Абу Бакр разияллоҳу анҳу: Холид ибн Валиднинг Шомга юборилиши

0

Шомдаги исломий қўшинлар қўмондонлиги Рум қўшинлари ҳаракатини диққат билан кузатиб, вазият жиддийлашиб бораётганини кўриб турарди. Улар зудлик билан кенгаш чақириб, вазиятни муҳокама этдилар. Абу Убайда ибн Жарроҳ халифага мактуб ёзиб, ҳолатни унга англатди. Кенгашда қўмондонлар вазиятдан келиб чиқиб, ўзлари фатҳ этган барча ерлардан чекиниб туришга келишдилар, румликларнинг режасини чиппакка чиқариш ва уларни бирлашган исломий қўшинлар билан ҳал қилувчи жангга киришга мажбур этиш учун барча қўшинларни бир жойга йиғишга қарор қилдилар. Амр ибн Ос барча қўшинлар Ярмукда йиғилишини таклиф этди. Халифа Абу Бакр Сиддиқнинг фикри ҳам шунга мувофиқ келди. Қўмондонлар имкон қадар душман кучлари билан тўқнашувдан четланган ҳолда чекинишга келишиб олдилар. Абу Убайда Ҳимсдан, Шураҳбил ибн Ҳасана Урдундан, Язид ибн Абу Суфён Дамашқдан чекинди. Амр ибн Ос Фаластиндан чекинишни бошлади, аммо Ярмукка етмасидан Холид ибн Валиднинг қўшини етиб келди ва икки қўшин биргаликда Биъри Сабуъ деган ерда румликларнинг таъқибига дуч келди. Мусулмонлар қарши ҳужумга ўтдилар ва Ажнодайн жанги бўлиб ўтди[1].

Абу Бакр Сиддиқ Абу Убайданинг мактубини ўқигач, унга Ярмукка чекиниш ва ўша ерда йиғилишни буюриб мактуб йўллади. Мактубида: «Мендан буйруқ келмагунича шаҳарларни қамалга олманглар. Агар душманлар қаршилик кўрсатса, Аллоҳдан мадад сўраб, улар билан уруш олиб бор. Уларга қанча мадад келса, биз сизларга ҳам шунча мадад юборамиз», деди. Бир ривоятда: «Сиз кабилар одам камлигидан енгилмайди, балки ўн минглаб жангчиларга эга қўшин фақат гуноҳлари туфайли енгилиши мумкин. Шундай экан, гуноҳлардан сақланинглар! Ярмукда йиғилинглар, бир-бирингизга таянч бўлинглар, ҳар бирингиз ўз одамларига имом бўлиб намоз ўқисин». Сиддиқ барча қўшинларни йиғиб, бир қўшин ҳолига келтиришга ва мушрикларга қарши бир ёқадан бош чиқариб жанг олиб боришга кўрсатма берди. Мактубида уларга: «Сизлар Аллоҳнинг ёрдамчиларисиз, Аллоҳ ўз динига ёрдам берганларга ёрдам беради, уни ёрдамсиз қолдирганларни ёрдамсиз қолдиради», деди[2].

Сиддиқнинг мактубларини синчиклаб кўздан кечирсак, ғалабани энг аввал Аллоҳга итоатда бўлишга, мағлубиятни эса гуноҳ ва маъсиятлар қилишга боғлаганини кўрамиз. Абу Бакр Сиддиқ душман исломий қўшинларнинг ҳар ерда тарқоқ ҳолда эканидан фойдаланиб қолмаслиги ва уларга якка-якка ҳужум қилиб, мағлубиятга учратмаслиги учун барча қўшинларни бир ерга йиғди. Қўшинларнинг йиғилиш жойи этиб Ярмукни танлаши Сиддиқнинг минтақа жуғрофиясини яхши билганини кўрсатади.

Халифа Сиддиқ вазиятни диққат билан кузатиб, Холид ибн Валид ўз қўшини билан Шомга келиши ва бирлашган қўшинлар бош қўмондонлигини ўз қўлига олиши керак, деган қарорга келди. Зеро, Шомдаги вазият қўшинлар бир қўмондон қўли остида жамланишини тақозо этаётган эди. Бу қўмондонда Абу Убайданинг куч-қудрати, Амр ибн Оснинг даҳоси, Икриманинг жанговар тажрибаси, Язиднинг паҳлавонлиги жамланган бўлиши керак эди. Сиддиқнинг танлови Холид ибн Валидда тўхтади. Ироққа мактуб йўллаб, Холидни бу қароридан бохабар этди. Холид халифанинг амрига кўра ўз қўшини билан Шомга етиб келди. Унинг бепоён саҳро оралаб кечган, тарихда мисли кўрилмаган жасоратли бу сафари ҳақида юқорида айтиб ўтилди.

Абу Бакр Сиддиқ душманнинг тактик, маънавий ва моддий услубларига жавобан илғор режаларни тузар экан ва унинг мадад кучлари бирин-кетин Шомга етиб келар экан, душман Сиддиқни ўзи билан ўзини овора қилиб қўйишга интилар эди. Рум қўмондонлари: «Қасамки, Абу Бакрни ўзи билан овора қилиб қўямиз ва уни бизнинг ерларга от солдириш режасидан воз кечишга мажбур қиламиз», дейишганди. Сиддиқнинг жавоби бундай бўлган эди: «Аллоҳга қасамки, мен Холид ибн Валид воситасида насороларнинг эсини киритиб қўяман ва уларни ўзлари билан овора қилиб қўяман»[3].

