Намоз: Намозда ўқиладиган дуолар

0
  1. Сўнг тўрт нарсадан Аллоҳдан паноҳ тилайди

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бирингиз охирги (қаъдада) ташаҳҳуд (ва салавотларни айтиш)дан фориғ бўлса, тўрт нарсадан: жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, ҳаёт ва ўлим фитнасидан, Масиҳ Дажжол ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрасин»[1].

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ جَهَنَّمَ، وَمِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَحْيَا وَالْمَمَاتِ، وَمِنْ شَرِّ الْمَسِيحِ الدَّجَّالِ

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний аъуузу бика мин азааби жаҳаннам, ва мин азаабил қабр, ва мин фитнатил маҳйаа вал-мамаат, ва мин шаррил Масийҳид-Дажжаал».

Охирги қаъда сўнггида мазкур тўрт нарсадан паноҳ тилаш вожиб деган уламолар ушбу ҳадисни далил қилишган. Шу фикр тўғрироқдир.

Намозда ўқиладиган дуолар

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга намозимда (яъни саждада ёки саломдан олдин) айтадиган бирон дуо ўргатинг», деди. У зот айтдилар: «Эй Аллоҳ, мен ўзимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақат Сен мағфират қиласан. Шундай экан, Ўзингнинг ҳузурингдан бўлган улуғ мағфират билан гуноҳларимдан ўт. Менга раҳматингни ато эт. Зеро, Сен мағфират этувчи ва раҳмли зотсан», деб айтинг»[2].

اللَّهُمَّ إنِّي ظَلَمْتُ نَفْسِي ظُلْمًا كَثِيرًا، ولَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إلَّا أنْتَ، فَاغْفِرْ لي مَغْفِرَةً مِن عِندِكَ، وارْحَمْنِي إنَّكَ أنْتَ الغَفُورُ الرَّحِيمُ

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийро. Ва лаа яғфируз зунууба иллаа анта. Фағфирлий мағфиротам мин индик. Варҳамний. Иннака антал ғофуурур роҳийм».

  1. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда бундай дуо қилар эдилар: «Эй Аллоҳ, мен Сендан қабр азобидан, Масиҳ Дажжол фитнасидан, ҳаёт ва ўлим фитнасидан паноҳ тилайман. Эй Аллоҳ, мен Сендан гуноҳ ишлардан ва қарздан паноҳ тилайман»[3].

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِن عَذَابِ القَبرِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِن فِتنَةِ المَسِيحِ الدَّجَّالِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِن فِتنَةِ المَحيَا وَالمَمَاتِ، اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِن المَغرَمِ وَالمَأثَمِ

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний аъуузу бика мин азаабил қобр, ва аъуузу бика мин фитнатил Масийҳид Дажжал, ва аъуузу бика мин фитнатил маҳйаа вал-мамаат. Аллоҳумма инний аъуузу бика минал мағроми вал-маъсам».

  1. Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у одамларга намозда имомга ўтар экан, намозни (одатдагидан) қисқароқ ўқийди. Одамлар бунга эътироз билдиришади. Шунда Аммор уларга: «Намознинг руку ва саждаларини тўлиқ қилиб ўқимадимми?!» дейди. Одамлар: «Йўқ, (тўлиқ қилиб ўқидингиз)», дейишади. Аммор айтади: «Мен (намозни тўлиқ ва хотиржам ўқишимдан ташқари) унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қиладиган дуони ҳам ўқидим. У дуо қуйидагича: «Эй Аллоҳ, ғайбни билишинг ва махлуқотлар устида жорий бўлувчи мутлақ қудратингни восита қилиб сўрайман, агар тирик қолишимда мен учун яхшилик бўлса, мени ҳаётда қолдир, агар вафот этишим яхши бўлса, жонимни ол. Эй Аллоҳ, менга одамлар кўз ўнгида ҳам, хилватда ҳам Ўзингдан қўрқишни, ғазаб ҳолимда ҳам, розилик ҳолимда ҳам фақат ҳақ сўзни айтишни насиб айла. Сендан камбағалликда ҳам, бойликда ҳам тўғри йўлда бўлишни (тушкунликка тушмасликни ёки ҳаддан ошмасликни) насиб этишингни сўрайман. Сендан битмас-туганмас (жаннатдаги) роҳатни сўрайман. Сендан узлуксиз хурсандчилик (ёхуд орзу-умидларимни рўёбга чиқаришингни, тоат-ибодатли зурриётлар) ато этишингни сўрайман. Сендан менга бирон ишни тақдир қилганингдан кейин қадаримга рози бўлишни, ўлимдан кейин роҳат-фароғатли ҳаёт насиб этишингни сўрайман. Сендан улуғ юзингга қараш лаззатини сўрайман. Менга зарар берадиган бирон меҳнат-машаққатсиз, адаштирадиган бирон фитналарсиз қиёматда Сен билан учрашишга бўлган шавқ-муҳаббат насиб этишингни сўрайман. Эй Аллоҳ, бизларни иймон либоси билан зийнатла, бизларни ўзгаларни ҳидоятга бошлайдиган ва ўзлари ҳидоят топганлардан қил»[4].

