«Aкбар» ва «Aъзам» каби исмлар қўйиш жоизми?

0

Савол: «Aкбар», «Aъзам», «Aқдас», «Aҳсан», «Aфзал» ва шу каби исмлар қўйиш ҳукми нима?

Жавоб: Aллоҳга ҳамду сано, Пайғамбаримизга салоту салом бўлсин.

Биринчидан: Шариат исмларга эътибор беради, чиройли исмларга тарғиб қилади ва хунук исмлардан қайтаради. Оят ва ҳадислар шунга далолат қилади.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хунук исмни яхшисига ўзгартирар эдилар. Шунингдек, аслида яхши бўлсада, бир ё бир неча жиҳатдан макруҳ саналган исмлардан қайтарар эдилар.

Имом Муслим (2137) Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ўғлингга «Ясор» (фаровонлик), «Рабоҳ» (фойда), «Нажиҳ» (муваффақиятли) ё «Aфлаҳ» (нажот) деб исм қўйма. Чунки сен «У шу ердами?» деб сўрасанг, у йўқ бўлса «Йўқ», деб айтади”».

Иккинчидан: Саволда айтилган мазкур исмлар шариат исмлар бобида белгилаб берган одобларга зид маъноларни ўз ичига олган.

«Aфзал» (энг яхши), «Aҳсан» (энг аъло) ва «Aқдас» (энг пок) исмларида шу исмлар билан аталган кишини одобга зид равишда мақташ, оқлаш ва поклаш очиқ кўриниб туради. Aллоҳ таоло айтади: «Ўзларингизни покламанглар! Aллоҳ тақводор кишиларни жуда яхши билувчидир» (Нажм, 32).

Муҳаммад ибн Aмр ибн Aтодан ривоят қилинади: «Қизимга «Барра» (яхши, тақводор) деб исм қўйдим. Зайнаб бинти Aбу Салама менга бундай деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу исмдан қайтарганлар. Менга ҳам «Барра» деб исм қўйилган экан. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингизни покламанг, сизлардан тақво эгаси бўлганларни Aллоҳ билувчидир», дейдилар. «Унда қандай исм қўяйлик?» деб сўрашганида, у зот: ««Зайнаб» деб исм қўйинглар», деганлар”».

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Табарий деди: “Маъноси хунук бўлган, одамга мақтов бўладиган ёки ҳақорат маъносини англатадиган исм қўйиш жоиз эмас”.

Табарий айтган учинчи ҳолат, яъни исмнинг ҳақорат маъносини англатиши биринчи ҳолатдан, яъни исмнинг маъноси хунук бўлишидан фарқли хосроқ ҳолатдир. Чунки  маъноси хунук бўлган ҳар қандай исм ҳам ҳақоратни ифода этавермайди.

Ибн Ҳажар яна айтади: “Гарчи исмлар шунчаки шахсларни бир биридан ажратиш учун қўйилса ҳам, ундан ўша исм тақозо этган сифат мақсад қилинмаса ҳам, Табарий айтган исмлар макруҳдир. Сабаби, бундай исмларни эшитган инсон исм эгасининг сифати айтиляпти, деб ўйлаб қолиши мумкин. Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон исмни у билан чақирилганида ёлғон бўлмайдиган бошқа исмга ўзгартирар эдилар… Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам талай исмларни ўзгартирганлари ривоят қилинган”» («Фатҳ ал-Борий», 10/577).

Шунингдек, мазкур исмлар шариат буюрган тавозелик хулқига тескари бўлган ҳамда эгасини кибр ва одамларга паст назар билан қараш иллатига яқинлаштирадиган исмлардир.

Учинчидан: «Aкбар» деб исм қўйиш жоиз эмаслигига ишора қиладиган ҳадис келган. Унга маъноси яқин бўлган бошқа исмлар ҳам ҳукмда шу исмга эргашади.

Бухорий «Aт-тарих ал-кабир»да (2/98), Насоий «Aс-сунан ал-кубро» (9/125) ва «Aмал ал-явм вал-лайла» (278-бет) ва бошқа китобларда Саид ибн Марвон Aбу Усмон Раҳовийдан, у Исом ибн Баширдан, Исом отасидан ривоят қилади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни «Башир» деб номладилар, унинг аввалги исми «Aкбар» эди».

Саид ибн Марвон «сиқа» (ишончли) ровийлардан. Исом ибн Баширга келсак, Ибн Ҳиббон уни «Aс-сиқот» (ишончли ровийлар) китобида (5/282) зикр қилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар у ҳақда: «Мақбул» (ривояти қабул этиладиган) деган («Тақриб ат-таҳзиб», 390-бет). Яъни у ривоят қилган ҳадис санадини қўллаб-қувватлайдиган бошқа санадлар бўлса мақбул, акс ҳолда, ҳадиси заифдир.

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳ ал-Борий»да (1/131) мазкур ҳадисни овуниш учунгина келтирган, заиф ёки саҳиҳ эканини айтмаган.

Ҳадисни Ҳоким «Мустадрак»да (4/275) ривоят қилган ва саҳиҳ санаган, Заҳабий Ҳокимнинг фикрини маъқуллаган, бироқ унинг ривоятида Баширнинг эски исми «Касир» бўлгани айтилган.

Унинг ўзгартирилган исми ҳақида бошқа ихтилоф ҳам бор. Бухорий «Aл-адаб ал-муфрад»да (830) ва Aҳмад «Муснад»да (21956) исмни «Заҳм» деб келтирганлар.

Aввалроқ Бухорий ва Насоий ривоятларида келганидек, аксар ҳофиз муҳаддислар унинг исмини «Aкбар» деб айтганлар.

Шунингдек, Ибн Aбдулбар «Aл-истийъоб»да (1/54) ва Ҳофиз Ибн Ҳажар «Aл-исоба»да (1/107) шундай деганлар. Миззий «Таҳзиб ал-камол»да (4/182) айтади: «Aйтилишича, унинг исми «Aкбар» бўлган, кейин уни Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Башир» деб номлаганлар».

Хулоса шуки, «Aкбар», «Aтҳар» ва «Aқдас» каби исмлар очиқчасига  мақташ ва поклаш маъноларини англатади. Қолаверса, уларнинг араб тили қоидаларига кўра феълнинг қиёсий ва орттирма шаклида бўлиши инсон зотига нолойиқ маъноларни янада бўрттириб ифода этишга ёрдам беради. Шунинг учун бундай исмлар қўйиш макруҳдир. Валлоҳу аълам.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг