6-Тарбия маданиятини ҳосил қилиш фақат ота-онанинггина вазифаси бўлмай, балки бу бутун оила аъзоларининг вазифасидир. Ёлғиз ота-онанинг ўзи барча тарбия машаққатини кўтара олмайдилар. Оилангизда ёши йигирмадан ошган ёки ҳануз ўсмирлик даврида бўлган ёхуд эндигина мактабга қадам қўйган, шунингдек, ҳали мактаб ёшига етмаган фарзандларингиз бўлса, у ҳолда оила аъзолари бўлмиш бу фарзандлар оилада ўзаро исломий одоб-ахлоқларни ўстириш ва хато-камчиликларни бартараф этиш йўлида ўзаро ҳамкорлик қилмоқликлари керак.
Биз фарзандлардан содир бўладиган хато-камчиликлар ва муваффақиятсизликлардан оиланинг умумий тарбия маданиятини пайдо қилиш йўлида фойдаланмоғимиз лозим. Айтайлик, қизингиз ўқув йили якуний имтиҳонларидан ўта олмади ва бундан тушкун кайфиятга тушиб қолди. Бу сиз оила аъзолари учун қизингизга нисбатан ҳамдардлик, меҳрибонлик ва ёрдам қўлини чўзиш учун қулай фурсат.
Фарзандларингиздан бири ўз иниси билан жанжаллашиб қолди, дейлик. Бу жанжал асносида улар ўртасида ўзаро тушунмовчилик ва одоб доирасидан чиқиш ҳолатлари юз бериши мумкин. Бу ҳолат улар иккисидан хато содир қилганининг узр сўраши, бошқа бирининг эса ўз саховати ва кечиримлилигини изҳор қилиши учун муносиб фурсатдир.
Шунингдек, фарзандлардан бири кимнидир ғийбат қилди, дейлик. Бу ҳолат ғийбат қилинган шахс шаънини ҳимоя қилиш ва боланинг бу хатти-ҳаракатининг нотўғри эканини эслатиш учун муносиб фурсатдир…
Биз оила аъзолари ўртасига раҳна соладиган ишларни ўзаро оилавий ришталарни кучайтирувчи, жамоавий меҳр-оқибат туйғуларини ўстирувчи ҳамда уларнинг бу борадаги онг даражасини оширишга ёрдам берадиган омилларга айланишини истаймиз. Албатта биз Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи ила бу ишларга қодирмиз.