اللهمَّ بعِلْمِكَ الغيبَ وقُدْرَتِكَ عَلَى الخلَقِ، أحْيِني ما علِمْتَ الحياةَ خيرًا لِي، وتَوَفَّنِي إذا عَلِمْتَ الوفَاةَ خيرًا لي، اللهمَّ إِنَّي أسألُكَ خشْيَتَكَ في الغيبِ والشهادَةِ، و أسأَلُكَ كَلِمَةَ الْحَقِّ فِي الرِّضَا والغضَبِ، وأسألُكَ القصدَ في الفقرِ والغِنَى، وأسألُكَ نعيمًا لَا ينفَدُ، وأسالُكَ قرَّةَ عينٍ لا تنقَطِعُ، وأسألُكَ الرِّضَى بعدَ القضاءِ وأسألُكَ برْدَ العيشِ بعدَ الموْتِ، وأسألُكَ لذَّةَ النظرِ إلى وجهِكَ، والشوْقَ إلى لقائِكَ في غيرِ ضراءَ مُضِرَّةٍ ولا فتنةٍ مُضِلَّةٍ، اللهم زيِّنَّا بزينَةِ الإيمانِ، واجعلنا هُداةً مهتدينَ

Ўқилиши: «Аллоҳумма би илмикал ғойба ва қудротика алал холқи аҳйиний маа алимтал ҳайаата хойрон лий, ва таваффаний иза каанатил вафаату хойрон лий. Аллоҳумма инний асъалука хошятака фил ғойби ваш-шаҳаада, ва асъалука калиматал ҳаққи фил-ғозоби вар-ризо, ва асъалукал қосда фил-фақри вал-ғинаа. Ва асъалука наъийман лаа янфад, ва асъалука қуррота айнин лаа танқотеъ, ва асъалукар-ризо баъдал-қозо, ва асъалука бардал айши баъдал-мавт, ва асъалука лаззатан назори ила важҳик. Ва асъалукаш-шавқо илаа лиқооик фий ғойри зорроа музирротин ва лаа фитнатин музиллатин. Аллоҳумма заййиннаа би зийнатил иймаан, важъалнаа ҳудаатан маҳдиййийн».

  1. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлиқиб, бундай дедилар: «Мен сенга бир неча сўзларни тайинлайманки, сен уларни ҳар намозда айтиб юрасан: «Эй Аллоҳ, Сени зикр қилишимда ҳамда Сенга шукр ва чиройли ибодат қилишимда менга ёрдам бер»[5].

Бошқа бир ривоятда: «Мен сени яхши кўраман. Ушбу сўзларни ҳар намоз ортидан айтишни канда қилма…»[6], деб келган.

اللَّهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ، وَشُكْرِكَ، وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ

Айтилиши: «Аллоҳумма аъинний алаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ибаадатик».

  1. Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқисалар, ташаҳҳуд (ва салавот) билан салом ўртасида айтадиган охирги гаплари қуйидагилар бўлар эди: «Эй Аллоҳ, шу пайтгача қилган ва келгусида мендан содир бўлажак гуноҳларимни, махфий ва ошкора қилган гуноҳларимни, ҳаддимдан ошиб қилган гуноҳларимни ва мен билмаган, фақат Сен ўзинг биладиган гуноҳларимни мағфират қил. Зеро, Сен истаган бандангни (ёхуд нарсани) олдинга ўтказувчи, истаган бандангни (ёхуд нарсани) ортга сурувчидирсан. Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир»[7].

