Закотга тарғиб қилиш

0

Закотга тарғиб қилиш:

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг.  Албатта,  сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур” [Тавба: 103]. Яна шундай дейди: “Албатта тақводор зотлар (у Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар.  Зеро, улар бундан илгари (яъни дунёда) чиройли амаллар қилгувчи эдилар. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар. Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилгак) ҳақ-улуш бўлар эди” [Зориёт: 15-19].

  • Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юборар экан унга шундай дедилар: “Дарҳақиқат, сен аҳли китоблардан иборат бир қавм ҳузурига кетяпсан. Шундай экан, сен уларни Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлиги ва менинг Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик келтиришга даъват қилгин. Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда уларга Аллоҳ таоло бир кеча кундузда беш маҳал намозни фарз қилганини билдиргин. Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдиргин. Агар улар бунга итоат этсалар, уларнинг қимматбаҳо мол-мулкларини (танлаб) олишдан эҳтиёт бўл. Мазлум кимсанинг дуосидан сақлан. Негаки, мазлумнинг дуоси билан Аллоҳ ўртасида парда йўқ[1].

  • Абдуллоҳ ибн Муовия Ғозирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Уч (хислат) борки, кимда ким бу хислатларни бажарса, аниқ иймон таъмини тотади: ким ёлғиз Аллоҳга ибодат қилса, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканини билса, ҳар йили чин дилдан хоҳлаб ва ҳавойи нафси закотни адо этишга ёрдамчи бўлган ҳолда мол-мулкининг закотини берса, (шунингдек, чорва молларидан закот бераётиб улардан) қарисини ҳам, кирлаган қўтирини ҳам, касалини ҳам,  камсут ва кўримсиз майда-чуйдасини ҳам бермаса. Аксинча, мол-мулкингизнинг ўртачасидан (закот берингиз). Чунки, Аллоҳ сизлардан энг яхши мол-мулкларингизни (беришни) сўрагани ҳам ва энг ёмонини (беришга) буюргани ҳам йўқ[2].

  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳаққи (закоти)ни бермайдиган бирон бир олтин ёки кумуш эгаси йўқки, албатта қиёмат куни бўлганида унга (бу тилло ва кумушлар) оловдан иборат листлар шаклига келтирилади ва (то оловга ўхшаш ҳолатга келгунига қадар) жаҳаннам ўтида қиздирилади. Сўнгра у билан бу кимсанинг (икки) ёнбоши, пешонаси ва орқаси куйдирилади. Миқдори (дунёдаги) эллик минг йилга тенг келадиган  кунда бу оловли листлар совуган сари уни куйдириш учун қайтадан қизитилаверади. Бу ҳолат то бандалар ўртасида ажрим қилиниб, киши ўзининг жаннат ёки дўзахга элтувчи йўлини кўргунича давом этади”.

“Эй Расулуллоҳ, (бу – олтин ва кумуш эгасининг гуноҳи), туя (эгасининг гуноҳи)чи?”, –дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳаққи (закоти)ни адо қилмайдиган  бирон бир туя эгаси йўққи (туяни ҳаққидан бири уни сўғориш учун сувга олиб борилганда йўловчи ва камбағалларга эҳсон қилиш мақсадида соғиш),  албатта қиёмат куни бўлганида туя эгаси  туяси (уни тепкилаши) учун кенг ва текис ерда юзтубан ётқизилади. Туялари (дунёдаги) энг катта ва семиз ҳолатида бўлиб, бу ишда туяларидан (ҳаттоки) биронта бўталоқ ҳам қолмай қатнашаётганини кўради. Туялари уни туёқлари билан тепкилаб, оғизлари билан тишлайди. Миқдори (дунёдаги) эллик минг йилга тенг келадиган  кунда бу туяларнинг (кети ўзилмайди): охиргилари ўтиб бўлгани сари аввалгилари қайтадан ўта бошлайди. Бу ҳолат то бандалар ўртасида ажрим қилиниб, киши ўзининг жаннат ёки дўзахга элтувчи йўлини кўргунича давом этади”.

“Эй Расулуллоҳ, (бу олтин, кумуш ва туя эгаларининг гуноҳи), от (эгасининг гуноҳи)чи?”, –дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “От уч турли: кимгадир гуноҳ, кимгадир (азобдан) тўсиқ ва кимгадир ажрдир. От унга гуноҳ бўладиган кишига келсак, у отини риёкорлик, фахрланиш ва мусулмонларга душманлик қилиш учун боққан киши бўлиб, бундай от унга гуноҳ келтиради. Оти унга (азобдан) тўсиқ бўлган кишига келсак, у отини Аллоҳ йўлида (жиҳод учун) боғлаб ҳозирлаган, отнинг белидаги  ва ўзидаги Аллоҳнинг ҳаққини унутмаган киши бўлиб, бундай от унга (дўзах азобидан) тўсиқдир[3]. Энди от унга ажр бўладиган кишига келсак, у отини Аллоҳнинг йўлида мусулмонлар манфаати учун кенг яйлов ва боғчаларда боғлаган кишидир. От бу кенг яйлов ва боғчалардан бирон нарса емасин, албатта егани миқдорича эгасига ҳасанотлар ёзилади. Шунингдек, унинг тезаги ва сийдиги миқдорича эгасига ҳасанотлар ёзилади. От арқонини ўзиб чопиб бир ёки икки тепаликка кўтарилмасин, албатта унинг излари ва тезаклари миқдорича ҳасанотлар ёзилади. Эгаси оти билан бирон бир дарёдан ўтса-ю, эгаси уни суғоришни мақсад қилмасада от дарёдан сув ичса, албатта Аллоҳ таоло эгасига отнинг сув ичгани миқдорича ҳасанотлар ёзади”.