Абу Бакр Сиддиқ Холидга Шомга йўл олишни ва у ердаги бирлашган қўшинлар бош қўмондонлигини ўз қўлига олишни буюргач, Абу Убайдага ҳам мактуб йўллаб, Холидни бош қўмондон этиб тайинлаганидан уни бохабар қилди ва уни Холидга сўзсиз итоат этишга буюрди. Холиднинг тайин этилиши сабабини очиқлаб деди: “Аммо баъд. Мен Холидни Шомдаги қўшинларга бошлиқ этиб тайинладим. Сен унга итоат эт. Мен уни сенинг устингдан амир қилдим, ваҳоланки сенинг ундан яхши эканингни биламан. Лекин мен унинг ҳарбий салоҳиятини сеникидан устун деб билдим. Аллоҳ сени ва бизни тўғриликдан адаштирмасин. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”[4].

Холид ибн Валид ҳам Шомдаги биродари Абу Убайдага мактуб йўллади. Унинг мактуби олис Ироқдан Шомга узоқ масофаларни босиб келди. Холиднинг қалбида комил иймон ва бу фоний дунёга зоҳидлик мустаҳкам ўрнашган эди. Бу унинг мактубида ҳам кўринади: “Абу Убайда ибн Жарроҳга Холид ибн Валиддан. Ассалому алайкум. Ягона ва шериксиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Аммо баъд. Мен Аллоҳдан сизу бизга қиёмат кунида омонлик ва бу дунёда софлик сўрайман. Менга Расулуллоҳнинг халифасидан мактуб келди. У мактубида мени Шомга боришга ва Шом лашкарига бош бўлишга буюрмоқда. Аллоҳга қасам, мен буни ундан сўрамаган эдим ва шундай бўлишини истамаган эдим. Аллоҳ сизни ўз раҳматига олсин, сиз ҳозирги ҳолингизда амрингизга барча итоат этадиган, ҳеч ким фикрингизга қарши чиқмайдиган улуғ шахсият эгасисиз, мусулмонларнинг саййидларидансиз. Сизнинг фазлингизни эътироф этамиз ва фикрларингиздан беҳожат бўлмаймиз. Аллоҳ сизу бизга эҳсону неъматларини мукаммал этсин, сизу бизни жаҳаннам азобидан сақласин. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”[5].

Мактубни келтирган чопар Холиднинг Шомдаги мусулмонларга ёзган бир мактубини ҳам олиб келган эди. Унда шу сўзлар бор эди: «Аммо баъд. Мен барчамизни Ислом билан азиз этган ва ўз динига мушарраф этган, пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бизни икром этган, иймон билан бошқалардан афзал қилган Раббимиз Аллоҳдан сизу биздаги неъматларини комил қилишини сўрайман. Аллоҳнинг бандалари! Аллоҳга шукр қилинг, шунда У неъматларини янада зиёда этади. Ундан офиятини сўранг, давомли қилади. Мудом шукр қилувчилардан бўлинг. Расулуллоҳнинг халифаси менга мактуб юбориб, сизларнинг ёнингизга боришни буюрди. Мен одамларимни олиб, йўлга чиқиш ҳаракатидаман. Хурсанд бўлинглар, Аллоҳ албатта ваъдасининг устидан чиқади, Ўзи беҳисоб ажру савоблар ато этади. Аллоҳ сизу бизни иймонда бардавом қилсин, Исломда мустаҳкам қилсин, мужоҳидларга берадиган ажрларидан баҳраманд этсин. Вассалому алайкум»[6].

Холиднинг чопари Амр ибн Туфайл ибн Амр ал-Аздий бу икки мактубни келтириб, Холид ибн Валиднинг хитобини халққа ўқиб эшиттирди, Абу Убайдага аталган мактубни унинг қўлига берди. Ўшанда мусулмонлар Жобияда эдилар. Абу Убайда мактубни ўқигач: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам халифасининг раъйини Аллоҳ баракотли қилсин, Холид соғ-саломат келиб олсин”, деб дуо қилди.

Бу икки буюк шахснинг бир-бирига бўлган бу муносабати соф тавҳид асосига қурилган ва мақтовли ахлоқ пардалари билан ўралган биродарлик мазмун-моҳиятини очиб беради. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бир-бирлари билан ана шундай биродар эдилар. Холиднинг нафси Ироқдаги фатҳ ва зафарли юришлари ҳамда халифанинг юксак ишончига сазоворлиги сабабли ўзгариб қолмади, у биродарларига нисбатан ўзида катталик ҳис қилмади, балки фазл эгасининг фазилатини эътироф этди, кейинроқ қайта амир этиб тайинланган Абу Убайда ибн Жарроҳга сўзсиз итоат этди. Бунинг муқобилида кўрамизки, Абу Убайда ҳам Холиднинг ўз устига амир этиб тайинланишини муборакбод этди ва Холиднинг ҳаққига дуолар қилиб, уни чиройли кутиб олди. Бу эса Холиднинг ҳам, Абу Убайданинг ҳам нафс истакларидан ўзларини бутунлай устун тутишганига, уммат манфаатини биринчи ўринга қўйишганига ва ишларида ёлғиз Аллоҳнинг розилигини исташганига далолат қилади. Бу ҳодисада ҳукуматлар, ҳаракатлар, раҳбарлар, даъватчилар, қўмондонлар учун ва умуман бутун уммат учун ишга тайин этиш ва ишдан бўшатиш ҳолларида ўзаро муомалага тегишли жуда катта дарс бор.

 

[1] Аҳмад Муҳаммад. «Ҳуруб ал-Ислом фиш-Шом», 45-бет.
[2] «Тарихи Табарий», 4/211.
[3] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 7/5.
[4] «Мажмуат ал-васоиқ ас-сиёсийя», 392-бет.
[5] Аввалги манба, 293-бет.
[6] Аздий. «Футуҳ аш-Шом», 68-72 бетлар.

Изоҳ қолдиринг