اللَّهمَّ اغفِرْ لي ما قدَّمْتُ وما أخَّرْتُ وما أسرَرْتُ وما أعلَنْتُ وما أسرَفْتُ وما أنت أعلَمُ به منِّي أنتَ المُقدِّمُ وأنتَ المُؤخِّرُ لا إلهَ إلَّا أنتَ

Ўқилиши: «Аллоҳумма иғфирлий маа қоддамту ва маа аххорту, ва маа асрорту ва маа аъланту, ва маа асрофту ва маа анта аъламу биҳий минний. Антал муқоддиму ва антал муаххир. Ла илааҳа иллаа анта».

  1. Абу Солиҳ саҳобалардан бўлган бир кишидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишига айтдилар: «Намозда нима дейсан?» Ҳалиги киши деди: «Ташаҳҳуд (ва салавот)ни ўқийман. Сўнг «Эй Аллоҳ, мен Сендан жаннатга киритишингни, дўзахдан паноҳ беришингни сўрайман», деб дуо қиламан. Сизга ва Муозга ўхшаб пичир-пичир қилиш қўлимдан келмайди». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биз ҳам шу икки жумла (Аллоҳдан жаннатни сўраш ва дўзахдан паноҳ тилаш) атрофида пичир-пичир қилиб дуо қиламиз»[8].

اللَّهمَّ إنِّي أسألُكَ الجنَّةَ وأعوذُ بِكَ منَ النَّارِ

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний асъалукал жанната ва аъуузу бика минан наар».

  1. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик. Бир киши тик туриб намоз ўқиётган эди. Руку (ва сажда) қилиб, ташаҳҳуд (ва салавотлар)ни айтиб бўлгач, бундай деб дуо қилди: «Эй Аллоҳ, мен Сенинг барча ҳамду санога ҳақли ягона зот эканингни, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ бўлган Маннон – инъом этувчи зот эканингни, осмонлар ва ерни йўқдан бор этувчи эканингни ўртага қўйиб сўрайман. Эй улуғлик, саховат ва карам соҳиби, эй Ҳай ва Қайюм (доимий тирик ва махлуқотларини бошқарувчи зот), мен Сендан жаннатни сўрайман ва дўзахдан паноҳ тилайман». Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима билан дуо қилганини биласизларми?» дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқдир», дейишди. У зот айтдилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у Аллоҳга улуғ (бир ривоятда: «энг улуғ») исми билан дуо қилди. Бу шундай исмки, ким Аллоҳга у билан дуо қилса, дуосини мустажоб қилади, ким у билан сўраса, беради»[9].

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ بِأَنَّ لَكَ الْحَمْدَ، لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ الْمَنَّانُ بَدِيع السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ يَا ذَا الْجَلالِ وَالإِكْرَامِ، يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ، إِنِّي أَسْأَلُكَ الْجَنَّةَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний асъалука бианна лакал ҳамда, лаа илаҳа иллаа антал Маннаан, бадеъус самааваати вал арзи, йаа зал-жалаали вал-икром, йаа Ҳайю, йаа Қоййуум, инний асъалукал-жанната ва аъуузу бика минан-наар».

  1. Ҳанзала ибн Али Миҳжан ибн Адраъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар. Қарасалар, бир киши намозини тугатаёзган, ташаҳҳуд (ва салавотлар)ни ўқиб бўлиб (қуйидагича) дуо қилар эди: «Эй Аллоҳ, эй Воҳид, Аҳад (яккаю ягона) ва Самад (ҳукмронлиги ҳар томонлама тўлиқ ва комил бўлган, ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган, аксинча, барча мавжудот унга муҳтож) бўлган Зот, эй туғмаган ва туғилмаган, мукаммал ва гўзал исмлари, сифатлари ва ишларида ҳеч нарса унга ўхшаш бўлмаган Зот, гуноҳларимни мағфират этишингни сўрайман. Зеро, Сен мағфират этувчи ва раҳмли Зотсан». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шубҳасиз, унинг гуноҳлари мағфират этилди, шубҳасиз, гуноҳлари мағфират этилди»[10].