“Эй Расулуллоҳ, (бу олтин, кумуш, туя ва от эгаларининг гуноҳи), эшак (эгасининг гуноҳи)чи?”, –дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эшак тўғрисида менга (муайян нарса нозил қилинмади, аксинча) мана бу ноёб (барча яхшилик кўринишларини ўзида) жамловчи оятгина нозил қилинди:Бас,  ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса,  (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса,  уни ҳам кўрур!” [Залзала: 7-8][4].

  • Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Эй муҳожирлар жамоати! Беш иллат борки, агар сизлар бу иллатларга чалиниб, улар (ичингизда) пайдо бўлса (шу дунёнинг ўзида сизларга Аллоҳнинг азоби келади). Бу иллатларга дучор бўлишдан Аллоҳ сизга паноҳ берсин!: бирон бир қавмда фоҳишабозлик пайдо бўлиб, уни очиқчасига қила бошласалар, албатта уларнинг ичида ўтган аждодларида юз бермаган (турли) вабо ва касалликлар тарқалади. Агар ўлчов идишлари ва тарозидан уриб қолсалар, албатта қаҳатчилик, етишмовчилик ва подшоҳларнинг зулми билан жазоланадилар. Борди-ю, мол-мулкларининг закотини бермас эканлар, осмондан келадиган ёмғирдан маҳрум қилинадилар ва чорва моллари бўлмаганида уларга (мутлақ) ёмғир ёғмаган бўлур эди. Агар Аллоҳнинг аҳдини ва Расулининг аҳдини  бузсалар, шубҳасиз Аллоҳ улар устидан ғайридинлардан бўлмиш душманни ҳукмрон қилиб қўяди ва улар мусулмонларнинг қўлидаги бойликларни талон-тарож қиладилар. Борди-ю, мусулмон ҳокимлар Аллоҳнинг китоби ила ҳукм қилмас эканлар, албатта Аллоҳ уларни ўзаро ички келишмовчилик ва низоларга гирифтор қилиб қўяди[5].

  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ мол-дунё бериб, унинг закотини адо қилмаган кишига мол-дунёси қиёмат кунида заҳри кўплигидан боши ялтироқ ҳолга келган илонни эркаги суратида гавдаланади. Илоннинг икки кўзи устида икки қора доғи бўлиб, қиёмат кунида унга ўралиб, уни икки жағи билан тишлар экан шундай дейди: “Мен сенинг мол-мулкингман, сен (жамғарган) хазинаман!”. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни ўқидилар: “Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар!” [Оли Имрон: 180].

  • Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “(Мол-дунёсининг закотини бермай) хазина қилиб жамғарувчиларга жаҳаннам ўтида қиздирилган тош “хушхабар”ини бер. Бу тош улардан бирининг кўкрак учига қўйилса унинг (елкасидаги) ўмров суягидан чиқиб кетади. Агар ўмров суягига қўйилса ҳаракатланган ҳолда кўкрагининг учидан чиқиб кетади[6].

[1] Бухорий (1458), Муслим (19), Абу Довуд (1584), Термизий (625), Насоий (2\5) ва Ибн Можа  (1783) ривояти.
[2] Саҳиҳ, Абу Довуд (1582), Байҳақий (4\96) ривоят қилган. Шайх Албоний “Ал-силсилатус саҳиҳа” да (1046) саҳиҳ деган.
[3] Уламоларнинг айтишича, ҳадисдан мақсад кишининг отини миниб жиҳод қилишидир. Айтишларича, отнинг ўзидаги ҳақдан мақсад, отни яхши парваришлаш, уни керакли ем-хашак ва бошқа нарсалар билан таъминлашдир. Отнинг белидаги ҳақдан мақсад эса,  байтални қочириш учун эркак от талаб қилинса уни бериб туриш бўлса ажаб эмас ва бу  мустаҳабдир. Баъзи олимларнинг айтишича, бундан мақсад, от миниб эришилган ўлжаларнинг бешдан бирини адо этишдир.
[4] Имом Муслим (987) ҳадисни тўлалигича ривоят қилган, ҳадис матни ҳам унга мансуб. Шунингдек, ҳадисни Абу Довуд (1658, 1659) ва Насоий (5\12) ривоят қилган.  Қаранг: “Саҳиҳи Бухорий” (1402, 2371, 3072).
[5] Ҳасан. Ҳоким (4\582) ҳасан ровийлар шажараси ила ривоят қилган.  Шунингдек, ҳадисни Ибн Можа (4019) ривоят қилган ва Албоний “Саҳиҳа”да (106, 107) келтириб, ҳадиснинг ривоят йўллари ва ҳадис маъносини қўллаб-қувватловчи ҳадис матнларини зикр қилган.
[6] Бухорий (1407) ва Муслим (992) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг