсинлар. Зеро, Аллоҳ улар билан душманларимизни, Ҳирақл ва румликларни ҳалок этгай, улар сизларнинг биродарларингиздир», деган эди[2].

 

[1] Аздий. «Футуҳ аш-Шом», 33-35-бетлар.
[2] Ҳумайдий. «Ат-тарих ал-исломий», 9/223.

Изоҳ қолдиринг