اللَّهمَّ إنِّي أسألُكَ يا اللَّهُ الواحدُ الأحدُ الصَّمدُ، الَّذي لم يَلِدْ ولم يولَدْ ولم يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ، أن تغفِرَ لي ذُنوبي، إنَّكَ أنتَ الغَفورُ الرَّحيمُ

Ўқилиши: «Аллоҳумма инний асъалуку йаа Аллоҳул Воҳидул Аҳадус Сомад, аллазий лам ялид ва лам ювлад ва лам якун лаҳуу куфуван аҳад, ан тағфиро лий зунуубий. Иннака антал Ғофуурур Роҳийм».

  1. Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлардан бирида «Эй Аллоҳ, мени енгил ҳисоб-китоб қил», деганларини эшитдим»[11].

اللَّهُمَّ حَاسِبْنِي حِسَابَاً يَسِيرَاً

Ўқилиши: «Аллоҳумма ҳаасибний ҳисаабан ясийро».

Эслатма:

Намозда ҳадисларда келмаган дуоларни айтиш жоизми?

Намозда дунё лаззатларига эришишни қасд қилмасдан, балки Аллоҳга ибодат қилиш мақсадида ҳадисларда келмаган дуоларни айтиш жоиздир. Бу борада уламолар ихтилоф қилишмаган. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўнг яхши дуолар айтсин», деганлар. Шунингдек, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисда «Саждада эса кўп дуо қилинглар», дея мутлақ тарзда дуо қилишга тарғиб қилганлар.

Аммо инсон намозда дуо қилар экан, дунё лаззатлари ва матосини сўрашига ёки муайян шахслар ҳаққига дуо ёки дуойибад қилишига келсак, бу борада ихтилоф бор. Шофеий мазҳабига кўра, бундай дуо қилиш мутлақ жоиздир. Ҳанбалий мазҳабига кўра, дунё лаззатларини сўраш жоиз эмас бўлса, муайян шахслар ҳаққига дуо қилиш хусусида икки хил қараш мавжуд.

Тўғрироф фикрга кўра, юқорида келтирилган ҳадислар умумийлигидан келиб чиқиб, мазкур ишларнинг барчасини сўраб намозда дуо қилиш жоиздир. Ўтган ҳадисларга қўшимча, қуйидаги ҳадислар ҳам фикримизни қувватлайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сўнг кўнглига келган дуолар билан ўз ҳаққига дуо қилади»[12]. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам муайян шахслар ҳаққига дуо қилиб: «Эй Аллоҳ, Валид ибн Валидга нажот бер…»[13], деган бўлсалар, бошқа бир инсонларни намозда дуойибад қилиб: «Эй Аллоҳ, Риъл ва Заквон қабилаларини лаънатла…»[14], деганлар.

[1] Муслим (588), Абу Довуд (983), Насоий (3/58), Ибн Можа (909) ривояти.
[2] Бухорий (834, 3626), Муслим (2705), Термизий (3531), Насоий (3/53), Ибн Можа (3835) ривояти.
[3] Бухорий (832, 2397), Муслим (589), Абу Довуд (880), Термизий (3495), Ибн Можа (3838) ривояти.
[4] Саҳиҳ. Насоий (3/54), Ҳоким (1/524) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган. Шунингдек, ҳадисни Шайх Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (1301) саҳиҳ деган.
[5] Саҳиҳ. Аҳмад (5/247), Табароний («Ал-кабир», 20/125) ривояти.
[6] Саҳиҳ. Насоий (3/53), Абу Довуд (1522) ривояти.
[7] Муслим (771), Абу Довуд (760), Насоий (2/132) ривояти.
[8] Саҳиҳ. Аҳмад (3/474), Абу Довуд (792), Ибн Можа (910) ривояти.
[9] Саҳиҳ. Абу Довуд (1495), Аҳмад (3/245), Бухорий («Ал-адаб ал-муфрад», 705) ривояти.
[10] Саҳиҳ. Абу Довуд (985), Насоий (3/52), Аҳмад (4/338), Ибн Хузайма (724) ривояти.
[11] Ҳасан. Аҳмад (6/48, 185), Ибн Хузайма (849), Ҳоким (1/57) ривояти. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган, Заҳабий унинг фикрини маъқуллаган. «Мишкот ал-масобийҳ», 5562.
[12] Насоий (3/58) саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
[13] Бухорий (804, 4560), Муслим (675) ривояти.
[14] Бухорий (1003), Муслим (677), Абу Довуд (1070) ривояти.

Изоҳ қолдиринг